“Аския” бозори экобозорга айлантирилади

Аския бозор қайта қурилади

Яккасарой туманидаги “Аския” бозори қайта қурилади. Лойиҳа қиймати 150 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, экобозор, яшил ҳудуд ва меҳмонхона барпо этишни ўз ичига олади. Бозорнинг ҳудуди аукционга қўйилди, савдолар 20 декабрь куни ўтказилиши режалаштирилган.

16 ноябрь куни Яккасарой тумани ҳокимлиги “Аския” бозорини реконструкция қилиш лойиҳасини тақдим этди. Ҳокимият фикрига кўра, бозорнинг очиқ осмон остида жойлашган савдо қаторлари ва автотураргоҳнинг етишмаслиги мижозларга ноқулайлик туғдирмоқда. Шу сабабли бозорни замонавийлаштириш зарур. Бунинг учун майдони қарийб 2 гектар бўлган бозор ҳудуди аукционга қўйилган. Ҳокимият маълумотига кўра, лойиҳага 150 миллион долларлик хорижий инвестициялар жалб қилинади.

Реконструкциядан сўнг “Аския” ёпиқ экобозорга айланади. Бозорда савдо маркази, яшил ҳудуд ва 4 юлдузли меҳмонхона қурилади. Янги мажмуа камҳаракат инсонлар учун қулайликлар, велосипед йўлаклари, Wi-Fi ҳудудлари ва 400 ўринли автотураргоҳ билан таъминланади. Ҳокимият маълумотига кўра, лойиҳа доирасида 1000 га яқин иш ўрни яратилади, туман аҳолиси ва сайёҳлар учун қулайликлар яратилади. Қайта қуриш ишлари давомида бозор ўз фаолиятини тўхтатмайди.