
«Ўзбекконцерт» давлат муассасасида ижодкорлар учун йиғилиш ўтказилиб, унда маданий-маърифий фаолият ва санъаткорларнинг хулқ-атвори муҳокама қилинди. Бу ҳақида Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов, «Ўзбекконцерт» раҳбарияти, Диний ишлар бўйича қўмита матбуот котиби Илҳом Маруфов ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари иштирок этди.
Кун тартибида фуқаролар виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясига оид янги қабул қилинган қонун, санъаткорлар учун лицензия олиш тартиби, муаллифлик ҳуқуқларига риоя қилиш каби масалалар кўриб чиқилди.
«Ўзбекконцерт» вакиллари ижрочиларга концерт-томоша фаолиятида белгиланган талабларга риоя қилиш ва бу соҳада муайян динни тарғиб қилишга йўл қўйилмаслигини тушунтирди.
Шунингдек, қонунларга қатъий риоя қилиш, хорижда мамлакат обрўсини ҳимоя қилиш, одоб-ахлоқ, маданият ва миллий қадриятларга амал қилиш зарурлиги таъкидланди. Лицензия ва рухсатнома талабларини бузган санъаткорлар текширувдан ўтиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилди.
Баҳодир Аҳмедов миллий анъаналар, қадриятлар ва урф-одатларга ҳурмат билан ёндашиш, дабдабани, ҳашаматли ҳаёт тарзини намойиш қилишдан воз кечиш ва жамоатчилик эътиборини тортувчи ноўрин хатти-ҳаракатлардан қочиш муҳимлигини қайд этди.
Шунингдек, у қўшиқлар мазмунига эътибор қаратиш кераклигини, муаллифлик ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари кузатилаётганини таъкидлади.
Маданият вазирлиги вакили санъаткорлар Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳидаги қўшиқлар сонини кўпайтириши ҳамда ёш авлод учун намуна бўлиши лозимлигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил март ойида Баҳодир Аҳмедов «Ўзбекконцерт» йиғилишида санъаткорларнинг ижодий даражасини танқид қилган, уларнинг вазирлик фаолиятини муҳокама қилишини нотўғри деб баҳолаган ва санъаткорлар менталитетга мос қўшиқлар ёзишлари кераклигини айтган эди.
Шунингдек, 2023 йил декабрида Маданият вазири Озодбек Назарбеков маданиятни «ушлаб туриш керак бўлган қуш» деб таърифлаб, тўлиқ эркинлик вайроналарга олиб келиши мумкинлигини таъкидлаган эди.