АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти бир нечта Осиё давлатлари, шу жумладан, Ўзбекистондан чиққан мигрантларни Панамага депортация қилгани ҳақида New York Times ва Reuters нашрлари хабар бермоқда.
АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли самолёт 2025 йил 12 февраль кечқурун Калифорниядан учиб чиққан. Унинг бортида 119 киши, шу жумладан, Ўзбекистон, Афғонистон, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Покистон ва Туркия каби давлатлардан бўлган оилалар ва шахслар бўлган.
Панама президенти Хосе Рауль Мулино мигрантларнинг мамлакатга келганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, улар меҳмонхонага жойлаштирилган ва кейинроқ Колумбия чегарасидаги Дарьен вилоятидаги бошпаналарга кўчирилади. У ердан улар АҚШ маблағлари эвазига молиялаштириладиган рейслар орқали ўз ватанига қайтарилади. Жараён БМТнинг Халқаро миграция ташкилоти назорати остида амалга оширилмоқда.
Ушбу рейс Панама ва АҚШ ҳукуматлари ўртасидаги битим доирасида амалга оширилган илк депортация парвози бўлди. Ушбу келишув АҚШга бошқа давлат фуқароларини марказий Америка мамлакатига депортация қилиш ҳуқуқини беради. Президент Мулинонинг маълум қилишича, умумий ҳисобда АҚШ Панамага 360 кишини депортация қилади. Ҳозирда яна иккита ҳарбий самолёт рейси кутилаётгани, бироқ уларнинг санаси ҳали номаълумлиги қайд этилган.
Панама Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, келган мигрантлар АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтгандан сўнг қўлга олинган ва уларда жиноий жазо ҳукмлари мавжуд эмас.
CBS News хабарига кўра, АҚШ ҳукумати Африка ва Осиёдан бўлган мигрантларни депортация қилишда узоқ масофаларни босиб ўтиш зарурати ҳамда айрим давлатларнинг АҚШ депортация рейсларини қабул қилишдан бош тортиш сабабли қийинчиликларга дуч келмоқда.
Мигрантлар келиб чиққан давлатлар ўз фуқароларини ортга қабул қилишга иштиёқсиз эканлиги ҳақида New York Times ҳам ёзган.
Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси ходими Gazeta.uz нашрига берган изоҳида New York Times томонидан Ўзбекистон АҚШ ҳукумати билан депортация масаласида ҳамкорлик қилмаяпти, деган иддаоларни «катта қоралаш» деб атади.
«Аксига, Ўзбекистон АҚШ учун ишончли ва фаол шерик бўлиб қолмоқда ҳамда депортация сўровларига жавоб бериш каби икки томонлама муносабатлар доирасида яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда», — деди у.
«Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати АҚШ ҳукуматлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, АҚШга ноқонуний кириб келган ўз фуқароларининг депортациясига кўмаклашиб келмоқда. Бу масала президент Трамп ва унинг янги маъмурияти учун устувор аҳамият касб этар экан, биз яқинда Ўзбекистон ҳукумати билан ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларимизни янада кучайтирдик», — деди АҚШ элчихонаси вакили.
2023 йил декабрь ойида АҚШ ноқонуний равишда мамлакатга кирган 119 нафар Ўзбекистон фуқаросини қайтарган. АҚШ элчихонаси Ўзбекистон фуқароларини Америкага саёҳат қилиш учун «хавфсиз ва қонуний» йўлдан фойдаланишга чақирар экан, ноқонуний равишда кирганлар «тезда чиқариб юборилишини» таъкидлаган. Шунингдек, АҚШ элчихонаси ўзбекистонликларнинг АҚШда қонуний қолиш ҳуқуқи бўлмаган тақдирда уларни чиқариб юбориш бўйича Ўзбекистон ҳукумати билан «яқин ҳамкорлик» олиб бораётганини билдирди.