Андижон чорраҳаларидаги 52 та камерага ўқ узган эркак ижтимоий тармоқларда қаҳрамон деб аталмоқда

49 ёшли эркак М. С. пневматик милтиқдан ўқ узиб, Андижон шаҳридаги 29 та чорраҳада ўрнатилган ЙҲҚ бузилишларини фото ва видео қайд этувчи 51 та камера ҳамда 1 та радар мажмуасини йўқ қилган. Бу ҳақида Ўзбекистон ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати хабар берди.

Hikvision брендидаги камералар TELECOM SOFT компаниясига тегишли бўлиб, унинг муассислари орасида «Ўзбектелеком» ҳам мавжуд.

Баҳога кўра, етказилган моддий зарар 1,147 миллиард сўмни ташкил этган.

Андижон шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими Жиноят кодексининг 173-моддаси 2-қисми «в» банди (бошқа шахс мулкини қасддан йўқ қилиш ёки шикастлаш, катта миқдорда зарар етказиш) бўйича жиноят иши қўзғатди. Бу модда 75 дан 100 гача базавий ҳисоблаш миқдори миқдорида жарима ёки 300 дан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода эркак ўзи 52 та камерани йўқ қилганини айтади. Унга кўра, унинг автомобили жарима майдончасида турибди.

У унда бир миллиард йўқлигини айтиб, одамлардан ёрдам сўрайди ва карта рақамини қолдиришини айтган.

Видео остидаги изоҳларда уни «халқ қаҳрамони», «эркак», «молодец» деб аташмоқда, «респект» билдиришмоқда, тўғри қилганини ёзишмоқда, у учун дуо қилишмоқда ва Худодан барака сўрашмоқда.