
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 20 январь куни Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий марказлари ва клиникалари фаолиятини ўрганиш натижалари ҳамда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
2025 йилнинг сентябрь-декабрь ойларида ишчи гуруҳлар томонидан Республика даражасидаги 37 та тиббиёт маркази ва клиникаси фаолияти комплекс ўрганилди. Текширув давомида ташкилий ва бошқарув камчиликлари аниқланди.
Уларни бартараф этиш учун 27 банддан иборат ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилди. Ушбу режа қуйидагиларни қамраб олади:
- тиббий хизмат сифатини ошириш;
- ҳудудлар билан ишлашни тизимлаштириш;
- бошқарув тизимини такомиллаштириш;
- кадрлар ва илмий-тадқиқот фаолияти;
- молиявий интизомни мустаҳкамлаш;
- ресурслардан янада самарали фойдаланиш.
Жамоат соғлиқни сақлаш тизими, соғлиқни сақлашни режалаштириш ва миллий лаборатория тизимини ислоҳ қилиш бўйича техник шартлар ишлаб чиқилди. Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун 25 та халқаро ва 19 та маҳаллий экспертни жалб этиш режалаштирилган.
Алоҳида тартибда Республика онкология ва радиология маркази ҳамда унинг ҳудудий филиалларини модернизация қилиш масалалари кўриб чиқилди.
2021 йилда Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган «Ўзбекистон Республикаси онкология муассасаларини модернизация қилиш (II босқич)» лойиҳаси доирасида марказнинг янги мажмуаси ва унинг 13 та филиали учун 61 млн долларлик 119 турдаги тиббий асбоб-ускуналар сотиб олинган эди. Қўшимча равишда 5,6 млн долларлик яна 5 турдаги ускуналар харид қилиш режалаштирилмоқда.
Яна қўшимча 10 млн доллар маблағ жалб қилиш ҳисобига марказ учун 80 номдаги 1027 та тиббий асбоб-ускуналар, шунингдек, радиофармацевтик препаратлар ишлаб чиқариш учун циклотронлар ва радиосинтез лабораториясини сотиб олиш таклиф этилмоқда.
2025 йилнинг сентябрь ойида Шавкат Мирзиёев 5 та тиббиёт марказига хорижий профессионал менеджерларни жалб қилиш ёки уларни чет эл клиникалари бошқарувига бериш имкониятини ўрганишни топширган эди. Ўшанда турк мутахассислари ишлаётган Республика онкология марказидаги тажриба муваффақиятли мисол сифатида қайд этилганди.