2025 йил 28 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий соҳадаги, жумладан, соғлиқни сақлаш тизимидаги давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худояров «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида мамлакатда тиббиёт соҳасига инвестициялар киритиш учун қулай шароитлар яратилганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, стоматология бозорининг 90%, ЛОР хизмати бозорининг 75% ва лаборатория хизматлари бозорининг 50% хусусий бизнес ҳиссасига тўғри келади.
Вазирнинг қайд этишича, давлат-хусусий шерикликни жорий этиш инвестицияларни жалб қилиш ва тиббий хизматлар сифатига ижобий таъсир кўрсатади.
«Республикада 24 та ихтисослаштирилган тиббиёт маркази фаолият юритади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда ўтказилган таҳлилга кўра, беморлар давлат клиникаларида ўртача 10−12 кун, хусусий клиникаларда эса 5−7 кун даволанади. Шунингдек, давлат муассасаларида ходимлар сони хусусий клиникаларга қараганда кўпроқ», — деди вазир.
Президент топшириғига биноан, Осиё тараққиёт банки консультантлари билан ҳамкорликда бешта йирик ихтисослаштирилган тиббиёт маркази бошқарувини хусусий секторга бериш бўйича халқаро тендер ўтказиш режалаштирилмоқда.
«Натижада ушбу марказларда бошқарув тизимини модернизация қилиш имкони яратилади», — деди Худояров.
Унинг маълум қилишича, 2020—2024 йилларда давлат-хусусий шериклик доирасида соғлиқни сақлаш соҳасига 59,7 миллион доллар инвестиция киритилган. 2025 йилда 1,33 миллиард долларлик 7 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.
Хусусан, Тошкент, Фарғона, Бухоро, Андижон ва Самарқандда замонавий кўп тармоқли клиникалар қуриш режалаштирилган.
Шунингдек, хусусий секторга марказий поликлиникаларнинг тиббий фаолиятга алоқадор бўлмаган хизматларини топшириш кўзда тутилган. Беморларни озиқ-овқат билан таъминлаш, кир ювиш, ускуналарга хизмат кўрсатиш ва хавфсизлик каби аутсорсинг хизматлари оилавий, кўп тармоқли ва марказий шифохоналарда татбиқ этилади.
«Бу давлат бюджети маблағларини тежаш ва хизматлар сифати ошишига ҳисса қўшади», — дея таъкидлади вазир.