
2026 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасига таклиф этилган норма бюджет устидан парламент назоратини сусайтириши мумкин эди. Ушбу масала Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2025 йил 3 декабрдаги мажлисида кўтарилди.
Халқ демократик партиясидан сайланган депутат Фирдавс Шарипов давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасининг 13-моддасига киритилаётган, уни 9-қисм билан тўлдирувчи ўзгартиришга эътибор қаратди:
«Ушбу қонун қабул қилингунга қадар бюджет ташкилотларига белгиланган харажатлар нормативларидан кам миқдорда маблағ ажратилиши натижасида юзага келадиган қўшимча маблағларга бўлган эҳтиёж, шунингдек, Ўзбекистон Президентининг ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланган дастурлар ва тадбирларда назарда тутилган маблағлар молия йили давомида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан давлат бюджети харажатларини мақбуллаштириш натижасида бўшаган маблағлар ҳисобидан Ҳисоб палатаси билан келишилган ҳолда қопланади».
Депутатнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасига илова қилинган материалларда ушбу норманинг етарлича асослари келтирилмаган.
«Шу муносабат билан бизда савол туғилди: таклиф этилаётган тизим Бюджет кодексининг амалдаги нормаларига, хусусан, 145−149-моддаларига мувофиқми? Бундан ташқари, бундай ўзгартиришлар бюджет тизимини таъминлаш устидан парламент назоратининг чекланишига олиб келмайдими?», — деди у ҳукумат вакилларига юзланиб.
Депутатнинг саволига жавоб берар экан, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг бюджет сиёсати департаменти директори Шерзод Муҳамедов гап амалдаги механизмларни аниқлаштириш ҳақида кетаётганини таъкидлади.
«Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон Республикасининг 2026 йилги Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасининг 13-моддаси янги қисм билан тўлдирилмоқда. Бу аниқлаштирувчи норма», — деди.
Вазирлик вакилининг сўзларига кўра, норманинг моҳияти қуйидагича:
«Йил давомида вазирлик ва идоралар харажатларини мақбуллаштириш ҳисобига бўшайдиган маблағлар, биринчи навбатда, муҳтарам Президентимизнинг фармон ва қарорларида белгиланган вазифалар ижросига йўналтирилади. Яъни, у Президент қарорлари ижросини жадаллаштириш мақсадида аниқлаштирувчи норма сифатида киритилмоқда».
Бюджет кодексида нима дейилган?
Шу билан бирга, депутат Бюджет кодексининг 145 ва 149-моддаларида бюджет маблағларини қайта тақсимлаш тартиби, жумладан, бундай ўзгартиришлар Олий Мажлис палаталари томонидан кўриб чиқилиши ва Ҳисоб палатаси хулосаси талаб этиладиган ҳолатлар аллақачон тартибга солинганини эслатиб ўтди.
Қайта тақсимланадиган сумма қанчалик катта бўлса, келишиш даражаси шунчалик юқори бўлади. Агар маблағлар бир идорадан бошқасига улар бюджетининг 10 фоизи ва ундан ортиқ миқдорида ўтказилса, Олий Мажлис палаталарининг Ҳисоб палатаси хулосаси асосидаги қонун шаклидаги қарори талаб этилади.
Агар ўзгартиришлар 10 фоиздан кам бўлса, қарор Иқтисодиёт ва молия вазирлиги таклифи асосида Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилиниши мумкин.
Иккинчи даражали тақсимловчилар ўртасидаги ўзгартиришлар ҳам қатъий регламентланган. Бу ерда гап маблағларни тўғридан-тўғри давлат бюджетидан олмайдиган, балки ўз «бош» тақсимловчиси орқали бошқарадиган вазирлик ёки идоранинг қуйи тизимлари ҳақида бормоқда.
Бундай ҳолларда 10 фоиз ва ундан юқори суммалар Вазирлар Маҳкамаси билан, 10 фоиздан паст бўлганда эса Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилади.
Қандай хавфлар мавжуд?
Янги норма умумий механизмдан мустасно ҳолат яратиб, маблағларни Президент қарорлари фойдасига қайта тақсимлашни осонлаштириши мумкин эди. Бу ижро этувчи ҳокимиятнинг йил давомида бюджетни парламентни четлаб ўтган ҳолда қайта йўналтириш бўйича ваколатларини кенгайтиради.
Агар идоралар қаердадир «тежаб қолган» ёки уларнинг харажатлари мақбуллаштирилган бўлса, ушбу бўш маблағлар давлат раҳбарининг қарорларини амалга ошириш учун зарур бўлган соҳаларга қайта йўналтирилади.
Норма чиқариб ташланди
Бюджет тўғрисидаги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилиш чоғида Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Шарофиддин Назаров Бюджет кодексининг 145 ва 149-моддалари талабларини инобатга олган ҳолда, моддадаги ушбу норма чиқариб ташланганини маълум қилди.
2025 йилги Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга кўра, вазирлик ва идоралар ўзларининг жорий харажатларини, жумладан, давлат ривожланиш дастурларини амалга ошириш учун ажратилган маблағларни тежалган маблағлар доирасида бир дастурдан бошқасига қайта тақсимлаш ҳуқуқига эга. Шу тариқа, бюджетдан йўналтирилган маблағлар бир тақсимловчи доирасида қолган.
2025 йил 3 декабрдаги мажлисда депутатлар, шунингдек, парламент назорати самарадорлигини ошириш учун 2026 йилда давлат бюджети тўғрисидаги ҳисоботларни аудиторлик хулосаси билан бирга тақдим этишни таклиф қилдилар.

