Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 20/12/2025

«Тошкентда бошқарув ўзгаради». Президент — пойтахтнинг яқин йиллардаги ривожланиши ҳақида

Тошкент шаҳрининг доимий аҳолиси ҳар йили ўртача 100 минг кишига кўпаймоқда ва 2030 йилга бориб 3,5 миллиондан ошиши кутилмоқда. Бу ҳақда 2025 йил 16 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида пойтахт ривожланишига бағишланган йиғилишда сўз борди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

Президент шаҳар иқтисодиётини ривожлантириш бўйича мақсадли кўрсаткичларни белгилаб берди. Хусусан, Тошкентнинг ялпи ҳудудий маҳсулотини 52 миллиард долларга (бу йил кутилаётган 27 миллиард доллардан), аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадларни эса деярли икки баравар ошириб, 15 минг долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Ушбу мақсадларга эришиш учун шаҳар ҳокими, унинг ўринбосарлари ва 12 та туман ҳокимлари фаол ва тизимли иш олиб бориши зарурлиги таъкидланди. Президент уй-жой фонди, транспорт, энергетика, таълим, соғлиқни сақлаш ва сервис инфратузилмасини ривожлантиришга бўлган ёндашувларни замонавий дунё мегаполислари стандартлари асосида қайта кўриб чиқиш муҳимлигини қайд этди.

Шу муносабат билан, у илгари йирик мегаполисларда раҳбар бўлиб ишлаган мутахассисларни ҳоким маслаҳатчиси сифатида жалб қилиш ташаббусини маъқуллади. Уларнинг кўп йиллик тажрибасидан Тошкентни молия, илғор технологиялар, маданият ва туризм марказига айлантиришда фойдаланиш режалаштирилган.

Давлат раҳбари пойтахтда мавжуд салоҳият билан бирга, ҳали ечимини топмаган муаммолар ҳам кам эмаслигини таъкидлади.

«Аввало, шаҳар раҳбарлари аҳолини энг кўп ташвишга солаётган муаммоларни — экология, юқори даромадли иш ўринлари яратиш ва сифатли бошқарув масалаларини ҳал қилиш бўйича ёндашувларини ўзгартириши керак», — деди.

Мисол тариқасида келтирилдики, Юнусобод туманида 5 йил ичида 500 минг кв. м майдонга эга йирик савдо мажмуалари қурилган бўлиб, жорий йилда савдо ва хизмат кўрсатиш ҳажми 76 триллион сўмга етди. Шайхонтоҳур, Чилонзор ва Мирзо Улуғбек туманларида ҳам сезиларли ўзгаришлар юз берди.

Шу билан бирга, Яшнобод туманидаги «Технопарк»нинг юқори даромадли иш ўринлари яратиш борасидаги фойдаланилмаётган имкониятлари кўрсатиб ўтилди. Бундан ташқари, Янгиҳаёт туманидаги Tashkent Index лойиҳасида қурилган 6500 та савдо объектининг ярмидан кўпи бўш тургани қайд этилди. Яшнобод ва Янгиҳаёт туманлари ҳокимларига тадбиркорлар учун шароит яратилиши ушбу лойиҳаларни тўлиқ ишга тушириш ва камида 10 мингта иш ўрни яратиш имконини бериши кўрсатиб ўтилди.

Тошкентда яширин иқтисодиёт улуши 9,5 фоиз деб баҳоланмоқда ва мутасадди идораларга уни қисқартириш билан тизимли шуғулланиш топширилди.

Тошкентда Шота Руставели кўчасида алоҳида автобус йўлаги (BRT) ва Ислом цивилизацияси маркази ҳудудида автомобиль тоннели фойдаланишга топширилди.

Шунга қарамай, аҳоли Кичик ва Катта ҳалқа йўлларида, шунингдек, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Шаҳрисабз, Махтумқули ва Оҳангарон кўчаларидаги транспорт тирбандликларидан норозилик билдиришда давом этмоқда.

Аҳолининг ҳар йили кўпайиб бориши муносабати билан мактаб ва боғчаларда 100 мингдан ортиқ ўринга эҳтиёж борлиги қайд этилди.

«Энди пойтахтда бошқарув ўзгаради. 2026 йил Тошкент учун „Жадал ривожланиш ва аҳоли даромадларининг ўсиши йили“ бўлади. Ушбу ғояни амалга ошириш учун кенг кўламли дастур ишга туширилади», — деди давлат раҳбари.

Аҳоли жон бошига тўғри келадиган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмини 2026 йилда 3000 долларга, 2027 йилда эса 3500 долларга етказиш мақсадида пойтахт туманлари уч йўналишда ривожлантирилади. 2026 йилда 9 миллиард доллар, икки йил давомида эса 20 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Сергели, Янгиҳаёт ва Бектемир туманлари юқори технологик саноат ва логистика соҳаларида «ўсиш нуқталари» этиб белгиланди. Хусусан, келгуси йилда Сергели туманида қиймати 70 миллион доллар, майдони 120 минг кв. м бўлган агрологистика ва омборхона мажмуасини ишга тушириш режалаштирилган.

Янгиҳаётдаги «Янги авлод» саноат зонасида электротехника, тўқимачилик, автомобилсозлик ва озиқ-овқат тармоқларида 2 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Бирлашган Араб Амирликларининг DP World компанияси бу ерда замонавий логистика тизимини яратади. Зонани Янгиҳаёт ва Бектемир туманларидаги 640 гектар ер ҳисобига кенгайтириш режалаштирилган бўлиб, бу умумий қиймати 3 миллиард долларлик янги экологик хавфсиз ва юқори технологик лойиҳаларни ишга тушириш имконини беради, дейилади хабарда.

Ушбу саноат зонасини бошқаришга илғор хорижий компанияни жалб қилиш кўзда тутилган.

Учтепа, Чилонзор, Яккасарой, Шайхонтоҳур ва Олмазор туманларида инвестицияларнинг асосий йўналишлари хизмат кўрсатиш, креатив иқтисодиёт, дизайн ва туризм соҳалари бўлади.

Хусусан, 37 гектар майдонда қиймати 1 миллиард долларлик «Uchtepa City» лойиҳаси ишга туширилади. Унинг доирасида замонавий меҳмонхона, бизнес марказлари, савдо-кўнгилочар мажмуаси ва апартаментлар қурилиши режалаштирилган.

Чилонзор, Яккасарой ва Олмазор туманларида ҳам 2,5 миллиард долларлик шунга ўхшаш лойиҳалар амалга оширилади.

Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Миробод ва Яшнобод туманларида сунъий интеллект, стартаплар, финтех, молия, тиббиёт ва таълим соҳаларида 1 миллиард долларлик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилади.

Сўнгги 9 йил ичида пойтахтда хизмат кўрсатиш соҳаси ҳажми ҳар йили 20 фоиздан кўпроқ ўсди ва 30 миллиард долларга яқинлашди. Ушбу кўрсаткични келгуси йилда 38 миллиард долларга, 2027 йилда эса 45 миллиард долларга етказиш муҳимлиги таъкидланди.

Бу йил Тошкентдаги 26 та кўча тун-у кун ишлаш режимига ўтказилди. Уларда 1200 та савдо ва хизмат кўрсатиш объекти жойлаштирилиши ҳисобига 5000 киши даромад олди. Келаси йил учун яна шундай 18 та кўча ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Президент, шунингдек, банкларнинг 100 та янги юқори даромадли ижтимоий, «яшил», технологик ва туристик хизматларни жозибадор шартларда молиялаштириш ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Чилонзор туманида йилига 15 минг кишини савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ўқитадиган марказ иш бошлади. Умумий овқатланиш ва бошқа сервис йўналишларида ҳам шундай марказлар ташкил этиш, йилига 5 минг кишини бепул ўқитишни таъминлаш, 100 та маҳаллада коворкинг марказлари, ўқув синфлари ва курсларини очиб, 10 минг нафар ёшларни ўқитиш билан қамраб олиш топширилди.