Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 19/12/2025

Ўзбекистондаги сув захиралари бир йилда 6,5 млрд кубометрга камайди — сув хўжалиги вазири

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 2025 йил 10 декабрь куни сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроевнинг ҳисоботи тингланди. У 2025−2028 йилларга мўлжалланган сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантириш дастурининг ижроси ҳамда сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳақида маълумот берди.

Шавкат Ҳамроевнинг сўзларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун 40 млрд кубометрдан ортиқ сув етказиб берилган. Вазир сув омборларида олдиндан захира шакллантирилгани, каналларни бетонлаш ва сув тежовчи технологияларни кенгайтириш ҳисобига сувни тежаш бўйича «муайян натижаларга» эришилганини таъкидлади.

«Бироқ, бугунги кунда сув захираларимиз, жумладан, трансчегаравий сув омборларидаги захиралар 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 6,5 млрд кубометрга кам. Ички сув омборларида эса 2,7 млрд кубометр кам сув тўпланган», — деди Шавкат Ҳамроев.

Маълумот учун: 2,7 млрд кубометр сув — бу бутун Чорвоқ сув омбори ҳажмидан (максимал ҳажми 2 млрд кубометр бўлиши мумкин) учдан бир баравар кўп демак. Ўзбекистонда жами 60 дан ортиқ сув омбори фаолият юритади.

Вазир сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва сув таъминоти қамровини кенгайтириш учун охирги 5 йилда 60 трлн сўм бюджет маблағлари ва 622 млн доллар хорижий инвестиция йўналтирилганини таъкидлади. Натижада 2025 йилга келиб сув тежовчи технологиялар барча суғориладиган майдонларнинг қарийб 60 фоизида жорий этилди. Ушбу ишларни давом эттириш учун 2025−2028 йилларга мўлжалланган дастур тасдиқланган.

2025 йилда амалга оширилган ишлар

Жорий йилда дарё ва сойлардаги тўртта йирик гидрологик пост рақамли технологиялар асосидаги автоматлаштирилган ускуналар билан жиҳозланди.

Ирригация ва мелиорация объектларида 564,9 км канал, 26,9 км лоток тармоқлари, 32 та гидротехника иншооти, қуввати 47,2 кубометр/сек бўлган насос станциялари, 3,9 км босимли қувурлар, 45,8 км ёпиқ суғориш қувурлари, 12,7 км дамбалар ҳамда 45 та суғориш қудуғи қурилди ва реконструкция қилинди.

Бундан ташқари, мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилишда 95,3 млрд сўмлик ишлар бажарилиб, 197,3 км очиқ ва 100,02 км ёпиқ горизонтал коллектор-дренаж тармоқларида, 19 та гидротехника иншооти ва 46 та кузатув қудуғида онлайн мониторинг қурилмалари ўрнатилди.

4,94 минг км канал тозаланди, 5260 та гидротехника иншооти ва 5090 та гидропост таъмирланди. Насос станциялари самарадорлигини ошириш учун Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги 157 та насос агрегати ва 166 та электродвигатель янгиланди.

Вазирнинг таъкидлашича, энергиядан мақсадли фойдаланиш ва самарадорликни ошириш учун насос станцияларида 165 та конденсатор, 135 та частота ўзгартиргич, 752 кВт/соат қувватга эга қуёш панеллари ва 27 та қуёш сув иситкичлари ўрнатилди.

Насос станциялари ва вертикал қудуқлар иши учун 6,8 млрд кВт/соат электр энергияси лимити ажратилган бўлиб, шундан 2025 йил 1 декабрь ҳолатига кўра 6 млрд кВт/соат ишлатилди. 2024 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 200 млн кВт/соат электр энергияси тежалди.

Қиёслаш учун: 2017 йилда насос станциялари 8,3 млрд кВт/соат электр энергияси истеъмол қилган. 2025 йил якунларига кўра бу кўрсаткич 6,4 млрд кВт/соатни ташкил этиши кутилмоқда. Яъни, охирги йилларда 1,9 млрд кВт/соат электр энергиясини тежашга эришилди.

«Сув хўжалигида самарадорлик ва натижадорликни оширишнинг ягона йўли — шаффофлик, аниқликни таъминловчи ва коррупциянинг олдини олувчи рақамлаштириш», — деди вазир.

Ҳисобот даврида ҳудудларда жами 817,2 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилди, шундан: 103,2 минг гектар — томчилатиб суғориш, 30,7 минг гектар — ёмғирлатиб суғориш, 13,7 минг гектар — дискрет суғориш. Бундан ташқари, 74 минг гектарда эгилувчан қувурлар орқали, 49 минг гектарда эса плёнка тўшаб эгатлаб суғориш йўлга қўйилди.

2025 йилда ирригация тадбирлари учун 1,35 трлн сўм ажратилган бўлиб, шундан 1,20 трлн сўми ўзлаштирилган.

Шавкат Ҳамроев бюджетга тушадиган юқни камайтириш учун ДХШ (давлат-хусусий шериклик) лойиҳаларига эътибор қаратилаётганини маълум қилди. 2020−2025 йилларда умумий қиймати 5,2 трлн сўмлик 478 та келишув имзоланган бўлиб, хусусий шериклар 176 млрд сўм инвестиция киритган. 2025 йилда 34 та насос станцияси ва 9 та қудуқни қамраб олувчи 5 та лойиҳавий келишув имзоланди ва рўйхатдан ўтказилди.

Фақат 2025 йилнинг ўзида 817,2 минг гектарда сув тежовчи технологиялар жорий этилиши натижасида 2,3 млрд кубометр сув тежаб қолинди. Технологияларни жорий этиш сув ресурсларининг 45−50 фоизини тежаш имконини беради.

Назорат ва қоидабузарликларга қарши кураш

Вазирнинг маълум қилишича, вазирлик Ҳисоб палатаси ва прокуратура органлари билан биргаликда ажратилаётган маблағлардан мақсадли фойдаланиш ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш бўйича тадбирлар ўтказмоқда. Хусусан, лойиҳа-смета ҳужжатларидаги нархлар ва иш турлари қурилиш сифати ва ҳажмига таъсир қилмаган ҳолда тузатилди ва бир қатор объектлар учун дастлабки қурилиш қиймати 25−30 фоизга оптималлаштирилди.

Унинг сўзларига кўра, Мирзаобод, Бўка ва Чуст туманларидаги бир қатор каналларда иш сифати пастлиги ва маблағлар ортиқча режалаштирилгани аниқланган. Ушбу қоидабузарликлар ўз вақтида бартараф этилган. 22 нафар масъул шахс маъмурий жавобгарликка, 28 киши интизомий жазога тортилди. Улардан 14 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 56 нафар мансабдор шахс расман огоҳлантирилди.

2026 йил учун режалар

Шавкат Ҳамроев 2026 йилда 503 минг гектар ернинг 75,4 минг гектари томчилатиб, 34,6 минг гектари ёмғирлатиб, 28,9 минг гектари дискрет ва 164,1 минг гектари бошқа усуллар билан суғорилишини таъкидлади. Бундан ташқари, 200 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерларида лазерли текислаш ишлари олиб борилади.

Бюджетдан 1,4−1,6 трлн сўм ажратилади. 642 км канал, 352 км лоток тармоқлари, 51,3 км ёпиқ суғориш тармоқлари, 22 та гидротехника иншооти, 24 та суғориш қудуғи ва бошқа объектлар ҳамда коллекторларни реконструкция қилиш ва қуриш режалаштирилган.

«Натижада каналлардан фойдаланиш коэффициенти 0,68 гача кўтарилади. 332,8 минг гектарда сув таъминоти таъминланади, 54,2 минг гектарда мелиорация ҳолати яхшиланади, бу эса 250 млн кубометр сув йўқотилишининг олдини олиш имконини беради. Хорижий инвестициялар ҳисобидан қарийб 200 млн доллар ўзлаштирилади», — деди вазир.

500 км канал ва 30 та гидротехника иншооти реконструкция қилинади, 30 та насос станцияси агрегатлари модернизация қилинади. Натижада 1,4 млн гектардан ортиқ ернинг сув таъминоти яхшиланади. Эскирган насослар ва электродвигателлар (156 та насос ва 149 та электродвигатель) замонавий энергия тежовчиларига алмаштирилади.

67 та конденсатор, 84 та частота билан бошқариладиган қурилма, 60 та қуёш панели ва 26 та қуёш сув иситкичи ўрнатиш режалаштирилган. Вазир ушбу тадбирлар насос станциялари томонидан электр энергияси истеъмолини янада камайтириш имконини беришини таъкидлади.

Ўзбекистон чегарасида сув миқдорини реал вақт режимида кузатиш учун камида 300 та, туманлар чегараларида эса сув ҳисобини юритиш учун камида 1895 та рақамли асбоб ўрнатилади.

ДХШ ва пилот лойиҳа

Асосий насос станцияларини давлат-хусусий шериклик орқали бошқариш амалиёти кенгайтирилади, деди Ҳамроев. Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларидаги насос станцияларининг 50 фоизи хусусий шерикларга топширилади.

Хусусан, Наманган вилоятининг Чортоқ туманида «битта насос — битта тизим» пилот лойиҳаси амалга оширилади: хусусий шерик белгиланган лимит доирасида истеъмолчиларни сув билан таъминлайди ва хизмат кўрсатиладиган майдонлар бўйича сув солиғининг 40 фоизи ушбу шерикка тўлаб берилади.