
15 декабрь куни халқаро ҳамжамият илк бор Бутунжаҳон туркий тиллар кунини нишонламоқда. Бу ҳақдаги қарор ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясида қабул қилинган. Ташкилот буни умумий инсоний меросни бойитувчи лисоний хилма-хилликни тан олиш йўлидаги муҳим қадам деб ҳисоблайди.
«Сана танлови рамзий ва чуқур маънога эга, — деб хабар беради БМТ Янгиликлар хизмати. — 1983 йил 15 декабрда даниялик тилшунос Вильгелм Томсен энг қадимги ёзма манбалардан бири бўлган Ўрхун ёзувлари алифбосини муваффақиятли ўқиб чиққанини эълон қилган. Ушбу ёзувлар қадимги турклар томонидан милодий VIII асрда ҳозирги Мўғулистон ҳудудидаги Ўрхун водийсида яратилган ва 1889 йилда топилган. Томсеннинг бу ютуғи бугунги кунда бутун Евроосиё бўйлаб ўнлаб жамоаларни боғлаб турадиган лисоний анъана ҳақида бебаҳо тушунча берди».
ЮНЕСКО таъкидлашича, туркий тиллар оиласига мансуб бўлган, жумладан, озарбайжон, қозоқ, қирғиз, турк, туркман ва ўзбек тиллари тахминан 12 миллион квадрат километр майдондаги 200 миллиондан ортиқ одам учун она тили ҳисобланади.
Туркий тиллардаги бой ҳужжатли мерос, шунингдек, жонли оғзаки анъаналар 10 дан ортиқ давлат томонидан ўртоқлашилади.
Бутунжаҳон кунини нишонлаш ташаббуси билан Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон чиқди. Уни 21 та давлат қўллаб-қувватлади.
Бутунжаҳон туркий тиллар кунини эълон қилиш орқали ЮНЕСКО тиллар бўйича ҳамкорлик, маданий яқинлашув ва цивилизациялараро мулоқотнинг муҳимлигини таъкидламоқда.
Ташаббус лингвистик тадқиқотлар, таълим ва маданий алмашинув соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган. ЮНЕСКО ушбу кун кенг кўламли илмий тадқиқотлар ўтказишга ва туркий тилларни сақлашга қаратилган глобал мулоқотни ривожлантиришга ҳисса қўшишини қайд этади.
Бутунжаҳон туркий тиллар кунида маданий ва академик тадбирлар, жумладан, лисоний меросга бағишланган кўргазмалар, маърузалар ва оммавий мунозаралар, адабий ва шеърий кечалар бўлиб ўтади.

