Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 07/12/2025

Апелляция инстанцияси Келесда 18 ёшли Аскар Гулматовнингўлдирилиши иши бўйича ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди

Тошкент вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг апелляция инстанцияси Зангиота туман судининг Келесда 18 ёшли Аскар Гулматовнинг ўлдирилиши иши бўйича ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.

Жиноят 2025 йил 12 февраль куни тахминан соат 22:50 да Тошкент туманининг маъмурий маркази бўлган Келесдаги «Озодлик» маҳалласида 16-17-22-уйлар орасидаги болалар майдончасида содир бўлган. Тергов версиясига кўра, 17 ёшли А.С. маст ҳолатда ўзининг таниши Аскар Гулматов билан жанжаллашиб, унга ошхона пичоғи билан бир неча марта зарба берган. Бироқ марҳумнинг яқинлари ҳужум қилганлар бир неча киши бўлганлигини таъкидламоқда.

Биринчи инстанция судининг Зангиота туман судининг ҳукмига кўра, 17 ёшли А.С. қасддан одам ўлдиришда (оғирлаштирувчи ҳолатларсиз) айбдор деб топилган. Суд уни умумий тартибли колонияда жазони ўташ билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилган.

Қайд этиш жоиз, Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади. Бироқ, Жиноят кодексининг 85-моддасига кўра, жиноятни 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахслар томонидан содир этилганлиги учун оғир жиноят учун 7 йилгача ва ўта оғир жиноят учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

Апелляция шикояти

Апелляция шикоятида Аскар Гулматовнинг онаси ва унинг адвокати А.С.нинг ҳаракатлари ЖК 97-моддаси 1-қисми бўйича нотўғри малакаланганлигини даъво қилган. Жабрланувчилар жиноят гуруҳ томонидан ва ўта шафқатсизлик билан содир этилганлигини таъкидлаб, бошқа алоқадор шахсларни ҳам жавобгарликка тортиш учун ишни қўшимча терговга юборишни сўраган.

Аскарнинг онаси биринчи инстанция судида ўғлига 12 марта пичоқ урилганини таъкидлаб, судланувчига умрбод қамоқ жазоси беришни талаб қилган.

«Чунки ўғлимни энди қайтариб бўлмайди… [Судланувчи] 5-6 марта урганлигини айтмоқда. Қолган [пичоқ зарбаларини] ким берган? Ахир 12 марта уришган. Ёки у „мен 12 марта уриб, шафқатсизларча ўлдирдим“ десин», — деган судда.

Судланувчининг кўрсатмаси

Апелляция инстанциясида А.С. биринчи инстанция судида берган кўрсатмаларини тасдиқлади ва можаро ҳолатларини батафсил баён қилди. У Гулматов билан аввалдан таниш бўлганини, улар ўртасидаги муносабатлар кескин бўлганини айтган. А.С.нинг сўзларига кўра, Гулматов уни исмини айтмасдан, доимий равишда «бақалоқ», «чўчқа» ва «семиз» деб ҳақорат қилган. Шунинг учун кўчада учрашганда фақат саломлашишган.

2025 йил 12 февраль куни соат 22:00 атрофида А.С. дўстлари — М. Тоиржонов, Х. Рихсибоев, И. Дилшодов ва таниши И. Котибжоновлар билан болалар майдончасида бўлган. Улар пиво ичишган, шундан сўнг компания А.С.нинг уйи томон йўл олган, аммо йўлда Х. Рихсибоев ўз уйига кетган.

16-17-22-уйлар орасидаги болалар майдончасида А.С. Гулматовни ёлғиз ўриндиқда ўтирганини кўрган. А.С қўшиқ куйлаб ўтиб кетаётганда, унинг сўзларига кўра, бу Гулматовга ёқмаган. Улар ўртасида жанжал келиб чиққан — А.С.нинг таъкидлашича, Аскар уни ҳақорат қилган ва у жаҳли чиққан. У ҳозир қайтишини айтиб, уйига пичоқ олиш учун кетган.

Уйда пластмасса тутқичли ошхона пичоғини олиб, уни шимининг орқа чўнтагига солиб, майдончага қайтган. Гулматовга яқинлашганда, у ўрнидан туриб, А.С. томон юрган. А.С. пичоқни чиқариб, Аскар Гулматовнинг қорин соҳасига бир марта урган. У мувозанатини йўқотиб, А.С.нинг устига йиқилган, шундан сўнг ҳужумчи унинг кўкрак қафаси орқа томонига пичоқ билан бир неча марта урган. Судланувчи аниқ зарбалар сонини эслай олмаган.

Шундан сўнг уларни М. Тоиржонов ва И. Дилшодов ажратишган. Бу вақтда Аскар Гулматов ҳушини йўқотиб, ерга ўтирган. Тоиржонов А.С.нинг қўлидан пичоқни юлиб олиб, ташлаб юборган, сўнгра «103» га қўнғироқ қилиб, тез ёрдам чақирган. Бу вақтда Х. Рихсибоев етиб келган. А.С.нинг таъкидлашича, қоронғу бўлгани учун ёнида бошқа одамларни кўрмаган.

Ички ишлар органлари ходимлари етиб келишганда, А.С. уларга одамни пичоқлаганини айтган. Шундан сўнг ходимлар у билан бирга Аскар Гулматовни шифохонага олиб боришган. Жароҳатланган олиб кирилгандан сўнг, А.С. туман ИИБга етказилган.

Унинг сўзларига кўра, дўстларидан ҳеч бири можарода иштирок этмаган ва пичоқ урмаган. У қилган ишидан чуқур пушаймон эканлигини ҳам билдирган.

Апелляция инстанциясининг ажрими

Қарорда судлов ҳайъати А.С.нинг қасддан одам ўлдиришдаги айби биринчи инстанция суди томонидан аниқлангани ва унинг ўзининг кўрсатмалари, гувоҳларнинг кўрсатмалари, ҳодиса жойини кўздан кечириш баённомалари, фото ва видео материаллар, Гулматовнинг тан жароҳатлари тўғрисидаги маълумотнома, ўлим ҳақидаги эпикриз, ашёвий далилларни олиб қўйиш ва кўздан кечириш баённомалари, суд-тиббиёт экспертизаси хулосалари ва ишнинг бошқа материаллари билан тўлиқ тасдиқланиши хулосасига келганлиги қайд этилган.

Судлов ҳайъати А.С.нинг ҳаракатлари биринчи инстанция суди томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан тўғри малакаланган деб ҳисоблайди ва объектив далиллар мавжуд эмаслиги сабабли, А.С. жиноятни гуруҳ бўлиб ва ўта шафқатсизлик билан содир этганлиги ҳақидаги важларга қўшилмаган.

Шу билан бирга, биринчи инстанция суди М. Тоиржонов, Х. Рихсибоев ва И. Дилшодовларнинг ҳаракатларида ЖК 241-моддаси (Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) аломатлари мавжудлигини текшириш учун прокурорга тақдимнома киритган.

Ҳукм ўзгаришсиз, шикоят эса қаноатлантирилмасдан қолдирилди.