Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 28/11/2025

Тошкентда экологик вазиятни яхшилаш бўйича комиссиянинг ваколатлари қандай

Ўзбекистон президентининг 2025 йил 25 ноябрдаги фармони билан Тошкентдаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Махсус комиссия ташкил этилди.

Комиссия таркиби 16 кишидан иборат бўлиб, унга президентнинг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгаришлари бўйича Миллий қўмита раиси Азиз Абдуҳакимов раислик қилади. Унинг комиссия бўйича ўринбосари этиб Президент Администрациясининг Жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги масалалари департаменти раҳбари Дониёр Қодиров тайинланди. Таркибга шунингдек, пойтахт ва Тошкент вилояти ҳокимлари, бош прокурор ўринбосари, транспорт, энергетика вазирлари, ИИВ, ФВВ раҳбарлари ва бошқалар киритилган.

Фармонга кўра, комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари ва кўрсатмалари барча давлат органлари ва ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурийдир. Унинг қарорлари ва кўрилган чора-тадбирлар Ecoinfouz Telegram-каналида эълон қилинади.

Махсус комиссиянинг вазифалари:

  • Тошкентдаги экологик вазиятни доимий таҳлил қилиш ва мониторинг олиб бориш, унинг ёмонлашиш тенденцияларини прогноз қилиш;
  • экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат тузилмалари ишини мувофиқлаштириш;
  • экологик муаммолар бўйича тадқиқотларни мувофиқлаштириш ва халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда ҳамда маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда уларнинг олдини олишнинг замонавий усулларини ишлаб чиқиш;
  • Тошкентда экологиянинг ёмонлашиши оқибатларини юмшатиш бўйича тадбирларни молиялаштиришни, шу жумладан умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш бўйича янги Давлат мақсадли жамғармаси маблағларидан фойдаланишни таъминлаш;
  • оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали атроф-муҳит ҳолати, ифлосланишнинг соғлиққа таъсири ва профилактика чоралари ҳақида тушунтириш ишларини ташкил этиш;
  • экологик вазият ёмонлашган ҳолатларда кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар бўйича таклифларни тайёрлаш ва уларни президентга тақдим этиш.

Комиссиянинг ваколатлари

Ўз фаолияти доирасида комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • табиий чангланиш кучайган даврларда саноат, транспорт, иссиқлик таъминоти ва бошқа соҳаларда чекловлар киритиш;
  • транспорт ҳаракатини чеклаш, жумладан: юк автотранспортининг Тошкентга киришини вақтинча чеклаш, давлат рақамлари бўйича «жуфт ва тоқ кунлар» тизимини жорий этиш (электромобиллардан ташқари), чеклов қўйиладиган ҳудудлар ва транспорт турларини аниқлаш;
  • атмосферани ифлослантирувчи иссиқхоналар ва бошқа объектлар фаолиятини вақтинча ёки тўлиқ тўхтатиш;
  • Тошкент ташқарисига кўчирилиши лозим бўлган саноат корхоналари ва саноат зоналарини аниқлаш;
  • чиқиндиларнинг йўл қўйиладиган меъёрларини белгилаш ва қоидабузарлар фаолиятини тўхтатиш;
  • қурилиш ишларига талаблар, шу жумладан чангни бостириш учун ускуналардан мажбурий фойдаланишни жорий этиш;
  • дарёлар, каналлар ва ариқлар бўйлаб сув муҳофазаси зоналарида қурилишни тақиқлаш.Экологик вазиятни яхшилаш бўйича чора-тадбирларни 2026 йил 1 мартгача амалга ошириш топширилди.

Шу фармон билан президент Тошкент ва унинг атрофидаги барча иссиқхоналарни газга ўтказиш, баҳор ва ёз мавсумларида жисмоний ва юридик шахсларнинг ер участкаларида дарахтларни ичимлик суви билан суғоришни чеклашни бекор қилиш, шунингдек, ҳаво тозалагичлар импорти учун божларни бекор қилишни топширди.