
Ўзбекистон 2030 йилдан олдин даромад даражаси юқорироқ бўлган мамлакатлар гуруҳига ўтиши мумкин. Бу ҳақда 2025 йил 18 ноябрь куни бўлиб ўтган давлат-хусусий шериклик (ДХШ) бўйича III Халқаро давра суҳбатида бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 2025 йил якунлари бўйича ЯИМ ўсиши 7%дан ошади.
У ҳукумат 2030 йилга бориб янада улкан макроиқтисодий кўрсаткичларга эришишни мақсад қилганини таъкидлади.
«Истиқболда, 2030 йилга бориб, биз ЯИМни 200 млрд доллардан, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМни эса 5000 доллардан оширишга интиляпмиз. Бу ҳолатда Ўзбекистон даромади ўртачадан юқори бўлган мамлакат мақомига эришиш сари аввалги прогнозлардан кўра эртароқ ҳаракатланмоқда — бу асосан ислоҳотлар ва самарадорликни ошириш ҳисобига бўлади», — деди у.
Қўчқоров, шунингдек, мамлакатда инфляция пасаяётгани ва назорат остида қолаётганини маълум қилди. Сентябрь ойида нархларнинг йиллик ўсиш даражаси 8 фоизгача секинлашди.
2025 йил якунлари бўйича инфляция тахминан 8 фоиз даражасида, 2026 йилда эса 7 фоиз даражасида бўлиши кутилмоқда.
Фискал сиёсат ҳақида гапирар экан, Қўчқоров давлат бюджет интизоми ва барқарорлик тамойилларига амал қилишини таъкидлади.
«Бизнинг фискал стратегиямиз инклюзив ўсиш ва иқтисодий барқарорликни қўллаб-қувватлаш учун интизом, самарадорлик ва барқарорликка урғу беради», — деди.
Жаҳон банки мамлакатларни аҳоли жон бошига тўғри келадиган Ялпи миллий маҳсулот (ЯММ) даражасидан келиб чиқиб тўртта даромад гуруҳига ажратади: паст (1145 долларгача), ўртачадан паст (1146 доллардан 4515 долларгача), ўртачадан юқори (4516 доллардан 14 005 долларгача) ва юқори (14 005 доллардан юқори — 2023 йил нархларида).
Аҳоли жон бошига ЯИМ (GDP per capita) ишлаб чиқарувчи активлар кимга тегишли бўлишидан қатъи назар, мамлакат ичида ишлаб чиқарилган барча товар ва хизматлар қийматини ҳисобга олади. Аҳоли жон бошига ЯММ (GNI per capita ёки GNP per capita) ЯИМга қўшимча равишда мамлакат фуқароларининг хорижда олган даромадларини, чегириб ташлаган ҳолда эса чет элликларнинг мамлакат ичидаги даромадларини ҳисобга олади.
Ўзбекистон мақсадга эришиши мумкин, аммо ташқи омилларга боғлиқлик бор.
Иқтисодчи, Жанубий Кореянинг Чонбук миллий университети «Халқаро савдо» йўналиши магистри, Mirkonomika Telegram-канали муаллифи Миркомил Холбоев, агар пандемиядан кейин кузатилган иқтисодий ўсиш суръатлари сақланиб қолса, Ўзбекистон 2030 йилдан олдин Жаҳон банки таснифига кўра даромади ўртачадан юқори бўлган мамлакатлар даражасига етиши мумкинлигига қўшилади.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги йиллар динамикаси upper middle income мамлакатлар гуруҳи чегараларига жадал яқинлашишни кўрсатмоқда.
«Пандемиядан кейинги даврда номинал ЯИМ (долларда) ўртача 14,8 фоизга ўсди. Агар бундай суръатлар сақланиб қолса, 2028 йилдаёқ биз 200 млрд долларлик чегарадан ўтишимиз мумкин. 2030 йилга бориб иқтисодиёт ҳажми 280 млрд долларга етиши мумкин», — деди.
Унинг айтишича, жон бошига даромад ҳам тез суръатлар билан ўсмоқда.
«Аҳоли жон бошига ЯИМ пандемиядан кейинги даврда ўртача 12,4 фоизга ўсди. Агар ушбу кўрсаткич сақланиб қолса, жон бошига даромадимиз 2027 йилдаёқ Жаҳон банки таснифига кўра даромади ўртачадан юқори бўлган мамлакатлар гуруҳи даражасига етиши мумкин. Хусусан, ўсиш суръатлари сақланса, 2027 йилда аҳоли жон бошига даромад 4672 долларга етади», — дея қайд этди Холбоев.
Иқтисодчининг қўшимча қилишича, юқори ривожланиш суръатлари сақланиб қолса, узоқ муддатли истиқболда Ўзбекистон кейинги тоифага ҳам кўтарилиши мумкин.
«Агар юқори суръатлар кейинчалик ҳам сақланиб қолса, 2037 йилда биз даромад даражаси юқори бўлган мамлакатлар гуруҳига киришимиз мумкин», — дея таъкидлади.
Шу билан бирга, Холбоев сўнгги йиллардаги тезкор ўсиш кўп жиҳатдан ташқи омилларга боғлиқ бўлгани ва улар келажакда кафолатланмагани ҳақида огоҳлантирди.
«Аммо бир ҳолатни унутмаслик керак: пандемиядан кейинги даврдаги юқори ўсиш нисбатан қулай ташқи шароитлар фонида юз бермоқда. Хусусан, олтин нархи 2021 йил бошидан бери 3,5 баробар ўсди. Агар тўрт йил олдин мамлакатимиз йилига 4 млрд долларлик олтин экспорт қилган бўлса, жорий йилнинг дастлабки 9 ойида экспорт 10 млрд долларга етди», — деб кўрсатди эксперт.
У шунга ўхшаш тенденция бошқа хомашё товарлари бўйича ҳам кузатилганини эслатди.
«Яна бир асосий экспорт товаримиз бўлган мис нархи 30 фоиздан кўпроққа ўсди. Бундан ташқари, Россия ва Украина ўртасидаги уруш кўплаб иқтисодиётларга салбий таъсир кўрсатгани ҳолда, мамлакатимиз учун нисбатан қулайроқ иқтисодий шароитларни яратди», — деди иқтисодчи.
Холбоев, шунингдек, ЯИМ ўсишининг бир қисми методологиянинг қайта кўриб чиқилиши ва яширин иқтисодиётнинг қўшилиши билан боғлиқлигини таъкидлади.
«Сўнгги икки йилда ЯИМ ҳисоб-китобларидаги методологик ўзгаришлар (яширин иқтисодиётнинг қўшилиши) ҳам ўсишнинг муҳим омили бўлди. Аммо яқин келажакда бундай техник тузатишлар ҳисобига ЯИМни ошириш имконияти қисқариб боради — бундай ўзгаришлар бир марталик самарага эга», — дея тушунтирди.
Хулоса ўрнида эксперт прогнозлар фақат қулай ташқи конъюнктура сақланиб қолган тақдирдагина амалга ошишини огоҳлантирди.
«Агар пандемиядан кейинги даврда иқтисодий ўсишни таъминлаган барча омиллар ва шароитлар сақланиб қолсагина, юқорида келтирилган прогнозлар мантиққа эга бўлади. Бироқ биз ташқи шароитларга таъсир ўтказа олмаймиз. Биргина олтин нархининг тушиши барча прогнозларни бутунлай тескари томонга ўзгартириш учун етарли бўлиши мумкин», — дея хулоса қилди Холбоев.

