Ўзбекистонда газдан фақат иситиш ва овқат пишириш учун фойдаланадиган жойларга газ уланиши тўхтатилади

Ўзбекистонда ёқилғидан фақат «ёқиш учун» фойдаланадиган истеъмолчиларга табиий газга уланиш учун техник шартлар бериш тўхтатилди. Бу ҳақда вазир 2025 йил 28 октябрь куни матбуот анжуманида маълум қилди.

2025 йил февраль ойида Ўзбекистондаги янги қурилган уйлардаги 135 мингта хонадон бу йил марказлашган иситиш тизимига уланиши, ошхоналар эса газ плиталари ўрнига электр плиталари билан жиҳозланиши маълум бўлган эди. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги марказий иситиш фойдасига газ қозонларидан воз кечилгани ҳақида хабар берган эди.

Вазир бу қарор газдан фақат «ёқиш учун» фойдаланадиган янги истеъмолчиларга (қурилаётган янги уйлар ва объектлар) тегишли эканини аниқлаштирди.

«Бу ерда гап нафақат [янги] кўп қаватли уйлар ҳақида кетмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ (очиқ манбаларда топилмади — таҳр.), жорий йилдан бошлаб уни фақат ёқиш учун ёқилғи сифатида фойдаланадиган истеъмолчиларга табиий газга уланиш учун техник шартлар бериш тўхтатилди — сиз қўшилган қийматни эслатиб ўтдингиз. Агар газ саноатда қўшилган қиймат яратиш учун ишлатилса, марҳамат. Чунки, ўзингиз айтганингиздек, ресурслар ҳар қандай ҳолатда ҳам чекланган», — дея қайд этди.

Таъкидлаш жоизки, ўзгаришлар амалдаги уйларга таъсир қилмайди. Янги кўп квартирали ва хусусий уйлар қурилишида газга уланиш учун техник шартлар бериш тўхтатилган. Бундай уйларда электр плиталар ўрнатилади, иситиш эса марказий ёки локал қозонхоналар орқали таъминланади.

Жўрабек Мирзамаҳмудов ресурслардан оқилона фойдаланиш, айниқса айрим йўналишларда ташқи таъминотга қарамликни ҳисобга олган ҳолда, устувор вазифага айланаётганини таъкидлади.

«Чунки муқобил таъминот турлари мавжуд — масалан, овқат тайёрлаш учун электр плиталар, иситиш учун электр энергияси — улар худди шу функцияни бажаради», — деди Мирзамаҳмудов.

Вазир, шунингдек, иситиш мавсумида марказлашган иссиқлик таъминоти тизими, шу жумладан давлат-хусусий шериклик лойиҳалари орқали фаол ривожланаётганини маълум қилди.

«Шаҳарларда тармоқлар янгиланмоқда, когенерация қурилмалари қурилмоқда. Биз тайёргарлик кўряпмиз, масалан, 2025 йил 18 ноябрь куни Самарқандда халқаро форум доирасида Саудия компанияси билан давлат-хусусий шериклик асосида иссиқлик таъминоти бўйича битим имзолаш режалаштирилган», — деди у. Эҳтимол, гап Нукусдаги амирликларнинг Tadweer компанияси билан бўлган лойиҳа ҳақида кетмоқда.

Мирзамаҳмудов келажакда газлаштирилган ҳудудлар ҳам электр таъминотига ўтказилиши мумкинлигини билдирди.

«Газдан фақат ёқиш учун фойдаланадиган истеъмолчиларга газга уланиш учун техник шартлар бериш тўхтатилди. Ва бу нафақат кўп қаватли уйларга, балки бошқа тоифадаги истеъмолчиларга ҳам тегишли. Ҳозирда биз инфратузилма, электр энергияси истеъмоли даражаси, шу жумладан газлаштирилмаган ҳудудлардаги ҳисоб-китобларни олиб бормоқдамиз. Ҳудуд газлаштирилган бўлса ҳам, лекин эртага электр энергиясидан фойдаланиш иқтисодий жиҳатдан самаралироқ бўлса, нима учун йўқ? Биз бу йўналишда ҳаракат қиламиз», — деди вазир, электр энергиясига ўтиш экологик вазиятни яхшилашга ва атмосферага зарарли чиқиндиларни камайтиришга ёрдам беришини таъкидлади.

2023 йилдан бошлаб газни тежаш мақсадида иссиқхоналар, цемент ва ғишт заводларининг, болалар боғчалари, мактаблар ва шифохоналарнинг бир қисми кўмир ёқилғисига ўтказила бошланди. Жорий йилдан бошлаб давлат иссиқхоналарга кўмир қозонларини сотиб олиш харажатларининг 20%гача қоплашни бошлади. Бу газ қазиб олишнинг қисқариши ва қайта тикланувчи энергия манбаларининг ривожланиши фонида содир бўлмоқда.