Борис Авакянни калтаклаган Акмал Шукуров 8 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Жума куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани жиноят ишлари бўйича судида 2025 йил март ойида The Tower Hotel меҳмонхонаси томидаги «12» барида Борис Авакянни калтаклаган Акмал Шукуровга нисбатан жиноят иши бўйича суд жараёни якунланди.

Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати хабар беришича, 30 ёшли Акмал Шукуров Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари билан айбдор деб топилган:

  • 104-модда 2-қисми «е» банди (безорилик оқибатида қасддан баданга оғир шикаст етказиш);
  • 168-модда 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик);
  • 277-модда 3-қисми «г» банди (жамият тартибини сақлаш вазифасини бажараётган ҳокимият ёки жамоат вакилига ёхуд безорилик ҳаракатларига чек қўювчи бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ безорилик).

Жиноятлар мажмуи бўйича 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди. Томонлар ҳукмни апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиши мумкин.

Борис Авакян Акмал Шукуров жанжал кўтарган таниши Хуршидга ёрдам беришга уринган. Бошига икки марта зарба олгач, у ҳушини йўқотиб, ерга йиқилган. Эркак оғир аҳволда шифохонага етказилган ва бир муддат сунъий комада ётган. У бир неча ойдан бери реабилитациядан ўтмоқда.

Акмал Шукуров ҳодисадан сўнг терговдан яширинган, аммо Қозоғистондан Тошкентга экстрадиция қилинган ва ҳибсга олинган эди. Суд мажлиси судланувчи адвокатларининг илтимосига биноан ёпиқ тарзда ўтказилди.