
Яккасарой туманида жойлашган The Tower Hotel меҳмонхонаси ёнида содир бўлган ҳодиса бўйича жиноий иш доирасида терговдан яширинган Акмал Шукуров Қозоғистондан Тошкентга экстрадиция қилинди. Бу ҳақида пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Аввал хабар берилганидек, унга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми (Безорилик) бўйича жиноий иш қўзғатилган эди. Кейинроқ унга 104-модданинг 2-қисми «е» банди (Безорилик сабабли етказилган қасддан оғир тан жароҳати / 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) бўйича ҳам айблов қўйилди.
ИИББ маълумотларига кўра, айбланувчи терговдан яширингани сабабли қидирувга берилган ва унга нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
2025 йил 17 март куни у Қозоғистонда қўлга олинди. Ҳозирда у Тошкентга экстрадиция қилинган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
«Бу жиноий иш бўйича ҳар томонлама ва холисона тергов таъминланади, қонун устуворлиги ва содир этилган жиноят учун жазонинг муқаррарлиги таъминланади», — дейилади ИИББ хабарида.
«Gazeta.uz» маълумотларига кўра, Акмал Бобокул ўғли Шукуров аввал ҳам Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда катта миқдордаги фирибгарлик / 400 дан 600 тагача базавий ҳисоблаш миқдорида жарима ёки 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) бўйича гумонланиб, қидирувга берилган, бироқ кейинчалик у қидирувдан олиб ташланган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 16 март куни тонгга яқин меҳмонхона томида жойлашган «12» (Twelve) бари олдида Акмал Шукуров ва Хуршид А. ўртасида жанжал содир бўлган. ИИББ маълумотларига кўра, улар ўртасидаги тортишув муштлашувга айланиб кетган. Улар билан бирга бўлган таниши Борис Авакян жанжални тўхтатишга уринади, бироқ унинг бошига икки марта зарба берилади. У ҳушидан кетиб, ерга йиқилади. Борис Авакиян бош мия жароҳати ва ўнг ёнида юзида йиртиқ жароҳат билан шифохонага ётқизилган.
Авакяннинг аҳволи оғир бўлиб, у ҳануз сунъий комада қолмоқда.