
Тошкент шаҳрида яшовчи Акмал Шукуров, Яккасарой туманидаги «12» бари олдида содир бўлган воқеа бўйича жиноий иш доирасида терговдан қочиб юргани боис, Қозоғистонда қўлга олинди. Бу ҳақида пойтахт ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми (безорилик) бўйича жиноий иш қўзғатилган эди. Кейинчалик унга нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «е» банди (безорилик сабабли етказилган қасддан оғир тан жароҳати / 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) бўйича ҳам айблов эълон қилинган.
Идора маълумотларига кўра, айбланувчи терговдан яширингани учун у қидирувга берилган ва сиртқи қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
«Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида А. Шукуров Қозоғистон Республикаси ҳудудида қўлга олинди. Ҳозирда уни Тошкентга экстрадиция қилиш бўйича ҳаракатлар олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 16 март куни тонгга яқин «12» (Twelve) бари олдида икки ташриф буюрувчи — Акмал Шукуров ва Хуршид А. ўртасида жанжал келиб чиққан. ИИВ маълумотларига кўра, улар ўртасида баҳс бўлиб, у муштлашувга айланган. Борис Авакян уларни ажратишга ҳаракат қилган, бироқ бошига икки марта зарба еган, ҳушидан кетган ва ерга йиқилган. У «бош-мия жароҳати, ўнг юза соҳасининг очиқ (йиртиқ) жароҳати» ташхиси билан шифохонага ётқизилган.
«Унга 5 соатлик шошилинч жарроҳлик амалиёти ўтказилди, сунъий комага туширилди… Шифокорларнинг башоратлари тасалли берувчи эмас, у ёки ҳалок бўлиши, ёки ногирон бўлиб қолиши мумкин», — деди воқеа гувоҳи.
Шифокорлар хулосасига кўра, Борис Авакянда бошсуякларининг сингани, юзининг чап қисмида эпидураль гематома, мия пешона бўлагининг чап қисмида ички қон кетиши ва мия шиши аниқланган. Бу ҳаёт учун хавфли оғир бош-мия жароҳати ҳисобланади.