
2025 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, Ўзбекистоннинг жами ташқи қарзи 72,2 млрд долларни ташкил этиб, олти ойда 8,1 млрд долларга (+12,1%) ошди. Бу ҳақда Марказий банкнинг тўлов баланси, халқаро инвестицион позиция ва мамлакат ташқи қарзи тўғрисидаги ҳисоботида айтилган.
Марказий банк маълумотларига кўра, ташқи қарзнинг умумий суммасидан:
- давлат қарзи 36,8 млрд долларни (биринчи чоракда — $35,8 млрд);
- корпоратив қарз 35,4 млрд долларни ($32,6 млрд) ташкил этди.
Биринчи ярим йилликдаги ўсиш асосан корпоратив қарзлар ҳисобига юзага келди: йил бошидан буён давлат қарзи 2,9 млрд долларга, корпоратив қарз эса 5,2 млрд долларга ошди.
Марказий банк мамлакат ташқи қарзи давлат ва хусусий (корпоратив) қарздан иборат эканлигини эслатиб ўтди. Шу билан бирга, «хусусий» тоифасида катта қисми давлат иштирокидаги компаниялар ва банкларга — жумладан, UzAuto Motors, «Ўзбекнефтгаз», Ўзбекистон Миллий банки, «Ўзсаноатқурилишбанк» ва бошқаларга тўғри келади, улар аввалроқ халқаро бозорларда кўп миллиардли облигациялар чиқарган эди.
2024 йилда умумий ташқи қарз 10,8 млрд долларга ошди — бу статистика юритила бошланган 2013 йилдан бери энг юқори кўрсаткич. Таққосланадиган ўсиш фақат пандемия даврида 2020 йилда (+$9,2 млрд) ва 2023 йилда (+$9,8 млрд) кузатилган.
2020 йилга нисбатан Ўзбекистоннинг давлат қарзи 72%га, корпоратив қарзи эса 2,8 баробар ошган.
Ўзбекистон жами ташқи қарзнинг ўсиш суръатлари бўйича минтақада етакчи ўринларни эгаллаб турибди. Хусусан, 2020 йилга нисбатан мамлакатнинг жами ташқи қарзи 2,1 баробар ўсган.
Таққослаш учун: худди шу даврда Қирғизистоннинг ташқи қарзи 41,3%га, Қозоғистон ва Тожикистонда эса мос равишда 5,4% ва 6%га ошган.
Ташқи қарзнинг номинал ҳажми бўйича минтақада етакчи Қозоғистон бўлиб қолмоқда, унинг жами ташқи қарзи 2025 йил 1 июль ҳолатига 172,8 млрд долларни ташкил этди.
Аввалроқ Қозоғистон Марказий банки раиси Тимур Сулейменов хусусий қарздорлик қандай шаклланиши ҳақида сўзлаб берган эди. Унинг сўзларига кўра, у асосан йирик нефть-газ компанияларига тегишли. «Бу ўша Chevron, Shell, Eni, ExxonMobil компанияларининг пуллари. Улар кўпинча Қозоғистондаги ўз иштирокини Нидерландия орқали тузилмалаштирадилар. Шунга кўра, Қозоғистон эмас, балки ушбу корхоналар ва бошқа компаниялар Нидерландиядаги ўз бош ташкилотларига қарздор», — деб тушунтирди.
Бундан ташқари, банкир ташқи қарз даражасини эмас, балки унинг ЯИМга нисбатан фоизини кузатишга чақирди. У 2018–2019 йилларда бу кўрсаткич ҳам 160–170 млрд долларни ташкил этганини, лекин ўшанда ЯИМнинг ўзи ҳам худди шу даражада бўлганини эслатди. Натижада, ташқи қарзнинг ЯИМга нисбати 110–120% га етган.
«Ҳозир бу 57–58%ни ташкил этмоқда, яъни қарз юки даражаси жуда пасайди. Шунинг учун мен биринчи навбатда мутлақ рақамга эмас, балки шунга эътибор бериш керак деб ўйлайман. Шундай қилиб, биз мамлакат сифатида ўсдик, қарз эса ўша даражада қолди», — дея таъкидлади Сулейменов.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Ўзбекистоннинг жами ташқи қарзи ЯИМга нисбатан 55,7% гача ўсди (2023 йил якунлари бўйича 51,9% эди).
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат қарзининг ўсиш суръатлари бироз пасайди, лекин айни пайтда корпоратив қарз олиш кескин ошди.
Аввалроқ Бош вазир ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров барқарор иқтисодий ўсиш шароитида Ўзбекистонга катта инвестициялар, жумладан ташқи қарзлар ҳисобига ҳам зарурлигини айтган эди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги охирги марта давлат қарзи бўйича 2022 йил якунларига доир шарҳни эълон қилган. Унда қарз жалб қилиш бўйича келишувлар рўйхати, кредит суммаси ва ставкаси, кредитор, лойиҳа номи, тўлаш муддати ва масъул вазирлик кўрсатилган эди. Ўшандан бери бундай батафсил шарҳлар эълон қилинмаяпти.
Марказий банк эса ўз навбатида, ташқи қарз бўйича охирги марта 2022 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича батафсил ҳисоботни эълон қилган, унда қарзнинг соҳалар кесимида, жалб қилиш муддатлари бўйича батафсил тузилмаси қамраб олинган эди.
Таққослаш учун: Қозоғистон Миллий банки ташқи қарз статистикасини мамлакатлар, соҳалар, валюталар, кредиторлар ва қарз олувчилар секторлари, мукофот ставкалари, тўлов жадвали бўйича ошкор қилади.

