
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 сентябрь куни ёпиқ суд мажлисларининг сир сақланиши шарт бўлган маълумотлари ва тафсилотларини ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни жорий этувчи қонунни имзолади. Ҳужжат имзоланган кундан бошлаб кучга кирди.
Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 22 апрелда қабул қилинган ва Сенат томонидан 28 майда маъқулланган. У «инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, шахсий ҳаёт дахлсизлигини, шахсий ва оилавий сирни, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни таъминлаш»га қаратилган.
Жиноят-процессуал кодекси 402-1-модда билан тўлдирилди, унга кўра мажлис иштирокчилари суд рухсатисиз маълумотларни ошкор қилиш тақиқланиши ҳақида огоҳлантирилади ва ошкор қилмаслик тўғрисида тилхат беради.
Тилхатда Жиноят кодексининг 239-моддаси бўйича жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш кўрсатилади. Энди у «Сўров маълумотларини, дастлабки тергов маълумотларини ёки ёпиқ суд мажлиси маълумотларини ошкор қилиш» деб номланади.
Хусусан, сўров ёки дастлабки тергов маълумотларини сўровчи, терговчи ёки прокурорнинг рухсатисиз ошкор қилиш, шунингдек, ёпиқ суд мажлисининг сир сақлаш мажбурияти юклатилган шахс томонидан суд рухсатисиз маълумотлари ва тафсилотларини ошкор қилиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача (20,6 млн сўм) жарима, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Қонунчилик палатасида қонун лойиҳасининг биринчи ўқишдаги муҳокамасида (25 февраль) Олий суд раиси ўринбосари Шуҳрат Полвонов ҳужжат Президент Администрациясининг 2024 йил сентябрдаги хати асосида «ҳозирги суд амалиётидаги муаммолар туфайли» ишлаб чиқилганини қайд этган эди.
Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал кодекслари ва Маъмурий суд ишларини юритиш кодексига кўра, агар давлат сирлари, ишлар тоифасидан келиб чиқадиган сирлар ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа сирларни ҳимоя қилиш талаб қилинса, ишни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқишга рухсат берилади.
Полвоновнинг сўзларига кўра, бу кодексларда ёпиқ судда муҳокама қилинган иш ҳолатларини ошкор этмаслик мажбуриятлари белгиланмаган эди.
У суднинг огоҳлантиришига қарамай, маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик белгиланган бошқа мамлакатлар тажрибаси ҳақида гапирди. Хусусан, унинг сўзларига кўра, Сингапурда 5000 долларгача жарима ёки 12 ойгача озодликни чеклаш, Қирғизистонда 200 дан 500 базавий ҳисоблаш миқдоригача, Қозоғистонда 2000 БҲМгача жарима ёки 600 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш жазолари назарда тутилган.
Эътиборли томони шундаки, ҳужжатнинг биринчи ўқишдаги муҳокамаси парламент қуйи палатасининг YouTube-каналида тўғридан-тўғри эфирда трансляция қилинган. Бироқ, бошқа қонун лойиҳаларидан фарқли ўлароқ, у ҳақдаги маълумот палатанинг сайти ва Telegram-каналида эълон қилинмаган. 2025 йил апрель ойида қонун қабул қилинганда ҳам, бу ҳақда парламент қуйи палатаси каналларида хабар берилмаган. Сенат қонуннинг маъқуллангани ҳақида хабар берган эди.

