Ўзбекистон Марказий банки TBC, Davr Bank ва Hamkorbankни 2,5 млрд сўм миқдорида жаримага тортди

Ўзбекистон Марказий банки (МБ) TBC Bank, Davr Bank ва Hamkorbank ишида истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишини аниқлади, дея хабар берди регулятор матбуот хизмати.

Текширувлар натижасида банкларга нисбатан жами тахминан 2,5 млрд сўм миқдорида жарима санкциялари қўлланилди, хусусан, TBC Bank’га — 615 млн сўм, Davr Bank’га — 931 млн сўм, Hamkorbank’га — 955 млн сўм жарима солинди. Уларга аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш ва истеъмолчиларга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти юклатилди.

Қандай қоидабузарликларга йўл қўйилган?

TBC Bank’да:

  1. Банк сайтида ахборотни ошкор қилиш ва мижозга минимал ҳажмдаги маълумотларни тақдим этиш талаблари бажарилмаган;
  2. Банкнинг гаров предметига бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги ёзувни гаров реестридан ўз вақтида чиқариб ташлаш ва юкни олиб ташлаш (обременение) амалга оширилмаган;
  3. Қарз олувчиларни уларнинг молиявий ҳолатини таҳлил қилиш зарурлиги ҳақида огоҳлантирмасдан онлайн-микроқарзлар берилган, келиб тушган маблағлар қарзни сўндиришга ўз вақтида йўналтирилмаган;
  4. Мижозларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда қонунчилик талабларига риоя қилинмаган.

Davr Bank’да:

  1. Бир хизматни фақат қўшимча хизматдан фойдаланиш шарти билан кўрсатиш;
  2. Хорижий валютадаги кредитлар бўйича кунлик фоизларни нотўғри ҳисоблаш (ундириш);
  3. Сайтда ахборотни ошкор қилиш ва мижозга минимал ҳажмдаги маълумотларни тақдим этиш талаблари бажарилмаган;
  4. Шартномаларга (ички қоидаларга) истеъмолчилар ҳуқуқларини чеклайдиган ва қонунчилик талабларига мос келмайдиган шартларни киритиш;
  5. Жисмоний шахслар билан тузилган шартномаларда кредитнинг тўлиқ қиймати кўрсатилмаганлиги;
  6. Мобил илова орқали онлайн-кредитларнинг истеъмол хусусиятлари ҳақида тўлиқ ва ишончли маълумот тақдим этилмаганлиги;
  7. Банкнинг гаров предметига бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги ёзувни гаров реестридан ўз вақтида чиқариб ташлаш ва юкни олиб ташлаш (обременение) амалга оширилмаган;
  8. Мижозларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда қонунчиликка риоя қилинмаган.

Hamkorbank’да:

  1. Сайтда ахборотни ошкор қилиш талаблари бажарилмаган, шартномаларда қонунчиликда назарда тутилган қоидалар мавжуд эмас;
  2. Кредит ҳужжатларини кўриб чиқиш ва кредит беришда, шунингдек, гаров мулкига юк қўйиш ва олиб ташлаш (обременение) учун бир марталик комиссияларни ноқонуний ундириш;
  3. Банкнинг гаров предметига бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги ёзувни гаров реестридан ўз вақтида чиқариб ташлаш ва юкни олиб ташлаш (обременение) амалга оширилмаган;
  4. Мижозларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда қонунчилик талабларига риоя қилинмаган.

Бундан ташқари, банкларга мижозлардан ноқонуний ушлаб қолинган маблағларни қайтариш мажбурияти юклатилди.

Мижозларга қайтарилган маблағлар

  1. TBC Bank мижозлар фойдасига кредитлар бўйича ортиқча ҳисобланган 2,5 млрд сўм фоизни, шунингдек, қарзни ундириш бўйича суд қарорлари чиқарилгандан сўнг ноқонуний ҳисобланган 1,7 млрд сўмни қайта ҳисоблади.
  2. Davr Bank истеъмолчиларга валюта кредитлари бўйича ортиқча ҳисобланган фоизлар ва кредит суммасидан ноқонуний ушлаб қолинган маблағлар, жами 4 млрд сўмни қайтарди.
  3. Hamkorbank кредит беришда ноқонуний ушлаб қолинган 19,2 млрд сўмни, шунингдек, юк қўйиш ва олиб ташлаш учун 1,5 млрд сўмни ҳамда шартномаларда назарда тутилмаган 54,9 млн сўм комиссияларни мижозларга қайтариш мажбуриятини олди.

Истеъмолчилар шикоятлари

Марказий банк истеъмолчиларнинг шикоятларининг бир қисми ҳам уларнинг фойдасига ҳал қилинганини таъкидлади. Жами 121 та шикоятдан 68 таси 2,4 млрд сўм миқдоридаги маблағларнинг қайтарилиши ёки ноқонуний ҳисоб-китобларнинг бекор қилиниши билан якунланди.

Хусусан, 20 та ҳолатда суд қарорларидан сўнг ноқонуний ҳисобланган 1,5 млрд сўмлик фоиз ва пенялар бекор қилинди, 26 та ҳолатда ортиқча ушлаб қолинган 635,8 млн сўм маблағ қайтарилди, 22 та ҳолатда эса 307,5 млн сўм ноқонуний комиссия ва тўловлар қайтарилди.

«Банк самарадорлиги истеъмолчиларга муносабати бўйича баҳоланиши керак»

Регулятор назорат чораларини фақат қоидабузарликларни бартараф этиш воситаси эмас, балки мижозларга хизмат кўрсатиш маданиятини шакллантириш омили сифатида кўришини таъкидлади.

«Молия ташкилотлари фаолиятининг самарадорлиги нафақат даромад ва операциялар ҳажми бўйича, балки истеъмолчиларга бўлган муносабати бўйича ҳам баҳоланиши керак», — дейилади хабарда.

Марказий банк мижозлар ҳуқуқларини бузаётган молия ташкилотларига нисбатан бундан кейин ҳам қатъий чоралар қўллашни ва текширувлар натижалари ҳақида жамоатчиликни мунтазам хабардор қилишни ваъда қилди.

2025 йил август ойида регулятор 23 та банк ва иккита микромолия ташкилотини (ММО), сентябрь ойида эса 9 та банк, 6 та ММО ва 4 та ломбардни жаримага тортган, аммо уларнинг номлари кўрсатилмаган эди. 2023 йилда МБ кредитлар ҳақидаги маълумотларни тўлиқ ошкор қилмаганлиги учун 16 та тижорат банкига жарима санкциялари қўллаган эди.