
Ўзбекистон қашшоқликни қисқартириш ва инсон капиталини ривожлантириш бўйича еттита устувор йўналишни қамраб олган стратегиясини амалга оширмоқда. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 17 сентябрь куни Наманганда бўлиб ўтаётган «Қашшоқликдан фаровонлик сари йўл» (Road to Prosperity) халқаро форумида баёнот берди.
Давлат раҳбари асосий эътибор фақат кам таъминланганларни ишга жойлаштиришга эмас, балки барқарор даромад келтирувчи доимий иш ўринларини яратишга қаратилаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, сўнгги 8 йил ичида 700 минг киши тадбиркор бўлиб, ўз бизнесини очган.
«Қувонарлиси, давлат бизнес учун шароит яратмоқда, тадбиркорлар эса ўз навбатида ижтимоий жавобгарликни ўз зиммаларига олиб, эҳтиёжмандларга иш ва даромад топишда ёрдам бермоқда. Бундай самарали ҳамкорлик туфайли фақатгина бу йилнинг ўзида 270 мингдан ортиқ кам таъминланган оила аъзолари доимий ишга эга бўлди», — деди.
Инфратузилма
Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликда қишлоқ жойларда турмуш шароитини яхшилаш, йўллар қуриш, тиббий ва таълим хизматларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган 5 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Инфратузилмани ривожлантириш ишлари оғир шароитларда яшовчи, 3,5 миллионга яқин аҳоли истиқомат қиладиган 1000 та маҳаллада олиб борилмоқда. 2024 йилда 470 минг хонадон сув таъминотига эга бўлди, яна 790 мингта уйда электр таъминоти яхшиланди.
2026 йилда маҳаллаларни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва иш ўринлари яратишга қўшимча 400 миллион доллар йўналтирилади. 32 та туман ва 328 та муаммоли маҳалла учун алоҳида ривожланиш дастури ишлаб чиқилади. Шунингдек, 810 та маҳаллада 1,3 миллиард долларлик инфратузилма лойиҳалари, жумладан, йўллар, сув таъминоти, канализация тизимлари, мактаблар ва болалар боғчалари қурилиши амалга оширилади.
Уй-жойга муҳтож ва кам даромадли фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили ипотека кредитларига 200 миллион доллар миқдорида субсидиялар ажратилмоқда.
Таълим
Президент сифатли таълим ривожланиш ва қашшоқликни қисқартиришнинг асосий омили бўлиб қолаётганини таъкидлади.
Болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27%дан 78%гача ўсди, бу эса 1 миллион нафар аёлга ўқишни бошлаш, касб ўрганиш ва даромад олиш имконини берди.
Келгусида қуйидагилар режалаштирилган:
- Кам таъминланган оилалар фарзандларини мактабгача таълим билан 100% қамраб олишни таъминлаш;
- Бундай болалар учун хорижий тилларни ўрганиш ва касбий курслар харажатларининг 80%ни қоплаш — бу 100 минг оилани қамраб олади;
- Ҳар бир қашшоқ оилада камида бир киши олий маълумотли бўлиши учун имтиёзли таълим кредитлари ва грантлар сонини ошириш;
- Хорижда тан олинадиган сертификатлар бериладиган Халқаро касб-ҳунар тайёрлаш марказларини ташкил этиш.
Соғлиқни сақлаш
Президент инсон салоҳиятини очиш ва барқарор ривожланишни таъминлаш соғлиқни сақлашни ҳимоя қилишсиз мумкин эмаслигини айтди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда 140 мингта кам таъминланган оилага оилавий шифокорлар бириктирилган ва улар учун ҳар йили тўлиқ тиббий кўрик ташкил этилмоқда.
Кам таъминланган оилаларнинг даволаниш харажатларини қисқартириш мақсадида кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмини кенгайтириш режалаштирилган. Уларга кафолатланган тиббий хизматлар пакети ва бепул дори-дармонлар тақдим этилади.
Ижтимоий ҳимоя
Давлат раҳбари қашшоқликка қарши курашнинг асосий йўналишларидан бири сифатида аҳолининг заиф қатламлари билан манзилли ишлашни қайд этди.
Бунинг учун ижтимоий ҳимоя тизими қайта ислоҳ қилинди: аввал олтита давлат тузилмасига тегишли бўлган ваколатлар Миллий ижтимоий ҳимоя агентлигида бирлаштирилди.
Мамлакатнинг барча туман ва шаҳарларида «Ягона дарча» тамойили асосида 100 дан ортиқ турдаги ижтимоий хизматларни кўрсатувчи «Инсон» марказлари ташкил этилган.
Ҳар бир маҳаллада оилалар билан проактив режимда ишлайдиган ижтимоий ходимлар фаолият юритмоқда.
Президент қашшоқликка айниқса мойил бўлган имконияти чекланган инсонларни қўллаб-қувватлаш зарурлигига ҳам эътибор қаратди. Уларни жамиятга интеграция қилиш бўйича янги инклюзив ёндашувлар ишлаб чиқилган.
Давлат раҳбарининг маълумотларига кўра, 2024 йилда 150 минг ногиронлиги бўлган фуқаро иш билан таъминланган. Уларга зарур тиббий мосламалар, ногиронлик аравачалари ва протезлар бепул тақдим этилмоқда.
Аёлларни қўллаб-қувватлаш
Шавкат Мирзиёев аёлларни жамиятнинг фаол иштирокчисига айлантириш масаласи давлат сиёсати даражасига олиб чиқилганини таъкидлади.
Ўзбекистонда аёлларни олийгоҳларда ўқитиш учун фоизсиз кредитлар, магистратурада бепул ўқиш имконияти жорий этилган.
Бундан ташқари, «Рақамли авлод қизлари» лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, унда 50 минг нафар қиз АТ, молия ва сунъий интеллект йўналишларида ўқитилади.
Бугунги кунда олийгоҳлардаги талабаларнинг 53% аёллар бўлиб, 2024 йилда 1,7 миллион нафар аёл иш билан таъминланди, деди Президент.
2025 йилдан бошлаб ижтимоий суғурта тизими қамровини сезиларли даражада кенгайтириш мўлжалланган, бу меҳнат бозорида аёллар учун тенг шароит яратади ва «қашшоқликка тушиб қолишдан кафолат» бўлади.
Мирзиёев форум иштирокчиларини келгуси йили Наманганда бўлиб ўтадиган Осиё ишбилармон аёллари форумига ҳам таклиф қилди.
Барқарор ривожланиш мақсадлари
Президент Ўзбекистоннинг барча давлат харажатларининг 70%дан ортиғи Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишга йўналтирилаётганини маълум қилди.
У БМТ ва халқаро ташкилотларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ривожланаётган мамлакатларга бу мақсадларга эришиш учун йилига 4 триллион доллардан ортиқ маблағ кераклигини таъкидлади ва «қашшоқликка қарши курашишнинг янги молиявий меъморчилигини» — хавфларни объектив баҳолаш, ресурсларни жалб қилиш ва сармоялар самарадорлигини ошириш тизимини ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёев янги ёндашув тамойилларини муҳокама қилиш учун 2026 йилда Хивада молия институтлари, донор ташкилотлар ва ҳамкор давлатлар иштирокида юқори даражадаги халқаро конференция ўтказишни таклиф қилди.
«Ишончим комилки: Ўзбекистон қатъий равишда қайтмас ислоҳотлар йўлида бормоқда ва қашшоқликни қисқартириш бўйича ҳам, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича ҳам ўз мажбуриятларини бажаради», — дея таъкидлади давлат раҳбари.
Президент форумда Ўзбекистон қашшоқликни икки баравар қисқартириш бўйича халқаро мажбуриятини муддатидан олдин бажаришга ва 2030 йилгача мутлақ қашшоқликни бутунлай тугатишга интилаётганини ҳам маълум қилди.

