
Ўзбекистонда стейблкоинлардан (рақамли валюталардан) ҳисоб-китоблар учун фойдаланишни, шунингдек, фонд бозорида активларни токенизация қилишни синовдан ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 10 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда ИЛМАга Марказий банк билан биргаликда тегишли топшириқ берди.
«Ҳисоб-китоблар учун тўлов воситаси сифатида стейблкоинлардан фойдаланишни синовдан ўтказишга, шунингдек, капитал бозорида қимматли қоғозларни токенизация қилишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш топширилди», — деди Пак.
У агентлик жамоаси Марказий банк ҳамда бошқа тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда «давлат раҳбарининг кўрсатилган топшириғини бажариш учун бор кучини сарфлашини» таъкидлади.
Аввалроқ Қирғизистонда 2025 йилда USDKG стейблкоини — олтин билан таъминланган ва Америка доллари курсига боғланган токенни ишга тушириш режалаштирилгани хабар қилинганди. Лойиҳа Қирғизистон Молия вазирлиги кўмагида амалга оширилмоқда, вазирлик токен захираси сифатида 500 миллион долларлик олтин тақдим этиши керак. Стейблкоин трансчегаравий операциялар ва халқаро савдода, Марказий Осиёга эътибор қаратган ҳолда қўлланилади.
2025 йил 10 сентябрь куни Қирғизистон биткоин захираси тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади.
Маълумот учун, стейблкоинлар (stablecoins) — курси бирор-бир активга, масалан, АҚШ доллари, евро ёки олтинга боғланган криптовалюта токенлари (криптовалюталар тури). Уларнинг эмиссияси марказлашган ташкилотлар томонидан амалга оширилади, улар кафолат сифатида ликвидли активлардан — миллий валюталар, давлат облигациялари ёки бошқа қимматли қоғозлардан фойдаланади. Энг машҳур стейблкоинлар USDT (Tether компанияси томонидан чиқарилади) ва USDC (Circle компанияси томонидан чиқарилади).
Токенизация — бу қимматли қоғозларга (масалан, акциялар ёки облигацияларга) бўлган ҳуқуқларни блокчейн ёрдамида рақамли шаклга ўтказиш. Қоғоз ёки электрон сертификатлар ўрнига (ҳозиргидек), ҳар бир қимматли қоғоз рақамли токенга — мулк ҳуқуқини тасдиқловчи блокчейндаги шифрланган ёзувга эга бўлади.
Аввалроқ, 2025 йил 10 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев финтех саноатини ривожлантириш бўйича таклифларни, жумладан, Марказий банк ҳузурида финтех-офис ва стартаплар учун инновацион марказ ташкил этишни маъқуллаган эди.