Ўзбекистон Маданият вазири яна рекламада — бу сафар университет рекламасида пайдо бўлди

Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков Kokand University хусусий университетининг реклама ролигида суратга тушди.

Вазир ёшларга университетнинг Андижондаги филиалига киришни тавсия қилган видео олийгоҳнинг расмий саҳифасида 2025 йил 4 июль куни эълон қилинган.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси (реклама бозори регулятори) «Газета» сўровига жавобан вазиятни реклама тўғрисидаги қонунчилик доирасида ўрганаётганини маълум қилди.

Қонуннинг 16-моддасига кўра, рекламада товар ёки хизмат давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан маъқулланганини кўрсатиш тақиқланади. Шу боис, қўмита фақат университетга нисбатан чора кўриши мумкин.

«Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасига кўра, амалдорга педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари бошқа ҳақ тўланадиган фаолият билан шуғулланиш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслардан уларнинг манфаатлари йўлида ўз хизмат ваколатларини бажаргани ёки бажармагани учун ҳар қандай мукофот, наф ёки совға олиш тақиқланади.

Агар вазир бундай рекламани ўз саҳифаларига жойлаштирса, бу қонунчиликни бузиш ҳисобланар эди. Давлат хизматчисининг ҳаракатларига эса бу соҳада махсус ваколатли давлат органи бўлган Бошқарув самарадорлиги агентлиги (собиқ Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги) томонидан баҳо бериш мумкин.

Бу вазирнинг рекламада иштирок этиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. 2024 йилда Назарбеков эркаклар кийим дўкони рекламасида пайдо бўлган эди. Ўшанда вазият баҳсларга сабаб бўлган, вазир матбуот хизмати эса у моддий манфаатни кўзламаганлигини маълум қилган эди.

Ўшанда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси текширув ўтказиб, дўконни реклама тўғрисидаги қонунни бузган деб топган эди, чунки ролик товар давлат мансабдори томонидан маъқулланган деган таассуротни уйғотган. Дўкон 23,8 млн сўм жаримага тортилган, аммо вазирнинг ўзи бунга алоқадор эмас деб топилган: у реклама берувчи, ишлаб чиқарувчи ёки тарқатувчи сифатида қатнашмаган.