Президент — тўқимачилик корхоналарининг 2,2 млрд доллар қарзи ҳақида

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 13 август куни ялпи ички маҳсулотнинг 3%ни ва мамлакат саноат ишлаб чиқаришининг 14%ни ташкил этувчи тўқимачилик саноатини янада қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилди.

Давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадовнинг хабар беришича, сўнгги беш йилда соҳада 3,5 млрд долларлик 396 та йирик корхона ишга туширилган, ишлаб чиқариш ҳажми 10 млрд долларга етган. Секторда 500 мингдан ортиқ киши банд бўлиб, бу барча саноат ходимларининг 20%ни ташкил этади.

Шу билан бирга, ишлаб чиқариш ва экспорт суръатлари пасайгани кузатилмоқда. Президентнинг сўзларига кўра, халқаро вазиятни ҳисобга олган ҳолда, бу ишлаб чиқариш, иш ўринлари ва экспорт ҳажмларини сақлаб қолиш учун тезкор чораларни талаб қилади.

2022 йилдан бери жаҳонда пахта нархлари пасаймоқда: сўнгги 3 йил ичида нарх тоннаси учун 3000 доллардан 1500 долларга тушди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бу кластерлар учун муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Хусусан, тадбиркорлар янги ҳосил ҳисобидан эски қарзларини тўламоқдалар. 2022-2023 йиллар учун пахта хомашёсини сотиб олишга берилган имтиёзли кредит 3 марта узайтирилган. Ўтган йили пахта нархини тушириш учун тоннасига 1 млн сўм миқдорида субсидия ажратилган.

Мирзиёев «жаҳон бозорида нархларнинг кескин пасайиши бугун бошланмаганини» ва иқтисодий блок илмий ташкилотлар билан биргаликда олдиндан турли сценарийлар ва ечимларни тайёрлаши кераклигини таъкидлади.

Давлат раҳбари толани қайта ишлаш учун етарли қувватга эга бўлмай туриб, арзон давлат ресурслари ҳисобига пахта «чайқовчилиги» билан шуғулланаётган айрим «тадбиркор» компаниялар фаолиятини танқид қилди.

Қайд этилишича, тўқимачилик корхоналарининг тижорат кредитлари бўйича қарзи 2,2 млрд долларни ташкил этган, шу билан бирга кредитларнинг 90-95% хорижий валютада берилган, корхоналарнинг 16% халқаро сертификатга эга.

«Бундай шароитда корхоналар ташқи бозорда қандай рақобатлашади, кредитларни қандай қайтаради?» — дея савол қўйди президент.

Ҳар бир вилоятда 10-15 тадан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар бўлса-да, брендлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва замонавий стандартларга ўтиш борасидаги ишлар ортда қолмоқда.

Андижон, Наманган, Фарғона, Навоий ва Тошкент вилоятларида толани қайта ишлаш қувватлари ўз хомашёси ҳажмидан 2-2,5 баробар юқори.

Шунга қарамай, ҳокимлар вилоят инвестиция дастурларини ишлаб чиқишда ип ишлаб чиқариш лойиҳаларини таклиф қилишда давом этмоқда, дея қайд этди президент ва бунга эътироз билдирди.

У, шунингдек, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари томонидан тўқимачилик маҳсулотлари экспортига янада фаол кўмаклашиш муҳимлигини таъкидлади.