Ўзбекистонда аралаш ип ва мато 2028 йилгача божхона тўловларидан озод этилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 13 август куни бўлиб ўтган йиғилишда тўқимачилик саноатини қўллаб-қувватлаш бўйича яна бир қатор чора-тадбирларни эълон қилди.

Аввалроқ хабар берганимиздек, давлат раҳбари тўқимачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш учун «Зарбдор 100 кунлик» тадбирини бошлаш ҳақида эълон қилган эди. Унда корхоналарнинг 2,2 миллиард долларлик кредит қарздорлиги, шунингдек, 377 миллиард сўм пеняни ҳисобдан чиқариш, кластерлар учун кредит муддатларини узайтириш, фермерларга субсидия бериш ва ижтимоий солиқ ставкасини 1 фоизгача камайтириш каби чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Бундан ташқари, ўз ходимлари фарзандлари учун боғчалар ташкил этган тўқимачилик корхоналарига худди хусусий боғчалар каби ҳар бир тарбияланувчи учун субсидия берилади.

Энергетика ва ишлаб чиқариш муаммолари

Президент электр таъминоти муаммоларини ҳам муҳокама қилди. Корхоналарга ўз эҳтиёжлари учун ўрнатилган қуёш панелларини тармоққа улашга рухсат берилади. Бу мақсадлар учун фоиз ставкасининг 10%гача қисми қопланган ҳолда 200 миллион долларлик кредит маблағлари ажратилади.

«Тўқимачилик корхоналари учун қатор имтиёзлар беряпмиз. Лекин, пахта иши икки қўл билан бўлади», — дея қайд этди Мирзиёев.

Ҳозирда 15 та кластерда толани қайта ишлаш қувватлари мавжуд эмас, 12 тасида эса улар етарли эмас. Бундай корхоналар хомашё етишмайдиган йигирув фабрикалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиши керак.

Улардан янги қайта ишлаш лойиҳаларига қўшимча инвестициялар талаб қилинмайди — уларга жозибадор молиявий механизмлар таклиф қилинади. Бироқ, агар кластер ушбу тизим доирасида толани қайта ишлашни бошламаса, келаси йилдан у кластер мақомидан ва пахта ҳосилини сотиб олиш учун имтиёзли кредит олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

Таннархни пасайтириш ва экспортни ошириш

Ўзбекистонда ип ва мато нархи асосий рақобатчиларникига қараганда ўртача 10-15% юқори, чунки маҳсулот таркибида пахта 90%ни ташкил этади, хорижда эса 30-40% арзонроқ синтетик материаллар — полиэстер, вискоза, спандексга тўғри келади.

Жаҳонда сунъий тола ва аралаш матоларга талаб ортиб бормоқда. Ўзбекистонга ҳар йили 100 минг тонна аралаш мато, ип ва газлама импорт қилинади. Шу муноосибат билан 2028 йил 1 январгача аралаш ип ва мато божхона тўловларидан озод этилади.

Йил охирига қадар камида 100 минг тонна аралаш мато ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни бошлаш топширилди.

Агар бир нечта бўяш корхонаси тозалаш иншоотлари қуриш учун бирлашса, харажатларнинг бир қисми уларга Савдони ривожлантириш компанияси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Чет ҳудудлардаги фабрикалар

Ўтган йили 5 миллион доллардан ортиқ маҳсулот экспорт қилган 55 та корхонанинг ҳар бири камида 200 нафар ходимни иш билан таъминлаган. Уларнинг аксарияти вилоят марказлари ва саноати ривожланган туманларда жойлашган.

Давлат кўмагида бу корхоналар чекка ва кам ривожланган ҳудудларда ўз филиалларини очишга тайёр. Бунинг учун уларга Марказий банкнинг асосий ставкаси бўйича 5 йил муддатга 10 миллиард сўмгача кредитлар ажратилади ва хорижий дизайнер, технолог, конструктор ҳамда маркетологларнинг иш ҳақи компенсация қилинади.

Шарт — камида 200 та муносиб иш ҳақи тўланадиган иш ўрни яратиш. Бу чора-тадбирлар доирасида 2024 йилда 20 та, 2025 йилда эса яна 30 та тикувчилик фабрикасини ишга тушириш режалаштирилган. Дастурни амалга ошириш Қорақалпоғистондан бошланади.

Президент йиғилишда тўқимачилик, чарм-пойабзал ва ипак саноати билан шуғулланадиган Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ташкил этилишини ҳам маълум қилди. Агентлик фонди 200 миллион долларни ташкил этади.