
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 31 июль куни қишлоқ хўжалигида рақамлаштириш ва космик маълумотлардан фойдаланиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Давлат раҳбари матбуот хизмати хабар беришича, «Ўзбеккосмос» агентлиги ва аэрокосмик технологиялар ёрдамида қишлоқ ва сув хўжалигидаги ишларнинг реал ҳолати ҳамда мавжуд муаммоларни холисона аниқлаш мумкин бўлади.
Сўнгги 2 йилда 4 миллион гектардан ортиқ қишлоқ хўжалиги ерларининг космик мониторинги натижаларига кўра, ҳисоботларда пахта экилган деб кўрсатилган баъзи участкаларда у аслида етиштирилмаган. Қатор ҳолларда экиш захира ерларда ёки эгаси номаълум бўлган участкаларда амалга оширилган.
Давлат раҳбари қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун давлат томонидан ажратилаётган кредитлардан мақсадли фойдаланишни масофадан мониторинг қилиш тизимини жорий этишни топширди.
Иқлим ўзгаришлари ва сув тақчиллиги ошиб бораётган шароитда янги қурғоқчиликка чидамли навлар ва агротехнологиялар жорий этилмоқда. Бироқ, суғоришда қўлланиладиган сув сарфи меъёрлари эскирган ва замонавий талабларга жавоб бермайди. Шунингдек, гидромодуль районлаштириш усули ҳам эскирган, шу сабабли каналларнинг қуйи оқимида жойлашган 3000 дан ортиқ фермер сувсиз қолмоқда.
Шавкат Мирзиёев қишлоқ ва сув хўжалиги тизимидаги илмий-тадқиқот институтларини жалб қилган ҳолда суғориш меъёрлари ва гидромодуль районлаштириш тизимини тўлиқ қайта кўриб чиқиш вазифасини қўйди.
Бироқ, мамлакатда ҳанузгача фермер хўжаликлари томонидан истеъмол қилинадиган сувнинг аниқ ҳисоби мавжуд эмас. Шу муносабат билан президент сувдан фойдаланишнинг барча босқичларини рақамлаштириш, контур бўйича сув ҳисобини жорий этишни топширди.
Шунингдек, давлат раҳбари яқин вақтгача сув омборларининг сиғими лойиҳа маълумотлари асосида ҳисоблаб келинганини, бу эса реал вазиятни акс эттирмаслигини таъкидлади. 2 йил ичида илк бор 60 та йирик сув омборида батиметрик таҳлил ўтказилди, бу эса уларнинг ҳажмининг лойқаланиш туфайли сезиларли даражада камайганини кўрсатди.
Шу муносабат билан барча сув омборларига «ақлли» ҳисоблагичлар ўрнатиш, сув ҳажмини онлайн мониторинг қилишни йўлга қўйиш ва лойқаланишни камайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилиш топширилди.
«Ер ва сув — бутун қишлоқ хўжалигимиз келажаги масаласи», — деди президент.
2023 йилда Ўзбекистон сув танқислиги кучайган давлатларнинг топ-30 талигига киргани, 164 та давлат орасида 25-ўринни эгаллагани хабар қилинган эди. Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистонда тоза сув тақчиллиги 2030 йилга бориб 7 миллиард куб метрга етиши мумкин — бу 4 та Чорвоқ сув омбори ёки қарийб иккита Тузкан кўли ҳажмига тенг. 2050 йилга бориб тақчиллик икки баравар ошади.