
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ёшлар орасида синтетик гиёҳванд моддалар ва дорихона препаратларига қарамлик тобора кенг тарқалмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош наркологи – Руҳий саломатлик республика ихтисослаштирилган илмий-амалий маркази директори Зарифжон Ашуров хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда мамлакатда 5000 га яқин киши наркологик диспансерларда ҳисобда туради. Улар орасида ҳатто 10 ёшли бола ҳам бор.
Мутахассиснинг таъкидлашича, гиёҳвандликка қарши курашда организмни даволашдан ташқари, психологик муаммоларни ҳал этиш ва ижтимоийлашувга эътибор қаратиш зарур.
«Ҳозир гиёҳвандлик асосан руҳий касалликлар билан боғлиқ. Биз ёшлар билан суҳбатлашганимизда, аксарияти айнан психологик муаммоларни сабаб қилиб кўрсатади: „Яқинларим мени эшитмайди“, „Менинг фикрим ҳеч кимга керак эмас“», – дея тушунтирди шифокор.
2024 йили Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази раҳбари Равшан Маматов ёшлар орасида «дорихона гиёҳвандлиги» кенг тарқалаётганини маълум қилган ва минтақа давлатларини унга қарши курашда саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга чақирган эди.
Ўшанда Тошкент ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова ҳам пойтахт мактаб ўқувчилари орасида синтетик гиёҳванд моддалар истеъмоли ўсиб бораётганини қайд этган эди. «Буни инкор этиб бўлмайди. Ижтимоий хавфни ҳисобга олган ҳолда, мен уни эътиборсиз қолдирмаслик керак деб ҳисоблайман», – деганди.
Ўзбекистонда дорихона гиёҳвандлигига қарши кураш бир неча йилдан буён олиб борилмоқда. Хусусан, 2019 йил декабрь ойида кучли таъсир этувчи дори воситаларини фақат рецепт бўйича ва фақат ижтимоий дорихоналардан сотиб олиш тартиби жорий этилган эди. Ўшандаёқ бундай препаратларнинг янги рўйхати тасдиқланган бўлиб, унга залеплон («анданте»), прегабалин («лирика») ва тропикамид кабилар киритилган.
Шунга қарамай, бу препаратларнинг ноқонуний айланмасига уринишлар давом этмоқда.