
Ўзбекистон расмийлари Humans компанияси асосчиси ва раҳбари Владимир Добрининни Интерпол орқали халқаро қидирувга эълон қилди. Унинг исми Интерпол сайтидаги «қизил билдиришномалар» рўйхатида пайдо бўлди.
«Интерпол қизил билдиришномаси» (Red Notice) — бу шахсни қидириш ва ҳибсга олиш бўйича халқаро сўровдир. Мамлакат бошқа давлатлардан шахсни топиш ва кейинчалик уни экстрадиция қилиш (топшириш) масаласини ҳал қилиш учун вақтинчалик ҳибсга олишни сўрайди.
Унга нисбатан қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш, шунингдек, даромадларни легаллаштириш (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни ювиш) айблови қўйилган.
Халқаро ташкилот маълумотларига кўра, 52 ёшли Добринин Австрияда туғилган ва Россия фуқароси ҳисобланади.
Ўзбекистондаги Humans иши
HUMANS.uz — финтех-сервис, уяли алоқа хизматлари ва маркетплейсни бирлаштирган илова ҳисобланади. 2022 йил июнь ҳолатига кўра, Humans сервисларининг фаол фойдаланувчилари сони 2 миллиондан ошган эди. Ўша пайтда Ўзбекистонда Humans компаниясининг 1134 та савдо нуқтаси очилган бўлган.
2025 йил май ойида Сингапурнинг Humans Mobile Ltd компанияси (Humans’нинг Ўзбекистондаги таъсисчиси) Жаҳон банки ҳузуридаги Инвестициявий низоларни ҳал этиш бўйича халқаро марказга (ICSID) Ўзбекистон ҳукуматига қарши даъво аризаси киритди.
Компания Ўзбекистон давлат органларини (жумладан, Марказий банк ва «Ўзбектелеком»ни) бизнесга тизимли равишда зарар етказишда ҳамда Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги инвестицияларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги икки томонлама битимни бузишда айблади.
2026 йил январь ойида арбитраж трибунали таркиби шакллантирилди.
Халқаро даъво билан бир қаторда компания мамлакат ичида ҳам судлашмоқда. 2025 йил 14 октябрда Тошкент шаҳар банклараро иқтисодий суди Octobank (собиқ Равнақ-банк) аризасига биноан «Humans» МЧЖни банкрот деб топди. Қарздорлик тахминан 430 миллиард сўмга баҳоланмоқда (бу 2025 йил июнь ойида тўхтатилган Visa кобрендинг карталарига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ).
«Ўзбектелеком» давлат компанияси суд орқали инфратузилма хизматлари учун 532 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ундиришни талаб қилди. Humans ушбу қарор устидан Рақобатни ривожлантириш қўмитасига шикоят қилишга уриниб, «Ўзбектелеком»ни монопол юқори нархларда айблади.
Ишга фирибгарлик бўйича айбловлар ва компаниядаги улуш учун ички низолар ҳам қўшилди. Ўзбекистон фуқароси Максим Сиданов лойиҳага 12 миллион доллар инвестиция киритганини ва келишувлар асосида Humans компаниясидаги 66 фоиз улушга даъвогарлик қилаётганини билдирди.
2025 йил охирида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда мижозларнинг Humans карталаридан маблағлар ноқонуний равишда ечиб олинаётгани ҳақидаги оммавий шикоятлари пайдо бўлди. Компания буни техник носозликлар ва ҳужумлар билан изоҳлади. Марказий банк текширув ўтказди ва ҳуқуқий баҳо бериш учун материалларни Тошкент шаҳар ИИББга топширди.
2025 йилнинг июль ойида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари PayWay тўлов ташкилоти ҳаммуассиси ва кузатув кенгаши аъзоси Беҳзод Ботировни қўлга олишди. Humans гуруҳига тегишли бўлган UPay тўлов ташкилотининг 6,5 йилдан ортиқ вақт давомидаги собиқ бош директори ва илгари Humans топ-менежери бўлган шахс Тошкент шаҳар Яккасарой туман судининг қарори билан 4 июль куни ҳибсга олинди. Унга Жиноят кодексининг 278-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари — «қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш» бўйича айб қўйилган.