
Товарлар нархини сунъий равишда пасайтирадиган (демпинг қўллайдиган) ва инсофсиз рақобат олиб борадиган тадбиркорларга нисбатан масъул вазирлик ва идоралар чора кўриши керак. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг Жаҳон савдо ташкилоти масалалари бўйича вакили Азизбек Ўрунов «Фикр етакчилари» подкастида маълум қилди.
Мулозим подкаст давомида яширин иқтисодиётга қарши курашиш ва тадбиркорлар учун ўйин қоидаларини тенглаштириш борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Подкаст бошловчиларидан бири Лазиз Адҳамов яширин иқтисодиёт туфайли юзага келаётган соғлом бўлмаган рақобат ва ўйин қоидалари ҳамма учун бир хил эмаслигини танқид қилди.
Унинг сўзларига кўра, маҳаллий кондиционер ишлаб чиқарувчи қонун доирасида ишлаб, барча солиқларни тўлаётган бир пайтда, айрим тадбиркорлар Хитойдан 12 BTU қувватга эга кондиционерларни олиб келиб, уларга 18 BTU деб тамға босмоқда ва устига, масалан, 20 доллар устама қўйиб сотмоқда. Бу харидорларда «кучлироқ кондиционер анча арзон экан» деган алдамчи таассурот уйғотади ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун адолатсиз рақобатни юзага келтиради. Шу билан бирга, бундай тадбиркорлар Хитойнинг суғурта ва логистика кўринишидаги қўллаб-қувватловига таянади.
Азизбек Ўрунов бу жараёнда ҳукумат тўғри воситалардан фойдаланиши кераклигини қайд этди. Хусусан, ваколатли органлар антидемпинг сиёсати каби жавоб чораларини қўллаши лозим.
«Агар бирор Хитой компанияси келиб, шартли равишда Artel компаниясига қарши инсофсиз рақобат қилса… Агар ушбу товарнинг Хитойдаги реал нархи 1000 доллар бўлса-ю, Ўзбекистонда у 800 доллардан сотилаётган бўлса, унда масъул вазирликлар уларнинг бўғзидан олиши керак», — деди.
Лазиз Адҳамов гап божхона тўловлари тўланган ҳолда қонуний олиб кирилган товарлар ҳақида эмас, балки айнан ноқонуний йўл билан (хусусан, «Абу Сахий» бозори орқали) олиб кириладиган, рўйхатдан ўтмайдиган ва чексиз сотиладиган маҳсулотлар ҳақида кетаётганини аниқлаштирди. У «Абу Сахий» бозорида бундай тадбиркорларнинг «бўғзидан оладиган» идора йўқлигини қўшимча қилиб, контрабандага қарши курашиш мураккаблигини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан Лазиз Адҳамов чора кўриш учун тизим барча тадбиркорларга нисбатан бир хил шаффоф ишлаши кераклигини қайд этди.
ЖСТга аъзо бўлишдан кейин импорт божлари пасайиши ҳисобига яширин иқтисодиёт қисқарадими, деган саволга Азизбек Ўрунов: «Сўзсиз», — деб жавоб берди. Унинг тушунтиришича, музокараларда мамлакатлар тарифларни максимал даражада юқори сақлаб қолишга ҳаракат қилишса-да, аслида улар бозорни очиш ва либерал сиёсат юритишдан манфаатдор.
«Икки томонлама музокараларда ҳар бир давлатнинг мақсади — бозорни очиш. Тарифлар нуқтаи назаридан ҳар бир музокара гуруҳининг вазифаси — уларни иложи борича юқори даражада ушлаб қолишга ҳаракат қилиш. Аммо бугунги кунда кўплаб мамлакатларнинг амалдаги тарифларига қарасангиз, улар анча либерал», — деди Ўрунов.
Мисол тариқасида у Жанубий Кореяни келтирди: ЖСТ олдидаги мажбуриятлар нуқтаи назаридан унинг тарифлари жуда юқори, лекин амалиётда мамлакат паст (либерал) ставкаларни қўллайди.
«Чунки улар иқтисодиёт бундан кўпроқ фойда олишини билишади. Лекин музокара ўтказувчи сифатида менинг вазифам — ўз мамлакатим учун имкон қадар кўпроқ „люфт“ (келажакда зарурат туғилганда тариф сиёсатини ўзгартириш учун захира имконияти) қолдиришдир. ЖСТга кираётган аксарият давлатлар ҳам аҳмоқ эмас — улар амалдаги тариф сиёсатига нисбатан бозорни либераллаштириш ва очишга ҳаракат қилишади. Музокаралар ҳам шу асосда олиб борилади», — дея хулоса қилди ЖСТ бўйича вакил.