
Кения фуқаролари энди Россия томонида Украинага қарши урушга жалб этилмайди. Бу ҳақда Кения ташқи ишлар вазири Мусалия Мудавади Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича маълум қилди.
Мудавадининг сўзларига кўра, томонлар кенияликлар энди Россия Мудофаа вазирлиги орқали қуролли кучларга хизматга жалб этилмаслигига келишиб олганлар.
«Биз кенияликлар энди мудофаа вазирлиги орқали қуролли кучларда хизмат қилишга жалб этилмаслигига келишиб олдик. Кенияликлар энди махсус ҳарбий операцияда иштирок этишга жалб қилинмайди», — деди (ТАСС иқтибоси).
Кения ТИВ раҳбари, шунингдек, мамлакат расмийлари ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган ва Россияда даволанаётган ўз фуқароларига ёрдам кўрсатишини таъкидлади.
«Россия Федерацияси касалхоналарда ва бошқа фуқаролик муассасаларида бўлган Кения фуқароларига консуллик киришини таъминлашга, ярадорларни репатриация қилишга кўмаклашишга, шунингдек, ҳалок бўлганларнинг жасадларини муносиб тарзда қайтаришни таъминлашга рози бўлди. Шунингдек, биз ҳарбий ҳаракатларда қатнашаётган ва уларни тарк этишни хоҳловчи кенияликларнинг чиқиб кетишига кўмаклашишга ҳамда дипломатик каналлар орқали тегишли компенсацияларни кўриб чиқишни тезлаштиришга келишиб олдик», — деб ёзди Х тармоғида.
Унинг сўзларига кўра, у Кениянинг Жиноят кодекси 68-моддасида кўзда тутилган, президентнинг ёзма рухсатисиз ўз фуқароларининг хорижий қуролли кучларда иштирок этишини тақиқловчи ҳуқуқий позициясини тасдиқлаган. Шу муносабат билан мамлакат можарода иштирок этиш учун фуқароларни ёллаш бўйича «стоп-лист»га киритилган.
«Томонлар, шунингдек, адаштирувчи ёллаш схемалари орқали заиф фуқаролардан фойдаланувчи одам савдоси ва ноқонуний миграция тармоқларига қарши курашиш учун Кения ва Россия Федерацияси ўртасида маълумот алмашинувини кучайтиришга келишиб олдилар. Кения ўз фуқаролари қаерда бўлишидан қатъи назар, уларнинг хавфсизлиги, қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш содиқ қолади», — деб хабар берди ТИВ раҳбари.
Аввалроқ Мудавади Кения фуқаролари Россия қуролли кучлари сафига ҳам ихтиёрий, ҳам мажбурий тарзда кириб қолганини айтган эди.
2026 йил февраль ойида Кения Миллий разведка хизмати Россия армиясига мамлакатнинг минг нафардан ортиқ фуқароси ёлланганини маълум қилди. Унинг маълумотларига кўра, 2026 йил бошида фронт чизиғида 89 нафар кениялик бўлган. Уларнинг бир қисми, даъво қилинишича, иш ҳақидаги ёлғон эълонларга ишониб қолган.
Bloomberg маълумотларига кўра, Кения аҳолисига Россияда ҳайдовчи ёки қўриқчи бўлиб ишлаш ваъда қилинган, расмийлар эса ёллаш билан «виждонсиз агентликлар» шуғулланаётганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, россиялик ҳарбийларга ихтиёрий равишда асирга тушишда ёрдам бериш учун яратилган Украинанинг «Хочу жить» давлат лойиҳаси Россия қуролли кучлари билан шартнома тузган ва Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган 1110 нафар Ўзбекистон фуқаросининг исм-шарифи келтирилган рўйхатни эълон қилган эди. ТИВ ваколатли органлар ушбу маълумотни текширишни бошлаганини маълум қилган. Агар маълумотлар тасдиқланса, ватанга қайтгач, ёлланма ишчиларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади.