Ўзбекистон ТИВ: Ваколатли органлар 1110 нафар ўзбекистонликнинг Украинага қарши урушда иштирок этгани ҳақидаги маълумотларни текширмоқда

Ўзбекистоннинг ваколатли органлари мамлакатнинг Россия Қуролли Кучлари билан Украинага қарши урушда иштирок этиш учун шартнома тузган 1110 нафар фуқароси ҳақидаги маълумотларни текширишни бошлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Россия ҳарбийларининг ихтиёрий равишда асир тушишига ёрдам бериш учун ташкил этилган Украинанинг “Хочу жить” давлат лойиҳаси Россия Федерацияси Қуролли Кучлари билан шартнома тузган ва Украинага қарши жанг ҳаракатларида қатнашган Ўзбекистон фуқароларининг исмлари келтирилган рўйхатини эълон қилган эди.

Агар уларнинг жанговар ҳаракатларда иштирок этгани ҳақидаги маълумот тасдиқланса, ватанга қайтганидан кейин рўйхатдаги фуқароларни қандай оқибатлар кутаётгани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, ТИВ матбуот котиби: “Республика қонунчилигида мамлакат ташқарисида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш тақиқланган. Тегишли чоралар қўлланилади”, – деди.

“Газета.uz” Россия томонида уруш қилаётган бир қатор фуқароларнинг Россия фуқаролиги борлиги ҳақидаги Украина томонининг хабарига эътибор қаратди, шу билан бирга Ўзбекистонда, маълумки, икки фуқароликка йўл қўйилмайди.

“Дарҳақиқат, бизда икки фуқаролик тақиқланган. Тегишли чоралар қўлланилади”, – деди ТИВ вакили бундай фуқароларга нисбатан қандайдир санкциялар қўлланилиши ҳақидаги саволга жавоб берар экан.

Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, Ўзбекистон расмийлари “Ўзбекистон фуқароларининг хориждаги ҳар қандай ҳарбий ҳаракатларга жалб этилишига йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида мунтазам равишда хабардор қилиб боришини” таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Адлия вазирлиги бир неча бор ўзбекистонликларнинг учинчи давлатлар ҳудудида ва улар томонида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирган. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра, ёлланмачилик, яъни хорижий давлат ҳудудида уруш қилаётган ёки ҳарбий ҳаракатларда қатнашаётган мамлакат фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси бўлмаган ёки уруш қилаётган томон назорати остидаги ҳудудда доимий яшамайдиган шахснинг моддий мукофот олиш мақсадида қуролли можарода ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

ЖКнинг 154-1-моддасига кўра, Ўзбекистон фуқаросининг хорижий давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик органлари, полиция, ҳарбий адлия ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши 300 бараваргача базавий ҳисоблаш миқдори (112,5 миллион сўм) миқдорида жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, ёлллаш ҳолатида эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.