
Россия ҳарбийларининг ихтиёрий равишда асир тушишига ёрдам бериш учун ташкил этилган Украинанинг давлат “Хочу жить” лойиҳаси Россия Федерацияси Қуролли Кучлари билан шартнома тузган ва Украинага қарши жанг ҳаракатларида қатнашган 1110 нафар Ўзбекистон фуқаросининг рўйхатини эълон қилди.
Эълонда қайд этилишича, бу тўлиқ рўйхат эмас. Россия фуқаролигига эга бўлган ўзбекистонликларни ҳисобга олсак, урушга жалб қилинган ўзбекистонликларнинг умумий сони бир неча мингга етиши мумкин.
Эълон қилинган рўйхатда камида 109 нафар ҳалок бўлганлар бор. Уларнинг энг кичиги 21 ёшга тўлмаган, энг каттаси эса 62 ёшда бўлган. Ёлланма аскарлардан бири шартнома имзоланганидан саккизинчи куни ҳалок бўлган.
“Аниқлик киритиб ўтамиз – бу ҳарбий асирлар рўйхати эмас. Бу Россия Федерацияси томонида Украинага қарши уруш қилаётган ёки уруш қилган Ўзбекистон фуқароларининг рўйхати”, – дейилади лойиҳа хабарида.
Эълон муаллифларининг қайд этишича, ўзбекистонликлар кўпинча Россия армияси билан босим остида – “рейдлар ва депортация таҳдидлари” остида шартнома имзолашади.
Лойиҳа Ўзбекистон ҳокимиятини мамлакат фуқароларини Россия армияси сафига ёлллаш амалиётига эътибор қаратишга чақирди ва бунга чек қўйишда ёрдам беришига умид билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Адлия вазирлиги бир неча бор ўзбекистонликларнинг учинчи давлатлар ҳудудида ва улар томонида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирган. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра, ёлланмачилик, яъни хорижий давлат ҳудудида уруш қилаётган ёки ҳарбий ҳаракатларда қатнашаётган мамлакат фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси бўлмаган ёки уруш қилаётган томон назорати остидаги ҳудудда доимий яшамайдиган шахснинг моддий мукофот олиш мақсадида қуролли можарода ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
ЖКнинг 154-1-моддасига кўра, Ўзбекистон фуқаросининг хорижий давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик органлари, полиция, ҳарбий адлия ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши 300 бараваргача базавий ҳисоблаш миқдори (112,5 миллион сўм) миқдорида жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, ёлллаш ҳолатида эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
2023 йилдан бошлаб Ўзбекистон судлари бундай ишлар бўйича бир қатор қарорлар чиқарди. Бироқ, сўнгги йилда ёлланмачилик учун ҳукмлар нисбатан юмшоқ чиқарилмоқда. Агар 2023 йил октябрь ойида 2014-2015 йилларда ўзини ўзи эълон қилган ДХР томонида Украинада урушган Тошкент вилоятида яшовчи шахс беш йилга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, 2025 йил январида апелляция инстанцияси ДХРда урушган фуқаро учун олти йиллик қамоқ жазосини шартли жазога алмаштирди.
2024 йил ноябрь ойида Россия томонида Украинадаги жанг ҳаракатларида иштирок этгани учун медаль ва Россия фуқаролиги билан тақдирланган 22 ёшли ўзбекистонлик ҳам беш йиллик қамоқ ўрнига шартли жазо олди.
2024 йил декабрида Ўзбекистондаги суд Россия томонида Украинадаги урушда иштирок этган 39 ёшли эркакни 4 йил ва 2 ойга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилди. Судланувчи жанг ҳаракатлари даврида 10 дан ортиқ украин аскарини ўлдирганини айтган.