Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 01/03/2026

«Дори воситалари импорти — 2 млрд доллар, биз бу кўрсаткични камайтиришимиз керак» — Божхона қўмитаси раиси

Ўзбекистон Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов 2026 йил 22 январь куни фармацевтика соҳаси вакиллари билан учрашувда дори воситалари импортини тартибга солиш, сифат назоратини кучайтириш ва тўпланиб қолган муаммоларни биргаликда ҳал этиш зарурлигини таъкидлади.

«Импортни инвестицияга айлантириш»

Учрашувни очар экан, қўмита раиси соҳада тизимли масалалар мавжудлигини тан олди:

«Биз бу муаммоларни масъул шахслар, давлат органлари ва уларнинг ходимлари ўзбошимчалик билан эмас, балки сизлар билан биргаликда қонуний ечимини топишингизни истаймиз. Бугунги йиғилишни ўтказишдан асосий мақсадимиз ҳам шу».

У Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев раҳбарлигида дипломатик ваколатхоналар ва импорт қилувчилар билан учрашув бўлиб ўтганини эслатди. Унда барча соҳаларда импортдан самарали фойдаланиш ва «импортни инвестицияга айлантириш» масалалари кўриб чиқилган.

«Импортни инвестицияга айлантириш деганда, пешона тери билан топилган валютани хорижга олиб чиқиб кетмасдан, уни мамлакат ичида қолдириш ва бугун импорт қилинаётган товарларни ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш назарда тутилади», — деди идора раҳбари.

Президентнинг шахсий назоратида

Мавлоновнинг сўзларига кўра, фармацевтика соҳасини тартибга солиш президентнинг «шахсий назоратида» турибди.

«Президент ушбу мавзудан шахсан ташвишда ва уни ўз назоратида ушлаб турибди. Тадбиркорлар учун ечимлар ва енгилликлар топиш, шунингдек, фармацевтика маҳсулотларидан фойдаланувчи Ўзбекистон фуқаролари ундан ҳақиқатда фойда кўришини таъминлаш вазифасини қўймоқда».

Шу билан бирга, у сифатсиз препаратлар олиб кирилишига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади:

«Мамлакатга муддати ўтган, сифатсиз ёки ножўя таъсирлари бўлиши мумкин бўлган ёхуд белгиланган талабларга жавоб бермайдиган дори воситалари кириб келмаслиги керак. Зеро, бу дориларни бемор одамлар истеъмол қилади. Агар инсон аллақачон касал бўлса, сифатсиз дорилар билан унга қўшимча зарар етказишга — образли қилиб айтганда, „қош қўяман деб кўз чиқаришга“ йўл қўйиб бўлмайди».

2 млрд доллар импорт ва 32 млн доллар экспорт

Қўмита раисининг маълумотларига кўра, 2025 йилда фармацевтика соҳасидаги айланма ҳажми 2 млрд долларни ташкил этган, бу 2024 йилга нисбатан 18 фоизга (тахминан 300 млн долларга) кўп. Экспорт ҳажми эса 32 млн долларга етган.

У фармацевтика маҳсулотлари импорти озиқ-овқат импортидан салгина орқада қолаётганини қайд этди (аслида Ўзбекистонда 2025 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар импорти 4,5 млрд доллардан ошган):

«Биз озиқ-овқат ва дори воситаларини деярли бир хил ҳажмда истеъмол қиляпмиз. Бу жуда катта рақам. Ҳурматли тадбиркорлар, биз қилишимиз керак бўлган биринчи иш — бу кўрсаткични қисқартириш».

Фармацевтика маҳсулотлари 79 та давлатдан, биринчи навбатда Ҳиндистон, Россия, Хитой, Туркия, Германия ва Украинадан олиб келинмоқда. Импортнинг 85 фоизи (тахминан 1,7 млрд доллар) тайёр дори воситалари ҳиссасига тўғри келади.

Импортнинг асосий қисмини Ўзбекистоннинг Grand Pharm Trade, Meros Pharm, Farm Lyuks Invest, GD Pharm, Eurofarm Business ва Astor Alliance компаниялари таъминламоқда.

2026 йилдан сақлашга оид янги талаблар

Қўмита раиси аҳолини сифатли ва ишончли дори воситалари билан таъминлаш тизимини яратиш мақсадида бир қатор ҳужжатлар қабул қилинганини эслатди.

Хусусан, 2024 йил 23 январдаги фармон билан 2026 йилдан бошлаб дори воситалари фақат GCP талабларига жавоб берадиган ва зарур сақлаш шароитларига эга бўлган божхона ҳамда эркин омборларда сақланиши мумкинлиги белгиланган.

Ҳозирги вақтда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги тузилмасига кирувчи 63 та корхона томонидан олиб келинган 379 млн долларлик дори воситалари ва тиббий буюмлар божхона омборларида назорат остида сақланмоқда.

Унинг сўзларига кўра, ушбу маҳсулотларнинг асосий қисми Grand Pharm Trade, Grand Pharm Logistics Hub, Astor Alliance, Meros Pharm, Eurofarm Business, GD Pharm ва Neo Farm компанияларига тегишли.

«Бугунги кунда дунёда фармацевтика саноати фаол ривожланмоқда, дори воситаларининг янги турлари ва таркиблари пайдо бўлмоқда. Бу эса ўз навбатида уларнинг сифатини доимий назорат қилиш, эҳтимолий ножўя таъсирларни аниқлаш ва таҳлил қилиш, шунингдек, дорихоналар фаолиятини тартибга солишни талаб этади. Яъни, бу ерда текширувлар зарурлиги аён. Текширувларсиз бундай маҳсулотларни аҳоли истеъмолига чиқариш мумкин эмас», — деди Мавлонов.

3914 та қоидабузарлик, контрабанда ва иссиқда ташиш

Мавлоновнинг сўзларига кўра, сўнгги уч йил ичида божхона органлари томонидан дори ва тиббий буюмларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ 224 млрд сўмлик 3914 та ҳолат аниқланган.

«Контрабанда бор, дори воситаларини ноқонуний олиб кириш ва сотиш ҳолатлари бор. Улар қаерда сотиляпти? Менимча, бугун кўчаларда ёки йўлакларда фармацевтика маҳсулотлари билан савдо қилинадиган стихияли бозорларни кўрмаяпмиз. Бу маҳсулотларнинг барчаси давлат рўйхатидан ўтган дорихоналар орқали сотиляпти. Улар ноқонуний олиб кирилган», — деб таъкидлади.

Божхона қўмитаси раиси ноқонуний олиб кириш ташиш шароитларининг бузилишини ҳам англатишини урғулади.

«Бундан ташқари, бугунги кунда дори воситаларини ташиш қоидаларига кўпинча умуман амал қилинмаяпти: ҳарорат 25 даражадан ошадиган иссиқ ойларда препаратлар жиҳозланмаган транспорт ва контейнерларда ташилмоқда, шу билан бирга тегишли органлар барибир рухсатномалар бермоқда. Буни борлигича, очиқ айтяпман», — деди.

Идора таҳлилига кўра, 2025 йилда 803 млн долларлик дори воситалари (жами импортнинг 40 фоизи) май-сентябрь ойларида, ҳарорат 25 дан 45 даражагача бўлган даврда олиб келинган.

«Энди ўйлаб кўринг: бунинг ҳаммасини ким истеъмол қиляпти? Бу препаратларни беморлар ичяпти. Беморни даволайман деб, аксинча, унинг аҳволини ёмонлаштириб қўйишимиз мумкин», — деди Мавлонов.

Қоидабузарликлар ҳақида хабар беришга чақириқ

Қўмита раҳбари тадбиркорларни ноқонуний ташиш ҳолатлари ҳақида хабар беришга чақирди.

«Агар сизда фармацевтика товарларининг ноқонуний ташилиши ҳақида маълумот бўлса, бу ҳақда хабар беришингиз керак. Бизда мурожаатлар учун 1108 қисқа рақами мавжуд».

Унинг сўзларига кўра, учрашувдан мақсад бизнесни танқид қилиш эмас, балки биргаликда ечимлар ишлаб чиқиш:

«Мен бу йиғилишни кимгадир дашном бериш ёки кўнглига тегиш учун ўтказаётганим йўқ. Мақсадимиз — соҳани давлат раҳбарининг топшириқларига мувофиқ ҳалол, шаффоф ва қонуний ҳолатга келтириш. Шу билан бирга, соддалаштирилган тартиб-таомиллар, енгилликлар ва имтиёзлар бўлиши кераклигини ҳам тушунамиз — бу ҳақда ҳам айтиляпти».

У божхона органлари тегишли идоралар билан биргаликда юзага келаётган масала ва муаммоларни ҳал қилишга тайёрлигини қўшимча қилди.