Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 19/02/2026

Ўзбекистон президенти педофилия учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини жорий этиш ва хотин-қизлар ҳамда болаларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтиришни маъқуллади

Президент Шавкат Мирзиёевга 2026 йилда устувор ислоҳотлар лойиҳалари ва «Ўзбекистон-2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тақдим этилди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ислоҳотлар дастурлари президентнинг халққа ва Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида илгари сурилган ташаббусларни, шунингдек, 2026 йил учун энг устувор ислоҳотларни ўз ичига олган. Улар сирасига: маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, иқтисодиётни ўсишнинг технологик моделига ўтказиш, ички бозорда талабни рағбатлантириш, меҳнат бозорининг янги архитектурасини яратиш ва касбий ривожланиш, экологик мувозанатни таъминлаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни ташкил этиш, шунингдек, давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, жамиятда бирликни таъминлаш кабилар киради.

Бунда «ҳужжат ишлаб чиқиш» тамойилидан «натижага эришиш» тамойилига ўтиш кўзда тутилган: ҳар бир ташаббус учун амалга ошириш механизмлари ва KPI белгиланади, масъул раҳбарлар ва мувофиқлаштирувчи органлар тайинланади.

«Маҳалла ва бутун жамиятни ривожлантириш йили»да «Ўзбекистон-2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастури стратегиянинг 2026 йил учун мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлари ижросини ташкил этади. Соҳалар кесимида энг муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг 59 та лойиҳаси ва асосий стратегик ислоҳотларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг 12 та лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Қайд этилганидек, «лойиҳаларни ишлаб чиқишда жамоатчилик фикрини ҳисобга олишга алоҳида эътибор қаратилган». Давлат дастури жамоатчилик муҳокамасига қўйилди, 23 январдан 1 февралгача ОАВ ва интернетда бу ҳақда маълумот бериб борилди. Лойиҳа билан интернетда 5 миллиондан ортиқ фойдаланувчи танишди ва 22 мингтадан ортиқ фикр ва таклифлар билдирилди.

Ўрганишлар якунларига кўра, 1000 га яқин таклиф саралаб олиниб, конструктив деб топилди ва Давлат дастури лойиҳасига киритилди.

Хусусан, хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтириш, педофилия учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини жорий этиш, ипотека ва электромобиллар сотиб олиш бўйича кредит механизмларини такомиллаштириш, қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 30 фоизга етказиш, коррупцияга қарши курашиш соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, шунингдек, жиноят суд ишларини юритишда ҳакамлар ҳайъати институтини жорий этиш каби ташаббуслар қўллаб-қувватланди.

Бундан ташқари, маҳаллалар эҳтиёжлари учун ажратилаётган маблағларнинг сарфланиши бўйича очиқ ҳисобдорликни кучайтириш, маҳалла ичидаги йўллар, пиёдалар ва велосипед йўлакларини қуриш, бизнес-инкубаторлар ташкил этиш, саноат зоналари қошида касб-ҳунарга қайта тайёрлаш марказларини очиш, дарахтларни кесганлик учун жавобгарликни кучайтириш, энергия самарадорлиги бўйича KPI жорий этиш, шунингдек, утилизация ва қайта ишлаш занжирларини шакллантириш каби таклифлар «қизиқарли деб топилди».

Давлат дастури лойиҳаси АҚШ, Германия, Туркия, Франция, Канада, Корея, Япония, Швеция, Португалия ва Қозоғистондаги ўзбекистонликлар билан ҳам муҳокама қилинди, улардан 60 га яқин таклиф тушди.

Хориждаги ватандошлар нодавлат мактабларни ривожлантириш учун лицензиялаш ва назорат қилишнинг шаффоф механизмларини жорий этиш, амалиётчи талабаларга раҳбарлик қилувчи корхона мутахассисларини рағбатлантириш тизимини йўлга қўйиш, бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони ривожланиш хавфи гуруҳларини аниқлаш учун ягона рақамли скрининг тизимини жорий этиш, имтиёзли кредитлар беришда «натижага боғлиқ субсидия» (performance-based subsidy) моделини қўллаш, экспортчи корхоналар учун ягона оператор орқали комплекс логистика, божхона, сертификатлаштириш, маркетинг ва тўлов хизматларини тақдим этувчи «Export-as-a-service» моделини имплементация қилиш, адвокатларга электрон навбат билан ишлаш бўйича кўрсатма ва видеоқўлланмалар тайёрлаш каби таклифларни киритдилар.

Дастурларни молиялаштириш учун 250,5 триллион сўм ажратиш ва 50,4 миллиард доллар жалб қилиш кўзда тутилган.

Ҳар бир ислоҳот дастурига бириктирилган масъул шахслар президентга ҳар чоракда ижронинг бориши тўғрисида маълумот тақдим этади. Уларнинг ижроси устидан қатъий назорат Бош вазир зиммасига юклатилди.

Тақдим этилган лойиҳалар билан батафсил танишиб чиқиб, давлат раҳбари ислоҳотлар дастурларини ва «Маҳалла ва бутун жамиятни ривожлантириш йили»даги Давлат дастурини тасдиқлади ва тегишли фармонни имзолади. У барча ислоҳотлар, энг аввало, одамлар ҳаётида сезиларли натижалар бериши, янги иш ўринлари яратилишида, даромадлар ўсишида ва аҳолининг мамнунлик даражаси ошишида ифодаланиши кераклигини таъкидлади.