
Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) муддатсиз мораторий жорий этилган Зарафшон дарёси ўзанидан ноқонуний равишда қум-шағал аралашмасини қазиб олиш ҳолатини аниқлади. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Норуда материаллар Самарқанд вилоятининг Тойлоқ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи дарё ўзанида тунги вақтда ноқонуний равишда қазиб олинган.
Бунинг учун Ургут тумани ва Самарқанд шаҳрини боғловчи янги темир йўл линияси устига жойлаштирилган махсус бетон конструкциялардан фойдаланилган. Транспорт воситалари ушбу «ўтиш жойи» орқали ҳаракатланиб, хомашёни қазиб олган ва у кейинчалик Zarafshon Propriety Service компанияси ҳудудида омборланган.
Ҳуқуқбузарлик натижасида табиатга етказилган зарар 422,65 млрд сўмга (34,8 млн доллар) баҳоланди. Бундан ташқари, темир йўл изларига бетон блоклар ўрнатилгани ҳолати бўйича ички ишлар органлари текширув ўтказмоқда.
Тўпланган иш материаллари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилади, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 майдан Ўзбекистонда Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё (кейинчалик Сирдарё ҳам) дарёлари ўзанларида норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий амал қилмоқда. Қоидабузарлик учун жарималар 10 бараварга оширилган. Вайрон бўлган ерларни босқичма-босқич рекультивация қилиш ва табиий ландшафтни тиклаш режалаштирилган эди.
2025 йили Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида фермер хўжалиги томонидан Қорадарё дарёсидан ноқонуний қум-шағал қазиб олиниши натижасида етказилган зарар 43,1 млрд сўмни ташкил этган эди. Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида худди шундай ҳаракатлар учун зарар 31,9 млрд сўмга баҳоланган.