
2025 йилда Ўзбекистондаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида санитария-гигиена эҳтиёжлари ва овқатланиш учун 567 млрд сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Олий Мажлис Сенатининг 2026 йил 18 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисида ҳукумат ушбу харажатлар шаффофлигини қандай таъминлаши ва тўғридан-тўғри харидларга йўл қўймаслик механизмлари билан қизиқди.
Сенатор Дилбар Сувонованинг маълум қилишича, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш мақсадида ушбу йўналишга қўшимча равишда 1,9 трлн сўм ажратилган.
Хусусан, «Тоза қўллар» дастури доирасида соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларини қўл ювиш шароитлари ҳамда санитария-гигиена воситалари — суюқ совун, ҳожатхона қоғози ва антисептиклар билан таъминлаш учун 311,4 млрд сўм йўналтирилган.
Бундан ташқари, 2025 йил бюджетида бундай харажатлар кўзда тутилмаган бўлса-да, давлат боғчаларида бир тарбияланувчининг овқатланиши учун кунлик харажат меъёрларини белгилаш ва овқатланишни аутсорсинг асосида ташкил этиш учун 255,8 млрд сўм ажратилган.
«Саволим шундан иборатки: вазирликда ушбу икки йўналиш бўйича ажратилаётган 567 млрд сўмдан ортиқ маблағнинг тўғри ва мақсадли ишлатилишини, шунингдек, режалаштирилган натижаларга эришишни таъминлайдиган механизмлар мавжудми? Хусусан, давлат харидларини тўғридан-тўғри усулда амалга оширишнинг олди қандай олинади ва йил якунигача ушбу харажатлар тўлиқ ҳажмда болаларга етиб бориши қайси очиқ ва шаффоф механизм орқали таъминланади?» — дея сўради сенатор.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Темуржон Комилов саволга жавоб берар экан, президентнинг 2025 йил 30 январдаги фармонига (ПФ-16) мувофиқ, «Тоза қўллар» дастури доирасида таълим ва тиббиёт муассасалари учун зарур санитария-гигиена воситаларини харид қилишга 311 млрд сўм ажратилиши қонун лойиҳасида кўзда тутилганини билдирди. Ушбу маблағнинг 172 млрд сўми мактаб ва боғчалар ҳиссасига тўғри келади.
«Савол мутлақо ўринли. Ҳар бир тийин тўғри ишлатилиши учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда СЭХ билан биргаликда харид қилинадиган ҳар бир маҳсулот тури бўйича нормативларни тасдиқладик, минимал талабларни белгиладик ва харидларни амалдаги қонунчиликда рухсат берилган платформалар орқали амалга ошириш бўйича кўрсатмалар бердик. Ушбу йўналиш бўйича ҳудудларда назорат ишлари ҳам олиб борилмоқда», — деди.
Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, ҳудудий бошқармалар санитария-гигиена воситалари харидларини тасдиқланган талаблар асосида амалга оширмоқда ва 2025 йил якунига қадар вазирлик ушбу харидлар натижаларини тўлиқ назорат қилишни режалаштирган.
«Ҳар бир сўмдан самарали фойдаланиш устидан назорат йўлга қўйилган», — деди вазир ўринбосари.
Овқатланишни молиялаштириш бўйича иккинчи йўналишни шарҳлар экан, Темуржон Комилов авваллари ҳудудларда «анъанавий ва эскирган аутсорсинг усуллари» қўлланганини, бунда «таомнома боғча ошхонаси ходимларининг ўзлари томонидан тасдиқланганини», нарх белгилаш эса барқарор бўлмаганини (нархлар ҳар ой ёки ҳар чоракда ўзгариб турган) таъкидлади.
«Ҳукумат қарорига мувофиқ янги тизим жорий этилди. Бир боланинг овқатланиши учун кунлик харажат меъёрлари, шунингдек, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан ягона типик таомномалар тасдиқланди. Озиқ-овқат маҳсулотлари билан марказлашган ҳолда таъминлаш йўлга қўйилди. Бундан ташқари, жамоатчилик назорати жорий этилди, харид комиссиялари фаолиятини кучайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда», — деди.
Унинг сўзларига кўра, кўрсатилган маблағлар янги аутсорсинг тизимига ўтишдаги етишмовчиликларни қоплашга, шунингдек, ўтган йилларда юзага келган қарздорликларни сўндиришга йўналтирилмоқда. Бу масала бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Шаффофлик ва самарадорликни таъминлаш учун, вазир ўринбосари таъкидлаганидек, ягона тўғри йўл рақамлаштириш ҳисобланади.
«Ҳозирги вақтда мактабгача таълим муассасалари ахборот тизимида учта йўналиш бўйича рақамлаштириш ишлари олиб борилмоқда: болалар давомати ҳисоби, боғчалар кадрлар ҳисоби, шунингдек, овқатланиш харажатлари бўйича ҳисоб ва ҳисобот моделларини такомиллаштириш. Айнан шу чоралар орқали ажратилган маблағларнинг тўғри ва самарали ишлатилишини назорат қиламиз», — дея хулоса қилди.
Эслатиб ўтамиз, президент 2025 йилги давлат бюджетига давлат харажатларини 3,43 млрд долларга оширишни назарда тутувчи ўзгартиришларни тасдиқлаган эди. Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақини ошириш учун икки баравар кўп маблағ ажратилди — индексация қилиш эртароқ ва каттароқ ҳажмда амалга оширилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва куч ишлатар тузилмалар харажатлари 1,5 млрд долларга оширилган.