«Агар танлаш керак бўлса, биз АҚШни эмас, Данияни танлаймиз» — Гренландия бош вазири

Гренландия аҳолиси Америка Қўшма Штатлари таркибига киришни истамайди. Бу ҳақда 2026 йил 13 январь куни Гренландия бош вазири Йенс-Фредерик Нильсен Дания ҳукумати раҳбари Метте Фредериксен билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида баёнот берди, деб хабар қилмоқда Reuters.

«Биз геосиёсий инқирозга дуч келдик ва агар ҳозир шу ерда АҚШ ва Дания ўртасида танлов қилишимиз керак бўлса, биз Данияни танлаймиз», — деди Нильсен.

«Гренландия Қўшма Штатларга тегишли бўлишни истамайди. Гренландияни Қўшма Штатлар бошқаришини истамайди. Гренландия Қўшма Штатларнинг бир қисми бўлишни хоҳламайди», — дея қўшимча қилди.

Нильсеннинг ушбу баёноти АҚШ президенти Дональд Трамп Даниянинг автоном ҳудуди ҳисобланган Гренландияни аннексия қилиш режалари ҳақидаги гапларини қайта бошлаганидан бери орол расмийлари томонидан янграган энг кескин фикр бўлди, деб ёзади BBC News.

Дания бош вазири ҳам ўз ифодаларини юмшатиб ўтирмади ва «энг яқин иттифоқчи томонидан бўлаётган мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган босимни» қоралади. Фредериксен «кўп нарса энг қийин дамлар ҳали олдинда эканидан далолат бераётгани» ҳақида огоҳлантирди.

Копенгагендаги матбуот анжумани Дания ташқи ишлар вазири Ларс Лёкке Расмуссен ва унинг гренландиялик ҳамкасби Вивиан Моцфельдтнинг АҚШга режалаштирилган ташрифидан бир кун олдин бўлиб ўтди. У ерда улар вице-президент Жей Ди Вэнс ва давлат котиби Марко Рубио билан учрашишлари керак.

Даниянинг НАТО бўйича иттифоқчилари — Европанинг етакчи давлатлари, шунингдек, Канада шу ҳафта Данияни қўллаб-қувватлаб чиқди ва «фақат Дания ва Гренландия ўз ўзаро муносабатларига оид масалалар бўйича қарор қабул қилиши мумкинлигини» таъкидлади.

Улар АҚШ каби Арктикада хавфсизликни таъминлашдан манфаатдор эканликларини, бироқ бу хавфсизлик барча иттифоқчилар, жумладан, Қўшма Штатлар томонидан «жамоавий тарзда» таъминланиши кераклигини қайд этдилар. Шунингдек, улар «БМТ Низоми тамойилларига, жумладан суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва чегаралар дахлсизлигига риоя қилишга» чақирдилар.

Трамп Нильсеннинг баёнотига изоҳ берар экан, Гренландия расмийларининг АҚШ таркибига киришни истамаслиги уларнинг «муаммоси» эканини айтди.

«Хўш, бу уларнинг муаммоси. Мен у билан келишмайман. Унинг кимлигини билмайман, у ҳақда ҳеч нарса билмайман, лекин бу унинг учун катта муаммо бўлади», — деди Америка президенти журналистларга.

Трамп бундан олдин ҳам Қўшма Штатлар Гренландия устидан назорат ўрнатиши зарурлиги ҳақида бир неча бор гапирган эди. «Бизга ҳақиқатан ҳам Гренландия керак. У бизга мудофаа учун керак», — деган эди Трамп январь ойи бошида оролни «Россия ва Хитой кемалари билан ўралган» деб таърифлаб.

АҚШнинг Гренландиянинг шимоли-ғарбий қисмидаги Питуффик базасида доимий равишда жойлаштирилган 100 дан ортиқ ҳарбий хизматчиси бор. Ушбу база Иккинчи жаҳон уруши давридан бери АҚШ бошқаруви остида, деб ёзади BBC News. Дания билан амалдаги келишувларга мувофиқ, АҚШ Гренландияда исталган миқдордаги қўшинни жойлаштириш ҳуқуқига эга.

Бироқ ўтган ҳафта Трамп журналистларга ижара шартномаси етарли эмаслигини айтди. «Эгалик қилганимизда биз ҳимоя қиламиз. Ижара шартномаси асосида бундай ҳимояни таъминлай олмайсиз», — деди президент оролда Америка ҳарбийлари бўлган бир пайтда нега унга эгалик қилиш кераклиги ҳақидаги саволга жавобан.

«Биз Гренландияни ҳимоя қилишимиз керак, акс ҳолда буни Хитой ёки Россия қилади. Мен Гренландияда уларни қўшни сифатида кўришни истамайман… НАТО буни тушуниши керак», — дея қўшимча қилди.

Метте Фредериксен бунгача Дональд Трампни Гренландияни эгаллаб олиш таҳдидларини тўхтатишга чақирган эди. «Қўшма Штатлар Гренландия устидан назорат ўрнатиши кераклиги ҳақида гапириш мутлақо бемаънилик. АҚШ Дания қироллиги таркибига кирувчи учта ҳудуддан бирортасини аннексия қилиш ҳуқуқига эга эмас», — деб баёнот берган эди Фредериксен.