
Барқарорлаштириш чора-тадбирлари натижасида Ўзбекистонда пропаннинг ўртача биржа нархлари 9,3 млн сўмдан 7,8 млн сўмгача ёки 18 фоизга пасайди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълум қилди.
Идора маълумотларига кўра, 2025 йилнинг ноябрь-декабрь ойлари ва жорий йилнинг январь ойида биржа савдоларида пропаннинг бошланғич нархларини асоссиз оширишга, шунингдек, савдога қўйиладиган ҳажмларни сунъий равишда чеклашга қаратилган «рақобатга зид келишилган ҳаракатлар» белгилари аниқланган.
Шу муносабат билан белгиланган тартибда 92 та импорт қилувчи компанияга нисбатан антимонопол ишлар қўзғатилди:
- Тошкент шаҳри — 21 та компания
- Самарқанд вилояти — 17 та
- Фарғона вилояти — 13 та
- Хоразм вилояти — 12 та
- Андижон вилояти — 7 та
- Қорақалпоғистон Республикаси — 5 та
- Қашқадарё вилояти — 5 та
- Наманган вилояти — 4 та
- Сирдарё вилояти — 4 та
- Бухоро вилояти — 3 та
- Тошкент вилояти — 1 та.
Бундан ташқари, Қўмита чакана нархларнинг асоссиз ўсишига йўл қўймаслик мақсадида автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида доимий мониторинг олиб борилаётганини маълум қилди.
Аввалроқ қўмита биржа савдоларида суюлтирилган газ сотиш нархининг чекланган ўсишини (спред) ҳар бир сотувчи бўйича бошланғич нархнинг 20 фоизидан 10 фоизигача чеклаган эди. Бундан ташқари, агар суюлтирилган газнинг бошланғич нархи бир тонна учун 7,5 млн сўмдан ошса, биржа пропан импорт қилувчилар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан буюртмаларни қабул қилмаётган эди.
2026 йил 12 январь куни биржадаги сотув ҳажми 1221 тоннани ташкил этди, бир неча кун аввалги кўрсаткичдан (2523 тонна) икки баравардан кўпроққа камайган. Ҳажмнинг камайиши бошланғич нархнинг 7,5 млн сўмгача чекланиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Биржа маълумотларига кўра, 2025 йил 8 январдан 2026 йил 8 январгача суюлтирилган газнинг биржа нархи бир тонна учун 6,27 млн сўмдан 9,28 млн сўмгача кўтарилган. Фақатгина январь ойининг дастлабки саккиз кунида ёқилғи 15 фоизга қимматлашган.
Рақобатни ривожлантириш қўмитаси вазиятни бозор тузилмасининг ўзгариши билан изоҳлади. Биржа савдоларида импорт қилинган пропаннинг улуши 20 фоиздан 90 фоизгача кескин ошган, маҳаллий маҳсулот эса тобора кўпроқ аҳоли ва ижтимоий соҳа эҳтиёжларига йўналтирилмоқда. Натижада, идора таъкидлашича, айнан импорт гази биржадаги ўртача нархни белгилай бошлабган.
Божхона қўмитасининг маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон пропан импортини 2024 йилга нисбатан қарийб 44,2 минг тоннага — 119,4 минг тоннадан 163,6 минг тоннагача (+37%) оширган, бироқ импорт газининг ўртача нархи деярли ўзгаришсиз қолган — бир тонна учун 423 доллар (тахминан 5,13 млн сўм, логистика, сақлаш, ички бозорда етказиб бериш ва бошқа харажатларсиз). Шу билан бирга, биржада ёқилғи 9,3 млн сўмдан сотилган — бу импорт нархидан 80,8 фоизга юқори.
Қўмита маълумотларига кўра, республикада суюлтирилган газдан (пропан) фойдаланувчи автомобиллар улуши тахминан 11 фоизни (500 мингга яқин автомобиль) ташкил этади.

