Солиқ қўмитаси Xolis платформасидан фойдаланиш ихтиёрий эканини маълум қилди. Чакана савдода эса бу мажбурий

2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун рақамлаштириш орқали уларнинг фаолиятини соддалаштиришни назарда тутувчи махсус ҳуқуқий режим жорий этилмоқда. Бу борадаги қарорни 2025 йил август ойида Ўзбекистон президенти имзолаган эди. Янги режим 2030 йил якунига қадар амал қилади.

Ҳужжатга мувофиқ, тўлов ташкилотларининг рақамли платформалари ёрдамида эндиликда тадбиркорлик мақомини рўйхатдан ўтказиш, ҳисобрақам очиш, тўловларни (электрон ва нақд шаклда) қабул қилиш, ҳисоботларни шакллантириш ва бошқа афзалликлардан фойдаланиш мумкин. Йиллик айланмаси 1 миллиард сўмдан кам бўлган ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилганлар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланди. Янгиликлардан кўзланган мақсад — яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ва қонуний фаолият жозибадорлигини ошириш.

Таърифланган ижобий томонларга қарамай, ўзгаришларнинг жорий этилиши 2025 йил декабрь ойида тадбиркорларнинг норозилигига сабаб бўлди. Бунга солиқ органлари ходимлари томонидан бўлаётган босим сабаб сифатида кўрсатилмоқда. Ижтимоий тармоқларда ёзилишича, солиқчилар дўконларга қўнғироқ қилиб ёки бевосита келиб, Paynet компаниясининг Xolis платформасида рўйхатдан ўтиш мажбурийлигини айтмоқда.

Бу илова ҳозирда Президент қарорида рақамли платформалар учун белгиланган талабларга тўлиқ жавоб берадиган ягона сервис ҳисобланади. Блогер Ферузхон Ёқубхўжаев солиқчиларнинг тадбиркорларни хусусий компания иловасида рўйхатдан ўтишга мажбурлашини ва бунда жарималар билан таҳдид қилишини давлат органларини обрўсизлантириш деб атади.

2025 йил 22 декабрь куни «Газета» Солиқ қўмитасига саволлар билан мурожаат қилган эди. 26 декабрда идора уларнинг бир қисмига жавоб берди, бироқ айнан нима учун Paynet платформаси танлангани ва муқобил вариантлар пайдо бўлиши режалаштирилганми ёки йўқми, бунга аниқлик киритмади.

2025 йил 29 декабрь куни Солиқ қўмитаси ўз Telegram-каналида тушунтириш беришича, президент қарорига кўра, махсус ҳуқуқий режим IT-парк резиденти бўлган тўлов ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди. Ушбу талабга ҳозирда фақат Paynet жавоб беради.

Қўмитада Xolis иловасидан фойдаланиш ихтиёрий характерда экани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, тадбиркорларнинг норасмий сектордан расмий секторга ўтишини қўллаб-қувватлаш учун бошқа тўлов ташкилотлари билан биргаликда муқобил ечимлар ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди.

Солиқ қўмитаси агар ходимлар иловани мажбурий ўрнатишни талаб қилса, 1198 рақамига ёки ҳудудий солиқ органларига мурожаат қилишни маслаҳат берди.

Шунга қарамай, қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб чакана савдода ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар электрон тўловларни қабул қилиш учун махсус QR-кодга эга бўлишлари шарт. Ҳозирги вақтда ушбу код Xolis тизимида шакллантирилмоқда. Бундай коднинг йўқлиги назорат-касса техникаси (НКТ) ёки ҳисоб-китоб терминалларини қўлламасликка тенглаштирилади ва жаримага сабаб бўлиши мумкин.

Янги талаблар солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграциялашган электрон платформаларга эга бўлган агрегаторлар орқали йўловчи ташиш ва товар етказиб бериш хизматларини кўрсатувчи ўзини ўзи банд қилган шахсларга татбиқ этилмайди.