
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 25 декабрь куни 2026 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонунни имзолади.
Сенатор Эркин Гадоев таъкидлаганидек, ҳужжат Бюджет, Солиқ ва Божхона кодекслари талаблари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, глобал низолар, логистика занжирларининг узилиши ва жаҳон иқтисодиётидаги ноаниқликлар билан боғлиқ хавфларни ҳисобга олади, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашни кучайтиришни назарда тутади.
| Кўрсаткич | 2026 йил | 2027 йил | 2028 йил |
| Ялпи ички маҳсулот, трлн сўм | 1 976 | 2 256 | 2 576 |
| ЯИМ ўсиш суръатлари, % | 6,6 | 6,8 | 6,9 |
| Инфляция, % | 7 | 5–6 | 5 |
| Саноат ишлаб чиқариши, % | 6,4 | 6,7 | 6,9 |
| Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги, % | 4,2 | 4,3 | 4,3 |
| Хизматлар, % | 14,5 | 14,3 | 14,4 |
| Қурилиш, % | 10,2 | 8,3 | 8 |
Қонунга кўра, 2026 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 6,6 фоиз даражасида — 160 млрд долларгача бўлиши прогноз қилинмоқда (бу ҳақда Президент ўз мурожаатида маълум қилган эди). Шуни ҳисобга олган ҳолда хулоса қилиш мумкинки, бюджет ҳисоб-китобларида долларнинг йиллик ўртача курси 12350 сўм даражасида олинган.
Иқтисодиётга барча манбалардан камида 400 трлн сўм йўналтириш режалаштирилган, инфляцияни эса 7 фоиз доирасида ушлаб туриш кўзда тутилмоқда. Асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолдирилди.
Консолидациялашган бюджет даромадлари (давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ва Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларини ўз ичига олади) 515,8 трлн сўм, харажатлари эса 567,7 трлн сўм миқдорида тасдиқланди. Бюджет дефицити 60,1 трлн сўмни (лойиҳада 58,9 трлн сўм эди) ташкил этиши кутилмоқда ва у ЯИМнинг 3 фоизидан ошмаслиги керак.
Дастлаб кўрсаткичлар пастроқ эди, бироқ Қонунчилик палатасидаги муҳокамалар ва депутатлар таклифларидан сўнг даромадлар прогнози 455 млрд сўмга, харажатлар эса 741,6 млрд сўмга ошди.
Хусусан, давлат мақсадли жамғармалари харажатлари лойиҳадаги 147,5 трлн сўмдан 148,4 трлн сўмгача (+890,6 млрд сўм) кўпайди, давлат бюджети харажатлари эса, аксинча, 328,8 трлн сўмдан 328,7 трлн сўмгача (-143,9 млрд сўм) қисқарди.
Давлат бюджети даромадлари 368,9 трлн сўмни, харажатлари 402,6 трлн сўмни ташкил этади. Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 78,6 трлн сўм, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасиники эса 24,3 трлн сўм миқдорида белгиланди.
| № | Кўрсаткич | 2026 йил (прогноз) | 2027 йил | 2028 йил |
| I | Консолидациялашган бюджет даромадлари | 515 809,80 | 584 973,90 | 663 200,80 |
| 1 | Давлат бюджети даромадлари | 368 918,30 | 425 532,00 | 486 168,80 |
| 2 | Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари* | 78 623,00 | 87 490,20 | 101 488,20 |
| 3 | Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тушумлар | 24 315,40 | 25 361,40 | 26 624,00 |
| 4 | Бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармаларига тушумлар | 43 953,10 | 46 590,30 | 48 919,80 |
| II | Консолидациялашган бюджет харажатлари | 567 738,10 | 644 465,30 | 732 557,80 |
| 1 | Давлат бюджети харажатлари* | 328 706,60 | 384 935,00 | 449 096,50 |
| 2 | Давлат мақсадли жамғармалари харажатлари | 148 399,20 | 161 180,00 | 176 239,20 |
| 3 | Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларининг сарфланиши | 24 315,40 | 25 361,40 | 26 624,00 |
| 4 | Бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларининг сарфланиши | 43 953,10 | 46 590,30 | 48 919,80 |
| 5 | Ташқи қарзлар ҳисобидан давлат дастурларига харажатлар | 22 363,80 | 26 398,60 | 31 678,30 |
| III | Давлат дастурларини молиялаштириш учун депозитлар, бюджет заёмлари ва кредит линиялари қолдиғи | 8 223,40 | 8 874,50 | 8 761,50 |
| IV | Давлат мақсадли жамғармаларига трансфертлар | 74 022,00 | 75 717,70 | 78 837,40 |
| V | Давлат бюджетига трансфертлар | 13 200,00 | 15 500,00 | 16 500,00 |
| VI | Умумий фискал баланс (профицит + / дефицит –) | -60 151,7 | -68 365,9 | -78 118,5 |
| VII | Давлат бюджети ва мақсадли жамғармалар қолдиғи (профицит + / дефицит –) | -29 564,4 | -33 092,9 | -37 678,7 |
| VIII | Давлат қарзини тўлаш | 49 198,80 | 51 340,80 | 72 182,40 |
Харажатларнинг энг катта улуши ижтимоий соҳада сақланиб қолмоқда — 54,7 фоиздан кўпроқ ёки 220,1 трлн сўм. Жумладан, мактабгача ва мактаб таълими соҳасидаги давлат дастурларини амалга ошириш учун 9,4 трлн сўм кўзда тутилган бўлиб, бу жорий йилга нисбатан 1,4 баравар кўп, соғлиқни сақлашга эса 4,8 трлн сўм (1,7 баравар ўсиш) ажратилади.
«Ташаббусли бюджет» дастурига 2026 йилда 6 трлн сўм йўналтирилади. Шундан 496 млрд сўм депутатлар ташаббусларини амалга оширишга, яна 506 млрд сўм аҳоли иштирокидаги «биргаликда молиялаштириш» лойиҳаларига сарфланади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ҳар бир депутатига ҳар мавсумда қўшимча равишда қиймати 3,3 млрд сўмлик биттадан ғолиб лойиҳани белгилаш имконияти берилади.
Биргаликда молиялаштириш механизми доирасида, агар фуқаролар лойиҳа қийматининг 50 фоизини ихтиёрий равишда қопласа, қолган қисми бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Қонун билан бюджет тизими даражалари ўртасида даромадларни тақсимлашга ҳам ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, фойда солиғи ва алкоголь маҳсулотларини сотишдан тушадиган тушумларнинг маҳаллий бюджетларга йўналтириладиган улушлари қайта кўриб чиқилди.
2026 йилдан бошлаб ҚҚС тушумларининг 5 фоизи Тошкент шаҳри бюджетига, 20 фоизи Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бюджетларига йўналтирилади. Натижада маҳаллий бюджетлар ихтиёрида 4,3 трлн сўм қолади. Бу маблағнинг камида 50 фоизи туман ва шаҳарлар бюджетларига йўналтирилиши шарт.
2026 йилда давлат кафолати остида ташқи қарзни жалб қилиш бўйича янги битимларнинг чекланган ҳажми 5 млрд доллар миқдорида белгиланди. Шундан 2,5 млрд доллари давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга, яна 2,5 млрд доллари инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади. Давлат қимматли қоғозларининг соф ҳажми лимити (ҳозиргидек) 30 трлн сўм доирасида белгиланди.
Давлат бюджети учун хавфларни камайтириш мақсадида, давлат томонидан мажбуриятлар олинишини назарда тутувчи янги давлат-хусусий шериклик лойиҳалари қийматининг юқори чегараси 6,5 млрд доллар даражасида сақлаб қолинади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бюджетлари даромадлари 75,98 трлн сўм, харажатлари эса 95,63 трлн сўм миқдорида тасдиқланди. Айрим ҳудудларга республика бюджетидан жами 19,7 трлн сўм миқдорида трансфертлар ажратилади.
2026 йилдан бошлаб олий ўқув юртлари ҳузуридаги академик лицейлар, худди колледж ва техникумлар каби, маҳаллий бюджетлардан молиялаштиришга ўтказилади. Шунингдек, мактабгача таълим муассасалари ва мактабларни лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш харажатлари республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга ўтказилади, яъни уларни ҳокимликлар молиялаштиради.
Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳажми 2026 йил учун 1,2 трлн сўм миқдорида белгиланди (2025 йилда 1 трлн сўм режалаштирилган эди, лекин амалда 1,9 трлн сўм ажратилган).

