Ўзбекистонда 38 минг хонадондан иборат ноқонуний уй-жойлар аниқланди — қурилиш вазири

Ўзбекистон қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов мамлакатдаги ноқонуний қурилишлар кўлами ҳақида маълум қилди. У бу ҳақда 2025 йил 18 декабрь куни Савдо-саноат палатасида тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувда айтиб ўтди.

«Агар ноқонуний қурилиш масаласи ҳақида гапирадиган бўлсак, тахминан 2018–2019 йиллардан бошлаб то бугунги кунгача республикада 38 минг хонадондан иборат кўп қаватли уйлар ноқонуний қурилган», — деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, ноқонуний қурилиш деганда ҳуқуқбузарликларнинг бир нечта тоифалари тушунилади:

«Биринчидан, бу қурилиш ишлари умуман ерга рухсатномасиз, ҳоким қарорисиз олиб борилган ҳолатлар. Иккинчидан, лойиҳалар архитектура кенгашидан ўтмаган ва нормативларга мувофиқлиги текширилмаган ҳолатлар. Учинчидан, ер бўйича қарор бўлса ва лойиҳа кенгашдан ўтган бўлса-да, лекин экспертизага — на лицензияланган эксперт ташкилотига, на давлат экспертизасига юборилмаган ҳолатлар», — дея тушунтирди Шерзод Ҳидоятов.

Вазир экспертиза, авваламбор, одамлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилганини таъкидлади.

«Экспертиза, энг аввало, хавфсизликни — одамлар учун хавфсизликни назорат қилади. Экспертлар лойиҳа тўғри ишлаб чиқилганини текширади. Бундан ташқари, ҳатто экспертизадан ўтган лойиҳалар ҳам баъзан назорат инспекциясидан ўтмаган ва рўйхатдан ўтказилмаган бўлади», — деди.

Унинг сўзларига кўра, агар назорат органлари ишлатилаётган материалларни, арматурани, пойдевор сифатини, геологик шароитларни ва тупроқни мустаҳкамлаш чораларини текширмаган бўлса, давлат фуқаролар хавфсизлигига кафолат бера олмайди.

«Бундай ҳолатда давлат одамлар хавфсизлиги учун қандай жавоб бериши мумкин? Айнан шунинг учун давлатнинг ўз қонун ва қоидалари бор ва қурилиш қатъий равишда улар доирасида олиб борилиши керак», — дея савол қўйди вазир.

Аниқланган объектлар билан ишлаш учун махсус ишчи гуруҳи тузилган.

«Ушбу 38 мингта объект бўйича ишчи гуруҳи тузилди. Жойларга чиқиб, қуриб бўлинган биноларни ўрганиш ва агар сейсмик чидамлиликни таъминлаш имкони бўлса, албатта инструментал текширувлар ўтказиш зарурлиги қатъий белгиланди», — деди Ҳидоятов.

У техник кўрик малакали конструктор ва лойиҳачилар томонидан ўтказилишини аниқлаштирди. Шундан сўнг объектнинг кейинги тақдири бўйича қарор қабул қилинади.

«Техник кўрикдан сўнг қолган масалалар кўриб чиқилади, кейин объект қонунийлаштирилиши мумкин. Бироқ ноқонуний қурилиш факти учун жавобгарлик барибир ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари орқали — жарималар ва бошқа чораларни қўллаган ҳолда кўриб чиқилади. Бундай тизим аллақачон йўлга қўйилган», — деди вазир.

Қурилиш вазирлиги раҳбари, шунингдек, ушбу объектларнинг бир қисми ҳали қурилиш босқичида эканини ва улар бўйича махсус комиссия ишлаётганини қайд этди.

«Ўша 38 минг хонадон бўйича: улар орасида ҳали қурилиши тугалланмаган объектлар ҳам бор. Ушбу 38 мингта бўйича ҳозир махсус комиссия ишлаяпти. Биз уларни қабул қилиш чораларини кўряпмиз, бу масала бўйича тегишли топшириқларимиз бор», — деди.

Президент топшириғига биноан, тизимли ечим сифатида эскроу модели танланган.

«Уй-жойларнинг салмоқли қисми аҳолига сотиб бўлингани сабабли, шунингдек, келгуси қурилишлар учун ягона мумкин бўлган ечим механизми — эскроу тизими ишлаб чиқилди», — деди Ҳидоятов.

Унинг сўзларига кўра, электрон тизим аллақачон тайёр — фақат парламент кўриб чиқиши керак бўлган ўзгартиришларнинг ҳуқуқий расмийлаштирилиши (қонун қабул қилиниши) қолган.

Вазир, шунингдек, фуқароларга уй-жой сотиб олаётганда объектнинг қонунийлигини текширишни тавсия қилди.

«Уй сотиб олаётганда, илтимос, объект Қурилиш назорати инспекциясида рўйхатдан ўтган-ўтмаганини текширинг. Агар сиз шунга эътибор берсангиз, демак, қурилиш нормативлар асосида ҳамда амалдаги қонун ва қоидалар асосида олиб борилмоқда», — деди.

Ҳидоятов қўшимча қилишича, қурилишнинг бутун жараёни — бош режадан тортиб уйни қабул қилиб олишгача тўлиқ рақамлаштирилган ва барча қонуний қурилишлар геолокацияси билан кўриниб туради.

Вазир саноат қурилишидаги муаммолар ва арзон конструкциялардан фойдаланиш масаласига алоҳида тўхталди.

«Ҳозир, айниқса Фарғона водийсида контейнерларни қўйиб, юпқа метални ечиб олиб, ундан фермалар ясаш одат тусига кирди. Бу конструкциянинг зилзилаларга бардош бера олмаслигига ёки қишда кўп қор ёққанда дош бера олмаслигига олиб келиши мумкин», — деди.

Унинг сўзларига кўра, қурилиш таннархини пасайтиришга интилишга қарамай, сейсмик ҳудудда бунга йўл қўйиб бўлмайди.

«Биз сейсмик ҳудудда яшаймиз. Шу боис барча бинолар хавф-хатарларга ва табиий офатларга бардошли бўлиши керак. Айнан шунинг учун техник кўрик кўзда тутилган. Агар объект техник кўрикдан ўтмаса, на давлат назорат инспекторлари ва на бошқа органлар уни қабул қилишда иштирок эта олмайди», — деди вазир.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда эскроу ҳисобварақларини жорий этиш Россиянинг «ДОМ.РФ» давлат компанияси билан ҳамкорликда, Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги кўмагида амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ушбу тартибнинг мажбурий қилиб белгиланиши бозор иштирокчиларида маълум хавотирларни келтириб чиқарди. Ўзбекистон қурувчилар уюшмаси аввалроқ уй-жой қурилишида эскроу ҳисобварақларидан маблағларни ноль ставкада беришни таклиф қилган эди. Ташкилот раҳбарининг сўзларига кўра, акс ҳолда қурувчилар айланма маблағлар етишмовчилиги ва муддатларнинг бузилишига дуч келишади, бу эса уй-жой таннархининг ошишига олиб келиши мумкин.

Қурилиш ва УЖКХ вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, гап йиллар давомида тўпланиб қолган ва аниқланган камчиликлар ҳақида бормоқда.

«Қурилиш соҳасида аниқланган ҳуқуқбузарликлар бугун очиқ айтилмоқда ва тизимли равишда бартараф этилмоқда. Келтирилган рақамлар кимнидир айблаш учун эмас, балки йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни яширмасдан, уларни очиқ тан олиш ва соҳани ислоҳ қилишга киришиш мақсадида келтирилмоқда», — дейилади хабарда.