
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Абу Райҳон Берунийнинг бизнинг давримизгача сақланиб қолмаган глобуси реконструкция қилинди. Макет олимнинг асарлари ва бошқа илмий манбалар асосида яратилди, деб хабар берди муассаса матбуот хизмати.
Беруний глобусни 995 йилда Хоразмнинг йирик илмий-маърифий марказларидан бири бўлган Кат шаҳрида бўлган вақтида яратган. У глобусга географик объектларни туширишни ва аҳоли пунктлари орасидаги масофалардан келиб чиқиб, географик кенглик ва узунликни ҳисоблаб чиқишни мақсад қилган эди.
Беруний асарларида 600 га яқин шаҳарнинг координаталари мавжуд. Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, профессор Баҳром Абдуҳалимовнинг маълум қилишича, реконструкция давомида хорижий ҳамкорлар билан биргаликда глобусга 150 та аҳоли пункти туширилган.
«Беруний глобуси шунчаки назарий модель эмас, балки аниқ ҳисоб-китоблар ҳамда геодезия ва астрономия маълумотлари асосида ишлаб чиқилган амалий илмий восита бўлган», — дейилади марказ сайтида.
Олим «Қонуни Маъсудий» асарида ернинг умумий шакли шарга яқин эканини, тоғлар ва ботиқлар унинг ўлчамлари билан солиштирганда жуда кичиклигини таъкидлаган. Беруний агар Ер мутлақо текис бўлганида, табиий мувозанат бузилиши ва бутун қуруқликни сув босиши мумкин эди, деб ҳисоблаган.
Экспозицияда, шунингдек, олимнинг ер шакли, кенглик ва узунликни ҳисоблаш усуллари ҳамда турли манбалардаги маълумотларни солиштиришга бағишланган ишларидан парчалар ҳам тақдим этилган.

