Ўзбекистонда йил давомида «тез ёрдам» дорилар билан ўз жонига қасд қилишга уринишдан кейин 1500 нафар беморни қабул қилди — соғлиқни сақлаш вазири

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров 2025 йил 23 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида электрон рецепт тизимини жорий этиш жараёни ҳақида маълумот берди.

Депутатлар, хусусан, электр энергияси ўчиши, компьютер техникасидаги носозликлар ёки интернет йўқлигида тизим иши қандай ташкил этилиши билан қизиқдилар.

«Биз поликлиникаларни 4G-модемлар билан таъминладик ва маҳаллий офлайн режимда ишлаш имкониятини яратдик. Очиқ айтишим мумкинки, ҳурматли депутатлар, Тошкент шаҳрида ва мамлакатнинг 15 та тажриба ҳудудида ушбу тизимнинг ишлаши тўлиқ таъминланди», — деди вазир.

У, шунингдек, хусусий тиббиёт муассасалари масаласига тўхталиб, уларда аллақачон ўз инфратузилмаси шакллангани ва бунга маблағ йўналтирилганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, хусусий клиникаларга қўйиладиган талаблар фақатгина беморларни даволашда электрон рецептларни расмийлаштириш учун уларнинг амалдаги ахборот тизимларини DMED платформаси билан интеграция қилишдан иборат. «Гап айнан интеграция ҳақида кетмоқда, тизимга тўлиқ бўйсуниш ҳақида эмас», — дея қўшимча қилди у.

Бундан ташқари, вазир хусусий тиббиёт муассасалари учун DMED тизимини интеграция қилиш бепул ва бюрократик тўсиқларсиз амалга оширилишини маълум қилди.

Асилбек Худоёров электрон рецептнинг жорий этилиши, авваламбор, дори-дармонлардан нотўғри ва назоратсиз фойдаланишнинг олдини олишга қаратилганини таъкидлади.

У ўз сўзларини рақамлар билан асослади: 2025 йилда шифокор тавсиясисиз дори қабул қилиш оқибатида 24 мингта, жумладан, Тошкент шаҳрида 741 та шошилинч тиббий ёрдамга мурожаат қайд этилган. 418 нафар бемор шифохоналарга анафилактик шок ҳолатида келтирилган, яна 717 та ҳолатда доридан заҳарланиш ташхиси қўйилган.

Вазир дорилар ёрдамида ўз жонига қасд қилишга уриниш мавзусига алоҳида тўхталди. Унинг сўзларига кўра, йил давомида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази дори воситаларини қўллаш орқали ўз жонига қасд қилишга уринган 1500 кишини госпитализация қилган. «Савол туғилади: агар шифокор тайинламаган бўлса, бемор дорини қаердан олган? Демак, улар дориларни дорихоналардан сотиб олишлари мумкин бўлган», — деди.

Электрон рецепт тизимида бутун занжирни: ким рецепт ёзгани, қандай препаратлар тайинлангани, қайси дорихонадан ва қандай нархда сотиб олинганини кузатиш имконияти кўзда тутилган.

Вазир, шунингдек, электрон рецептларнинг жорий этилиши шифокорлар ва фармацевтика компаниялари ўртасидаги муносабатларда коррупция хавфларини бартараф этишини қайд этди. Рецептларда дори воситасининг фақат халқаро патентланмаган номи кўрсатилади, савдо номини кўрсатиш имконияти эса чекланган.

Асилбек Худоёровнинг сўзларига кўра, илгари поликлиникаларда кўпинча 10−15 тагача дори тайинланар эди. Электрон рецептда клиник протоколлар асосида 5 тагача препарат тайинлаш мумкин. Бундан кўп миқдордаги дориларни тайинлаш шифокорлар консилиуми натижаларига кўра асосланишини талаб этади.

«Шифокор доимий рақамли назорат объектига айланмоқда. Бу шифокор мақомини оширади. Бемор даволаниш бўйича тавсияларни дорихонадан эмас, шифокордан олади», — дея таъкидлади вазир.

У шунингдек, кейинги йил учун дори воситаларини сотиб олишга йўналтириладиган бюджет маблағларига бўлган эҳтиёж аҳолининг препаратларга бўлган реал эҳтиёжини ҳисобга олувчи ягона электрон база орқали ҳисобланишини маълум қилди.

Ўтган ҳафтада вақтинчалик қарор қабул қилинди: техник носозликлар — электр энергияси ўчиши ёки тизим иши тўхтаб қолиши ҳолатларида антибиотиклар ва гормонал препаратларга рецептларни қоғоз шаклида расмийлаштиришга рухсат берилади, деб сўзлаб берди Асилбек Худоёров.

«Электр таъминоти тикланиб, тизим иши қайта йўлга қўйилгач, рецептлар албатта электрон маълумотлар базасига киритилиши шарт. Бу чора вақтинчалик характерга эга бўлиб, бир қадам орқага ташлаб, кейин икки қадам олдинга юришга қаратилган», — дея тушунтирди Худоёров.

Вазир электрон рецепт тизимининг жорий этилиши атрофида резонанс келиб чиққанини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, тушунмовчилик сабабли қатор дорихоналарда ҳатто рецептсиз бериладиган препаратлар — парацетамол ёки ибупрофен кабиларни ҳам беришни тўхтатишган.

Кекса ёшли инсонлар ва узоқ муддатли даволанишда бўлган беморлар ҳақида гапирар экан, Худоёров патронаж тизимининг самарали ишини таъкидлади. Доимий равишда дори ичиб юрадиган беморлар, жумладан, қандли диабет ва онкологик касалликларга чалинганлар учун оилавий шифокор ташрифи вақтида электрон рецепт олдиндан расмийлаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 10 декабрдан Тошкент шаҳрида ва Ўзбекистоннинг 15 та пилот ҳудудида рецепт билан бериладиган дориларни фақат электрон рецептлар орқали сотишнинг мажбурий тизими иш бошлади. 2026 йил якунига қадар ушбу тизим барча тиббиёт муассасалари ва дорихоналарни қамраб олади.

Қарорга мувофиқ, тиббиёт ходимлари бемор маълумотларини ташкилотда амал қилувчи ахборот тизимига киритадилар ва улар «Электрон тиббий карта» модулида автоматик равишда акс этади. Унда, шунингдек, уларга бириктирилган QR-код ва шифокорнинг электрон имзоси бўлган рецептлар ҳам бўлади.

Бироқ ижтимоий резонанс ва мутахассислар билан муҳокамалардан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлиги электрон рецепт тизимини босқичма-босқич жорий этиш тўғрисида буйруқ чиқарди. Ҳозирда электрон рецептлар антибиотиклар, синтетик антибактериал ва гормонал препаратлар учун мажбурий ҳисобланади.