«Айрим ташкилотларда харассмент ҳолатлари учраб турибди» — Ўзбекистон Сенати раҳбари

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева 19 декабрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари Марат Жўраевдан Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) 190-сонли конвенциясини ратификация қилиш режалари ҳақида сўради.

2019 йилда қабул қилинган ушбу конвенция меҳнат соҳасида зўравонлик ва таҳқирлашни бартараф этишга бағишланган. У ходимларнинг хавфсиз ва ҳурматга асосланган меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқларини белгилайди, давлатларга зўравонлик ва харассментни, жумладан, психологик ва жинсий зўравонликни олдини олувчи қонунчилик ва сиёсатни ишлаб чиқиш мажбуриятини юклайди ҳамда жинси, ёши ёки лавозимидан қатъи назар, барча ходимлар учун ҳимоя ва шикоят қилиш механизмларини кафолатлайди.

«Зўравонлик тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Гап фақат аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳақида кетмаяпти — у ҳар қандай инсонга қаратилган бўлиши мумкин. Меҳнат соҳасида ҳам айрим ташкилотларда харассмент ҳолатлари учраб турибди. Бугунги кунда тобора кўпроқ аёллар турли лавозимларда ишламоқда, бироқ шу билан бирга босим, зўравонлик ва бошқа йўл қўйиб бўлмайдиган ҳаракатлар фактлари бор. Шу муносабат билан савол туғилади: ХМТнинг 190-сонли конвенциясини ратификация қилиш режалаштирилганми?» — деб сўради Танзила Норбоева.

Вазирнинг биринчи ўринбосари бу масалага алоҳида қайтишни таклиф қилди.

«Жаҳон банкининг ислоҳотлар матрицаси доирасида биз 2026 йилда иш жойларида зўравонликни аниқлашнинг аниқ мезонлари ва тартиби ишлаб чиқилиши бўйича келишувга эришдик. Бу ишда Жаҳон банки кўмак беради, жумладан, тегишли экспертларни тақдим этади. Конвенцияга келсак, очиғини айтганда, биз ҳозирча уни кўриб чиқиш босқичидамиз. Ҳозир мен унинг режаларимизга киритилгани ҳақида аниқ бир гап айта олмайман», — деди Марат Жўраев.

Сенат раҳбари жавобан бу масалани иш режасига киритиш ва конвенцияни қонунчиликка жорий этиш зарурлигини таъкидлади. Унинг баҳолашича, бу катта молиявий харажатларни талаб қилмайди.

«Бу масалага жуда жиддий ёндашиш керак. Ҳалигача жамиятда тадбиркор аёл билан боғлиқ вазият фаол муҳокама қилинмоқда, ижтимоий тармоқларда резонанс уйғонди. [Бундай ҳолатлар] жамиятимиз қадриятларига мутлақо зид. Мутлақо мос келмайди. Афсуски, иш берувчилар ва юқори лавозимдаги шахслар томонидан харассмент ҳолатлари мавжуд. Шу муносабат билан бу йўналиш ҳам парламент сўровининг таркибий қисмларидан бирига айланиши керак», — дея қўшимча қилди Танзила Норбоева.