Ўзбекистон поликлиника ва шифохоналарида 12,6 минг нафар шифокор етишмаяпти — соғлиқни сақлаш вазири

Депутатлар 2025 йил 23 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёровнинг соҳадаги ривожланиш дастурлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботини эшитдилар.

2025 йил давомида хавф гуруҳига кирувчи 12 миллиондан ортиқ фуқаро режали профилактик кўрикдан ўтказилди: 7 млн киши юрак-қон томир касалликлари, 800 минг нафардан ортиғи қандли диабет, 800 минг нафардан зиёди эса сил касаллиги бўйича текширилди.

«Нима учун айнан юрак-қон томир касалликлари? Чунки юрак-қон томир касалликлари ва диабети бор шахслар аҳоли орасида энг кўп тиббий ёрдам сўраб мурожаат қиладиган, шифохонага ёткизиладиган ва кўп миқдорда дори ичадиган контингент ҳисобланади», — дея тушунтирди вазир.

Рақамлаштириш ва шифокорларга бўлган ишонч

Асилбек Худоёровнинг сўзларига кўра, тиббиётни рақамлаштириш ва бемор йўналишини яратиш туфайли оилавий шифокорларга бўлган ишонч ортди.

Поликлиникаларга мурожаатлар 30 фоизга ошди, тез ёрдам чақирувлари сони 20 фоизга, шифохонага ёткизиш ҳолатлари эса 15 фоизга камайди. Унинг сўзларига кўра, вазирликнинг асосий мақсади 2030 йилгача амбулатор ёрдам улушини 70-80 фоизга етказиш бўлиб, бунда профилактик тиббиёт ва бирламчи бўғинга асосий эътибор қаратилади.

«Хорижий мутахассислар билан биргаликда иқтисодий ва молиявий нуқтаи назардан ҳисоб-китобларни амалга оширдик. Прогнозларга кўра, агар бирламчи бўғинга киритилган сармоялар самарали натижа берса, давлат стационар ва ихтисослаштирилган ёрдам харажатларига нисбатан 7 баравар кўпроқ маблағни тежаб қолиши мумкин», — деди.

Вазирнинг сўзларига кўра, 2025 йилда тез тиббий ёрдам хизматига 13 миллиондан ортиқ чақирув келиб тушган (2024 йилда — 13,5 миллиондан ортиқ). Илк бор ихчам электромобиллар базасида махсус тез ёрдам бригадалари фаолияти ташкил этилди. 1000 та автомобиль сотиб олиш ҳисобига тез тиббий ёрдам автопарки янгиланди.

Тез ёрдам бригадалари сони 1648 тадан 2865 тага етказилиши натижасида дори-дармонларга ажратиладиган маблағлар 16 бараварга ошди, чақирув манзилига етиб бориш вақти эса 3 бараварга қисқарди.

Ҳудудларга мутахассисларни жалб қилиш

Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида поликлиникалар ишини KPI тизими бўйича баҳолаш бошланди. Устамалар ва малака оширишни ҳисобга олган ҳолда оилавий шифокорларнинг иш ҳақи 11 млн сўмга етказилди.

Вазир техник сабабларга кўра KPI тизимини жорий этиш келгуси йилнинг март ойига кўчирилганини қайд этди. Бунда оддий оилавий шифокорнинг иш ҳақи ҳозирги 11 млн сўмдан 21 млн сўмгача ошиши мумкин. Тиббиёт ҳамшираларида эса у 5 млн сўмдан 10-12 млн сўмгача кўтарилиши мумкин.

Экспертларнинг фикрича, чекка ҳудудлар ва қишлоқ жойларидаги бўш иш ўринларини тўлдириш учун биринчи ва энг самарали механизм мажбурлаш эмас, балки моддий манфаатдорликдир, деди Худоёров.

«Ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида 70 минг нафардан ортиқ бемор кўрикдан ўтди, 17 мингтадан зиёд жарроҳлик амалиёти бажарилди. 2025 йилда тиббиёт муассасалари амалиётига 242 турдаги янги диагностика ва даволаш усуллари жорий этилди. Бундан ташқари, туман даражасида 300 дан ортиқ мураккаб тиббий амалиётлар бажарилиши ва мутахассисларнинг 300 дан ортиқ туманларга чиқишларини ташкил этиш натижасида вилоят ва республика тиббиёт муассасаларига мурожаат қилишларни 55 фоизга камайтиришга эришилди», — деб маълум қилди вазир.

Бирламчи ва ихтисослаштирилган бўғин интеграцияси

Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари марказлаштирилган лаборатория хизматини яратиш вазифалардан бири бўлиб қолаётганини таъкидлади. Хитойдан келтирилган замонавий лаборатория жиҳозлари Самарқанд вилоятининг учта туманига етказиб берилди; қолган туманларга етказиб бериш 2026 йил 10 январгача режалаштирилган.

Вазирнинг сўзларига кўра, ихтисослаштирилган ёрдамнинг бирламчи бўғин билан интеграцияси қониқарсиз. Президент аввалроқ топшириқ берган: туман ва вилоят даражасидаги ҳар бир марказ маҳаллий ҳокимлар билан келишилган 2026 йил учун режани тақдим этиши керак. Режалаштириш касалланиш статистикасига асосланади, токи мутахассислар уларга энг зарур бўлган жойларга йўналтирилсин.

2026 йил 1 январдан Самарқанд вилоятидаги пилот лойиҳа барча туманларда янги бирламчи бўғин тизими, стационар, регламентлар ва рақамлаштириш билан давом эттирилади.

Кадрлар тақчиллиги

«Бизнинг асосий муаммомиз нимада? Асосий муаммо — кадрлар билан таъминлаш. Инвентаризация натижалари шуни кўрсатмоқдаки, улар етарли эмас. Яъни, дори-дармонлардан ташқари, кадрлар таркибини ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш зарур», — деб таъкидлади Худоёров.

У Пастдарғом туманида 40 нафар, Каттақўрғон туманида эса 23 нафар оилавий шифокор етишмаётганини мисол қилиб келтирди.

Профилактика ва неонатал ёрдам

2025 йилда 8,4 млн нафар туғиш ёшидаги аёллар ва 18 ёшгача бўлган 13,7 млн нафар бола профилактик кўрикдан ўтди. Ҳомиладор аёлларнинг антенатал кузатувлари олиб борилди.

«Ушбу рақамларга эътибор беринг. Барча ҳудудларда биз буни муҳокама қиляпмиз. Туғилиш деярли 1 млн кишини ташкил этмоқда. Демографик кўрсаткичларимиз юқори, лекин бунинг ортида ногиронлиги бўлган болалар ҳам бор, давлат харажатлари ҳам турибди», — деб таъкидлади вазир.

Унинг маълум қилишича, 2025 йил аёллар ўртасида тиббий кўрсатмалар бўйича контрацептив воситалар фаол қўлланилган. 756,2 минг нафар янги туғилган чақалоққа неонатал ёрдам кўрсатилди. 840 минг нафардан ортиқ бола онкогематологик скринингдан ўтди ва улардан 820 нафарида эрта босқичда онкогематологик касалликлар аниқланди.

Илк бор туғруқ муассасалари 150 млн долларга тенг миқдордаги ускуналар билан жиҳозланди: 200 та муассаса тўлиқ жиҳозларга эга бўлди. Оналар ўлими 21 дан 11 промиллегача камайди, болалар ўлими эса деярли бир ярим бараварга қисқарди.

«Бироқ, Самарқандда оналар ўлими ўтган йилга нисбатан икки баравар ошди. Бундан ташқари, Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида, шунингдек, Наманган ва Фарғонада кўрсаткичлар юқорилигича қолмоқда. Бу ерда биз жуда жадал ишлашимизга тўғри келади. Бу кўрсаткичлар республика бўйича ўртача кўрсаткичдан юқори. Чақалоқлар ўлими Қашқадарё вилоятида, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида кўпайган. Умуман республика бўйича камайиш тенденцияси кузатилмоқда, лекин айрим вилоятларда у ошган», — деб қайд этди вазир.

Мутахассислар малакасини ошириш

«Хорижда 50 млрд сўм миқдоридаги маблағ эвазига 1300 нафар тиббиёт ходими малака оширди, улар Германия, Испания, АҚШ, Хитой, Жанубий Корея, Япония ва Россияга стажировкага юборилди. Бу республика муассасаларида ишлайдиганлардан ташқари. Шу билан бирга, афсуски, кадрларга бўлган эҳтиёжимиз сақланиб қолмоқда. Кўплаб олий ўқув юртлари фаолиятига қарамай, масалан, поликлиника ва шифохоналардаги 112 мингта штат бирлигидан 12,6 мингтаси вакант бўлиб қолмоқда», — деди Худоёров.

Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, 19 минг нафар шифокор мутахассислар етишмаслиги сабабли бир ставкадан ортиқ юклама билан ишламоқда. Вакант ўринлар Қашқадарё вилоятида 1216 та, Сурхондарё вилоятида 1256 та, Тошкент вилоятида 1436 тани ташкил этади.

Бирламчи бўғинда 3000 нафар оилавий шифокор етишмаяпти. Тор доирадаги мутахассислар орасида тўртта соҳада: ревматологлар, педиатрлар, гинекологлар ва рентгенологлар бўйича тақчиллик яққол кўзга ташланмоқда.

Моддий-техника базаси бўйича 80 та муассасада 1,15 трлн сўмлик қурилиш ишлари бажарилди, шундан 70 та объект фойдаланишга топширилди. Биринчи навбатда аҳволи энг ёмон бўлган объектлар таъмирланади ва қайта қурилади.