
Сенаторлар 2025 йил 19 декабрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиратбай Шариповга талабалар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари бўйича юборилган парламент сўрови натижаларини муҳокама қилдилар.
Сенат 2025 йил 5 сентябрь куни сўров юборган бўлиб, унда 2024 йилда талабалар иштирокида 761 та жиноят содир этилгани қайд этилган эди. Уларнинг аксариятини йўл-транспорт ҳодисалари, ўғирлик, тан жароҳати етказиш, безорилик ва фирибгарлик ташкил этган. Сенат жиноятларнинг сабаби сифатида ўқув жараёнини ташкил этишдаги камчиликлар ва «айрим олий ўқув юртларидаги носоғлом муҳит»ни кўрсатган эди.
Ушбу масала юзасидан олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов маъруза қилди.
Унинг маълум қилишича, муайян муаммолар мавжудлигига қарамай, талабалар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалалари вазирликнинг доимий назоратида туради. У талабалар муҳитида жиноятларга мутлақо йўл қўймасликни асосий вазифалардан бири деб атади.
Унинг сўзларига кўра, 2024—2025 йилларда талабалар ўртасида жиноятчилик даражасининг барқарор пасайишига эришилди. Жумладан, 2025 йилнинг 11 ойи давомида талабалар томонидан 585 та жиноят содир этилган бўлиб, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 142 тага ёки 19 фоизга кам дегани. Агар 2024 йилда ҳар 1400 нафар талабага битта жиноят тўғри келган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 2000 нафарни ташкил этди.
«Талабалар томонидан содир этилган жиноятларнинг сабаб ва омиллари таҳлили шуни кўрсатдики, уларнинг 27 фоизи осон даромад топиш истаги ёки моддий муҳтожлик, 22 фоизи шахслараро низолар, 11 фоизи ҳуқуқий саводсизлик, 27 фоизи йўл ҳаракати қоидаларига беписандлик ва 13 фоизи бошқа сабаблар билан боғлиқ. Шу билан бирга, содир этилган барча жиноятларнинг 50 фоизи сиртқи таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар ҳиссасига тўғри келади», — деди вазирнинг биринчи ўринбосари.
Аниқланган камчиликлардан келиб чиқиб, 2025—2026 ўқув йилида олий ўқув юртларида профилактика чоралари кучайтирилди. Хусусан, талабалар билан якка тартибда ишлаш учун тюторлик фаолиятини ташкил этиш тартибини тартибга солувчи ҳукумат қарори қабул қилинди.
Сардор Ражабовнинг сўзларига кўра, сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда тюторларнинг талабалар билан ишлаш фаолиятини назорат қилиш ва баҳолашни таъминловчи онлайн платформа яратилди.
Талабаларнинг ижтимоий фаоллиги индекси жорий этилиб, у грант ўринларини ҳар йили қайта тақсимлаш механизмига интеграция қилинди: бунда 80 фоиз академик ўзлаштириш, 20 фоиз эса ижтимоий фаоллик ҳисобга олинади.
Жорий ўқув йилидан бошлаб «Келажак соати» рукни остида замонавий маърифий материаллар ишлаб чиқилиб, milliytarbiya.uz сайти ва ижтимоий тармоқларга жойлаштирилди. «Бугунги кунга қадар 50 та сценарий, 13 та мавзуий йўналиш ва 120 дан ортиқ контент бирлиги тайёрланди», — деб таъкидлади вазир ўринбосари.
201 та олий ўқув юртида 3300 дан ортиқ талабани қамраб олган «Қалқон» жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилди. Ички туризм доирасида 1 миллиондан ортиқ талаба иштирокида тарихий обидалар, театр ва музейларга 19,37 мингта ташриф ташкил этилди.
Олий ўқув юртларида 26 та олимпия тури бўйича 591 та спорт клуби ташкил этилиб, 201 та спорт тури бўйича 721 та спорт секцияси фаолияти йўлга қўйилди. «Спортчи — Ватан ҳимоячиси» шиори остида ўтказилган спорт ойлиги доирасида 12 та спорт тури бўйича қамров 1 миллиондан сал кўпроқ талабани ташкил этди.
Якунда Сардор Ражабов 2026 йилда профилактика ишларини кучайтириш режалаштирилганини таъкидлади. «Хавфсиз ҳудуд» лойиҳаси доирасида «Қалқон» жамоатчилик гуруҳлари фаолияти кенгайтирилади, ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректорлар ҳамда тюторлар учун самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари (KPI) жорий этилади.
Қизлар ўртасида «Тўмарис издошлари», йигитлар ўртасида эса «Амир Темур ворислари» ҳарбий-спорт мусобақалари ўтказилади.
У ОТМ ректорлари билан биргаликда талабалар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун барча зарур чоралар сафарбар этилишини таъкидлади.
Сенатор Зумрад Бекатова алоҳида кўриб чиқилиши керак бўлган қатор жиҳатларга эътибор қаратди.
«Бугунги кунда 35 та олий таълим муассасасидаги 103 та талабалар турар жойи биносида ID-камералар, 19 та олий таълим муассасасидаги 61 та талабалар турар жойи биносида эса турникетлар ўрнатилган. Бироқ, бу чоралар талабалар устидан тўлиқ назоратни таъминламайди», — деди сенатор.
Унинг сўзларига кўра, уларга нисбатан қўйиладиган талаблар айнан қайси меъёрий ҳужжатда назарда тутилганини аниқлашнинг имкони бўлмаган. У камералар ва турникетлар ўрнатилишини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, унинг фикрича, талабалар билан маънавий-маърифий ишларни кучайтириш ва ота-оналар билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш зарур.
Сенаторнинг сўзларига кўра, шунингдек, профилактика инспекторлари билан биргаликда талабалар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилиши сабабларини ва уларга имкон берувчи шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш чораларини кўриш талаб этилади.
Муҳокамалар якунида Сенат қарор қабул қилди.

