
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 2025 йил 19 декабрдаги мажлисида Уй-жой кодексининг янги таҳририни кўриб чиқди ва рад этди, деб хабар берди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуратов уй-жой муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш соҳасида уй-жойга бўлган хусусий мулк ҳуқуқини тан олиш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган қатламлари уй-жой ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган янгиликлар киритилганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, янги нормаларнинг жорий этилиши 1998 йилда қабул қилинган амалдаги Уй-жой кодексини қайта кўриб чиқиш ва уни замонавий талабларга мувофиқлаштириш заруратини кўрсатди.
«Шуни таъкидлаш жоизки, Уй-жой кодекси ва Фуқаролик кодексида кўзда тутилган ҳамда бир-бирини такрорловчи айрим нормалар бир-бирига зид келиб, бу ҳуқуқни қўллаш жараёнида турлича талқинлар ва баҳсли вазиятларга олиб келмоқда», — деди Абдулҳаким Эшмуратов.
Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида «Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодекси тўғрисида»ги қонун ишлаб чиқилди.
Қўмита раҳбарининг сўзларига кўра, қонун билан Уй-жой кодексининг янги таҳририни тасдиқлаш, унинг нормаларини фуқаролик қонунчилигидан ажратиш, турар жой кўчмас мулкига бўлган мулк ҳуқуқини амалга ошириш ва бу билан боғлиқ чекловларни тартибга солиш, турар ва нотурар жой тоифаларини ўзгартириш тартиби ва асосларини белгилаш кўзда тутилган эди. Шунингдек, ётоқхоналардан жой бериш тартиби, ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар, етимлар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун уй-жой бериш мақоми ва тартиби, «Мурувват» ва «Саховат» интернатлари мақоми белгиланиши режалаштирилган эди.
Шу билан бирга, Эшмуратовнинг маълум қилишича, ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар қонунда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар мавжудлигини кўрсатди.
Хусусан, Кодекснинг 7-моддаси биринчи қисмининг тўртинчи хатбошисида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги кўп квартирали уйларни техник эксплуатация қилиш нормалари ва қоидаларига, шунингдек, туташ ҳудудларни сақлаш талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириши белгиланган. Бироқ, ушбу нормани ишлаб чиқишда амалдаги қонунчилик ҳужжатлари қоидалари ҳисобга олинмаган.
Жумладан, «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги қонуннинг 11 ва 12-моддаларига мувофиқ, ушбу ваколатлар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмаларига берилган. Бундан ташқари, президентнинг 2023 йил 28 августдаги фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ташкил этилган.
«Шуни ҳисобга олган ҳолда, кодекснинг 7-моддасида кўрсатилган Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ваколатларини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ», — деб таъкидлади Абдулҳаким Эшмуратов.
Кодекснинг 30-моддасида мулкдорлар билан тузилган шартномалар асосида уйларни бузиш ва уларнинг ўрнига янги бинолар қуриш тартиби белгиланган. Худди шундай норма 36-моддада ҳам мавжуд бўлиб, такрорий баён қилишга йўл қўйилмаслиги керак.
Бундан ташқари, Кодекснинг 40-моддасида уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларнинг бешта тоифаси белгиланган. Бунда асос сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 февралдаги ўз кучини йўқотган низомидан фойдаланилган. 2024 йилда янги тартиб тасдиқланган бўлиб, унда қўшимча тоифадаги фуқаролар, жумладан, тегишли аҳоли пунктида камида уч йил яшаётган шахслар кўзда тутилган.
«Юқоридагилардан келиб чиқиб, қонуннинг 40-моддасида кўрсатилган уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқаролар тоифаларини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ», — деди сенатор.
Кодекснинг 73-моддасида уй-жой ижараси учун пул компенсацияси тўлашни тўхтатиб туриш асослари белгиланган бўлиб, уларнинг ифодаси тўловларни тўхтатиш деб талқин қилиниши мумкин, бу эса асоссиз бюджет харажатлари хавфини юзага келтиради.
Ўтказилган маъмурий ислоҳотларни ҳисобга олган ҳолда, «Мурувват» ва «Саховат» интернатлари мақоми ва фаолият тартибини тартибга солувчи 118-119-моддаларга ҳам тузатишлар киритиш талаб этилади.
«Ҳурматли сенаторлар, ушбу масалалардан ташқари, қонунда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган қатор бошқа нормалар ҳам мавжуд. Бу масалалар тайёрланган қарор лойиҳасида батафсил ўз аксини топган. Юқоридагиларни инобатга олиб, „Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини тасдиқлаш тўғрисида“ги қонунни рад этиш ҳақидаги қарор лойиҳасига овоз беришингизни сўрайман», — дея якунлади Абдулҳаким Эшмуратов.
Сенаторлар унинг таклифини қўллаб-қувватладилар.

