Парламент 2026 йил учун бизнесга оид солиқлар ва имтиёзларни тасдиқлади

Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталари солиқ ҳисоботлари учун жарималарни камайтириш, текшириш тартибини ўзгартириш ва бизнес учун солиқ имтиёзларини кенгайтиришни назарда тутувчи қонунни қабул қилди. Ҳужжат президентга кўриб чиқиш учун юборилди.

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров 2025 йил 3 декабрь куни Қонунчилик палатасидаги чиқишида қонун лойиҳаси 2026 йилги солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилганини маълум қилди. Ҳужжат президент билан август ойидаги мулоқотда тадбиркорлар томонидан билдирилган ташаббусларни жорий этиш ва солиқ маъмурчилигини такомиллаштиришга қаратилган.

Хусусан, қуйидагилар режалаштирилган:

  • Бир нечта солиқ тури бўйича солиқ ҳисоботини кечиктириб топширганлик учун фақат битта жарима қўллаш;
  • Ҳисоботни ўз вақтида топширмаганлик учун маъмурий жарималарни камайтириш: кичик тадбиркорлик субъектлари мансабдор шахслари учун — БҲМнинг 10 бараваридан 3 бараваригача, фуқаролар учун эса 1 бараваригача. Жорий йилнинг тўққиз ойида 111,9 мингта корхона мансабдор шахсларига нисбатан 956,4 млрд сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилган;
  • Сўнгги уч ой давомида ҳисоботларни ўз вақтида топшириб келган тадбиркорларга ҳисобот 5 кунгача кечиктирилганда жарима қўлламаслик. Тўққиз ой ичида 6000 га яқин тадбиркор ҳисоботни беш кунгача кечиктиргани учун 2,8 млрд сўм жаримага тортилган;
  • Ўзини ўзи банд қилган шахсларга товарларни ҳисоб-фактура асосида сотишга рухсат бериш;
  • Солиқ қарздорлигини солиқ тўловчининг дебиторлик қарзи ҳисобидан солиштирма далолатнома асосида ундириш механизмини жорий этиш;
  • ҚҚС тўловчиси гувоҳномасининг амал қилишини 30 кундан ортиқ муддатга фақат суд тартибида тўхтатиш.

Бундан ташқари, мол-мулк солиғи, ер солиғи, ЖШДС, ижтимоий солиқ, ҚҚС ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисоботларни автоматик шакллантириш нормаси киритилмоқда. Бу билан солиқ органлари ходимлари шуғулланади.

Шунингдек, сайёр солиқ текширувлари натижасида қўлланилган молиявий санкцияларни 6 ой давомида тенг улушларда тўлаш имкониятини бериш таклиф этилмоқда.

Қонунда миллий ва хорижий маркетплейслар орқали сотилган товарлар бўйича экспорт операцияларини тасдиқлаш, шунингдек, дастлабки таҳлилсиз битта факт бўйича такрорий камерал текширувларга чекловлар қўйиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, сайёр солиқ текшируви тугаган кун сифатида текширув далолатномаси солиқ тўловчининг шахсий кабинетига электрон шаклда юборилган кунни ҳисоблаш ва текширув материалларини солиқ тўловчининг сўровига кўра видеоконференция форматида кўриб чиқиш таклиф этилмоқда.

Назорат-касса техникаси ва терминаллардан фойдаланиш, ходимлар ва иш ҳақини ҳисоботда акс эттириш, ерлардан ҳужжатсиз фойдаланиш ҳамда фойдали қазилмаларни ноқонуний қазиб олиш масалалари бўйича сайёр текширувларни ташкил этиш ва солиқ тўловчиларни огоҳлантириш тартиби белгиланмоқда.

2026 йил 1 январдан бошлаб, айланмадан олинадиган солиқдан ҚҚС ва фойда солиғига биринчи марта ўтаётган солиқ тўловчиларга бир йил давомида молиявий жарималар қўлланилмайди. Бу ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиш тартибини бузишга тааллуқли.

Шунингдек, айланмаси 10 млрд сўмгача ва солиқ хавфи даражаси ўртача бўлган бизнесни солиқ маслаҳатчилари ва аудиторлик ташкилотлари хулосалари асосида ихтиёрий тугатиш тартибини жорий этиш режалаштирилган.

Солиқ имтиёзлари

Солиқ кодексида бизнес учун қатор қўшимча имтиёзлар ҳам кўзда тутилган:

  • 2028 йил 1 январгача — мева-сабзавот маҳсулотларини замонавий қадоқларда сотувчи субъектлар учун фойда солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича 1 фоизлик ставка қўлланади;
  • 2030 йил 1 январгача — болалар контенти яратувчилари ва миллий фильм ҳамда сериал ишлаб чиқарувчилар фойда солиғидан озод этилади, ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади;
  • 2028 йил 1 сентябргача — пахта-тўқимачилик кластерлари, тўқимачилик ва тикувчилик корхоналари учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз;
  • 2029 йил 1 январгача — иссиқхона хўжаликлари учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз.

2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январгача бўлган даврда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб келинадиган полиэтилен гранулалар акциз солиғидан озод қилинади.

2025 йил 1 майдан бошлаб «Янги Ўзбекистон» массивларида кўп квартирали уйлар қуриш учун аукцион орқали ер ижарага олган компаниялар 12 ой давомида ер солиғидан озод этилади. Агар уй белгиланган муддатда қурилмаса, солиқ икки баравар миқдорда ундирилади.

Қишлоқ хўжалиги ва доривор ўсимликларни етиштириш ҳамда қайта ишлаш бўйича янги ташкил этиладиган кооперативлар ва уларнинг ходимлари учун 2025 йил 1 апрелдан 2028 йил 1 январгача бўлган даврда ЖШДС ва ижтимоий солиқ 1 фоизлик ставкада тўланади.

Креатив парклар резидентлари учун 2031 йил 1 январгача ЖШДС ва ижтимоий солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилади.

2028 йил 1 январгача заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар учун ҚҚС базаси сотиш нархи ва қимматбаҳо металлар ҳамда тошлар қиймати ўртасидаги фарқдан келиб чиқиб белгиланади. 2026 йил 1 январдан заргарлик буюмлари бўйича ҚҚС имтиёзи бекор қилинади.

Электромобилларни қувватлантириш станциялари учун 2028 йил 1 январгача мол-мулк ва ер солиғи ставкаси 1 фоизни ташкил этади, улар фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқдан озод қилинади.

Миллий инвестиция жамғармасининг дивиденд кўринишидаги даромадлари 2030 йил 1 январгача фойда солиғидан озод этилади.

Ўз эҳтиёжлари учун гипс хомашёси ишлаб чиқарувчилар учун 2028 йил 1 январгача ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилади.

Маҳаллий саноат корхоналари учун ижтимоий солиқ базаси ходимларни ташиш ва овқатлантириш харажатлари суммасига (ҳар бир ходим учун ойига 1 БҲМ доирасида) камайтирилади.

Электрон тижорат субъектлари (маркетплейслар ва б.) учун фойда солиғи ставкаларини 10 фоиздан 15 фоизгача, айланмадан олинадиган солиқ ставкаларини эса 3 фоиздан 4 фоизгача ошириш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, нотурар объектлар учун мол-мулк солиғи базасини аниқлашда қўлланиладиган 1 кв. м учун минимал қиймат, сув солиғи ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 7 фоизга оширилади. Жисмоний ва юридик шахслар учун ер солиғи ва мол-мулк солиғининг базавий ставкалари ҳам 7 фоизга ошади.