
Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 3 ноябрь куни аҳолини гиёҳвандликдан ҳимоя қилиш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Йиғилишда қайд этилишича, йил бошидан буён Ўзбекистонда 11 мингдан ортиқ гиёҳвандлик жиноятлари аниқланган, 2500 га яқин гиёҳванд моддалар мусодара қилинган. «Гиёҳвандлик жиноятларининг янги шакл ва усуллари тобора кўпайиб, қамрови кенгайиб бормоқда», — дея таъкидланди тадбирда.
Йиғилишда соҳада кузатилаётган салбий тенденциялар кўриб чиқилди. Хусусан, психотроп ва синтетик моддаларнинг, айниқса, ёшлар орасида сақлаш ва сотиш учун қулай бўлган дори шаклидаги турлари кенг тарқалмоқда. Синтетик гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний ишлаб чиқарилиши яширин лабораторияларда йўлга қўйилган, уларни сотиш асосан интернет орқали, контактсиз усулда олиб борилмоқда ва тарқатиш манбаи трансмиллий жиноий гуруҳлар бўлиб қолмоқда.
«Шу боис, бундай таҳдидларнинг олдини олиш, уларга қарши кескин курашиш ва бу иллатни бутунлай йўқ қилишга қаратилган нормаларни миллий қонунчилигимизга киритиш вақти келди», — дея таъкидлади Президент.
Масъул шахслар гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасини тугатиш бўйича таклифларни ва аҳоли саломатлигини бу таҳдиддан ҳимоя қилишни таъминлаш механизмларини тақдим этдилар.
Йиғилишда ўқувчи ва талабалар орасида гиёҳванд моддалар тарқалишига чек қўйиш ҳамда ёшларда гиёҳвандликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш барча орган ва ташкилотларнинг устувор вазифасига айланиши кераклиги айтилди.
Президент, авваламбор, ёшлар орасида гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасини илдизи билан йўқ қилиш, бунинг учун янада қатъий жиноий-ҳуқуқий механизмларни қўллаш, ёшларга нисбатан содир этилаётган гиёҳвандлик жиноятлари учун жавобгарликни кучайтириш, интернет орқали сотувчилар, уюшган гуруҳлар ва гиёҳванд лабораториялари, шунингдек, уларга ҳомийлик қилаётган мансабдор шахсларнинг ҳаракатларини аниқлаш ва тўхтатиш бўйича кенг кўламли тезкор-қидирув ва тергов ишларини ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.
Гиёҳвандликка қарам бўлган вояга етмаганлар ва ёшларни ташхислаш, даволаш ва реабилитация қилиш тизими ҳам тубдан такомиллаштирилади.
Тақдимот якунида Президент 2025–2026 йилларга мўлжалланган, гиёҳвандлик жиноятларининг олдини олиш ва уларга қарши курашиш бўйича 100 дан ортиқ тезкор-профилактик, ташкилий-тарбиявий ва ахборот-тарғибот тадбирларини ўз ичига олган Комплекс амалий ҳаракатлар Миллий дастури лойиҳасини маъқуллади.

