
Германия терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Йоахим Лёв Ўзбекистон миллий жамоасини бошқариш таклифидан воз кечди, дея хабар бермоқда Германиянинг Bild нашри.
Нашр маълумотларига кўра, ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатига чиққан Ўзбекистон 65 ёшли мутахассисни АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган 2026 йилги турнирда жамоа билан ишлашга таклиф қилишни режалаштирган.
Сўров Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ФИФА рейтингида 55-ўрин) томонидан юборилган, шунингдек, жараёнга Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонаси ҳам жалб этилган.
Bild ёзишича, Лёв бир неча кун давомида таклифни қабул қилиш имкониятини жиддий кўриб чиққан, аммо федерация вакиллари билан учрашув бўлиб ўтмаган. Натижада у хушмуомалалик билан рад жавобини берган.
2025 йил июль ойи ўрталарида Sport24 нашри Лёв ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан алоқада бўлгани ва терма жамоага маслаҳатчи сифатида таклиф қилиниши мумкинлиги ҳақида хабар берганди.
Шу билан бирга, ЎФА ичида ягона позиция бўлмагани қайд этилганди. Ассоциация раҳбариятининг бир қисми Лёвни бош мураббий сифатида таклиф қилишни ёқлаб, жаҳон чемпионатида терма жамоага номдор мутахассис керак, деб ҳисоблаган. Бошқа бир қисми эса, жамоани ўз тарихида биринчи марта жаҳон чемпионатига олиб чиққан Тимур Кападзени сақлаб қолишни талаб қилган, дея ёзган нашр.
Sport24 нашри маълумотига кўра, Кападзенинг ўзи ёрдамчи сифатида ишлаш ниятида эмас ва агар Лёв бош мураббий этиб тайинланса, лавозимини тарк этиши мумкин.
2006 йилдан 2021 йилгача Германия терма жамоасини бошқарган ва уни 2014 йилги жаҳон чемпионатида ғалабага олиб келган Лёв аввалроқ миллий жамоа билан ишлашга қайтишни истисно қилмаслигини айтганди. Унинг сўзларига кўра, бир нечта таклифлари бор ва мураббийлик фаолиятини якунламоқчи эмас.